Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистоннинг айрим вилоятларида қудуқ қазишга тақиқ ўрнатилиши мумкин

Ўзбекистоннинг айрим вилоятларида қудуқ қазишга тақиқ ўрнатилиши мумкин

Навоий, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларининг айрим ҳудудларида ер ости чучук сувларига қудуқ бурғилаш ва сувдан махсус фойдаланишга рухсатнома бериш бўйича мораторий жорий этилиши мумкин.

Бу борада Президентнинг тегишли қарори лойиҳасида белгилаб қўйилмоқда.

Қарор лойиҳаси матнида бугунги кунда айрим ҳудудлардаги ер ости сувлари  сатҳининг кўп йиллик ўртача меъёрдан 5 метр ва ундан ортиқ пасайиб, улар ресурсларининг камайиб кетиши кузатилаётгани, шунингдек, соҳага оид рухсат берувчи тартиб-тамойиллар кескин соддалаштирилган ва шаффофлаштирилган бўлишига қарамасдан, ер ости сувларига қудуқларнинг рухсатсиз бурғиланиши ва сувдан назоратсиз, ҳисобсиз фойдаланиш ҳолатлари ҳамон давом этаётгани таъкидланади.

Маълум қилинишича, сўнгги йилларда Давлат геология қўмитасининг ҳудудий гидрогеология станциялари томонидан 1 200 дан ортиқ ер ости сувларига рухсатсиз бурғилаш ва улардан фойдаланиш ҳолатлари аниқланган.

Шу боис мазкур ҳужжат лойиҳаси билан юқорида келтириб ўтилган 7та вилоятнинг айрим ҳудудларида (ҳудудлар жойлашуви ушбу ҳаволада, -таҳр.) 2022 йил 1 августдан бошлаб ер ости чучук сувларига қудуқ бурғилаш ва сувдан махсус фойдаланишга рухсатнома беришга мораторий жорий этиш назарда тутилмоқда.

Бунда:

– сув сатҳи 5 метрдан ортиқ пасайиб кетган ҳудудларда ерларни суғориш ва ишлаб чиқариш мақсадларда ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш ҳамда мавжуд қудуқлардан сув тежовчи технологияларсиз ерларни суғориш тақиқланади (тасдиқланган давлат дастурлари доирасидаги бурғилаш ишлари бундан мустасно);

– сув сатҳи 5 метргача пасайган ҳудудларда ер ости сувларига қудуқлар бурғилаш ва сувдан махсус фойдаланиш сув тежовчи технологияларни жорий этишни инобатга олган ҳолда:

ерларни суғориш мақсадлари учун –Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг;

ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун – ҳудудий ривожлантириш дастурлари ва сувдан оқилона фойдаланиш шартлари билан вилоятлар ҳокимлари хулосалари асосида амалга оширилади;

– ушбу ҳудудларда ичимликдан ташқари мақсадларда сув ҳисоблаш воситаларисиз ер ости сувларидан олинганда солиқ тўлови белгиланган солиқ ставкасининг 5 баравари миқдорида ундирилади.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг