Ўзбекистонда газ ва «свет»нинг таннархи қанча бўлаётгани айтилди
Энергетика вазирлиги тизимда нархларнинг шаклланишида бозор механизмлари ишламаётгани сабаб давлат энергетика соҳасини субсидиялашга мажбур бўлаяпти, дея таъкидламоқда.
Вазирликка кўра, 1 киловатт-соат электр энергиясининг таннархи ҳозирда 970 сўмга тўғри келяпти. Бу бир ойда ўртача 200 киловатт-соат электр энергияси истеъмол қиладиган истеъмолчига давлат 135 минг сўмдан субсидия беряпти, деганидир. Мамлакатдаги жами истеъмолчилар сони эса 7,4 миллион хонадонни ташкил этади.
Худди шундай, 1 куб метр газ таннархи 1 890 сўм бўлса, иситиш мавсумида 750 куб метр газ ёқадиган битта оила ўртача 1 миллион 132 минг сўм субсидия олади. Айни пайтда мамлакатдаги газ истеъмолчиларининг жами сони эса 4,1 миллион хонадонни ташкил қилади.
Шу тариқа айни пайтда аҳолига электр энергияси ва табиий газ истеъмоли учун ўртача 14 триллион сўмдан ортиқ субсидиялар ажратилмоқда.
Бу бир йилда ўртача 1,15 миллиард АҚШ доллари аҳолининг энергетик эҳтиёжини субсидиялаш учун сарфланяпти, деганидир.
«Соҳанинг зарар билан ишлаётгани ҳисобига уни давлат бюджетидан субсидиялаш камомадга олиб келмоқда. Бу эса ижтимоий соҳага кўпроқ маблағ йўналтиришга имкон бермаяпти.
Бунинг натижасида эса аслида тизимни янгилашга йўналтириш мумкин бўлган маблағлар фақатгина пайдо бўлган ушбу тафовутни қоплашга сарфланмоқда.
Нархларни тўлиқ субсидиялаш ўрнига соҳага бозор тамойилларини жорий этиш, истеъмол қилинган энергия учун бозор талабларидан келиб чиқиб ҳақ тўланиши муҳим», – дейилади вазирлик тушунтиришида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ тизимда истеъмолчиларга маълум чекловлар асосида бозор механизмлари асосида электр энергияси ва табиий газ учун тарифлар ишлаб чиқилиши ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter