Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш 2026 йилнинг июлидан бошланиши мумкин
Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш 2026 йилнинг 15 июлидан 21 августига қадар ўтказилиши мумкин.
Бу борада эълон қилинган Президент фармони лойиҳасига кўра, аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича республика ҳамда ҳудудий комиссиялар таркиби тасдиқланади ҳамда уларнинг асосий вазифалари белгилаб берилади.
Шунингдек, Статистика агентлиги аҳолини рўйхатга олишни планшет қурилмалари ёрдамида ўтказиш учун 2024–2026 йилларда зарур техник ва дастурий воситаларни Жаҳон банкининг имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан белгиланган тартибда харид қилиш ишларини ташкил этади. Шу билан бирга, аҳолини рўйхатга олишда “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонун ҳамда шу соҳага оид бошқа қонунчилик ҳужжатларига қатъий риоя этилишини ва респондентлардан олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.
Ушбу тадбир сабаб республика бўйлаб маъмурий-ҳудудий бирликларнинг чегараларини ўзгартириш, топономик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш ишларини вақтинча тўхтатиб туриш тавсия этилади.
Аҳолини рўйхатга олиш натижасида мамлакат аҳолисининг аниқ сони, ёш таркиби (ёшлар, ўрта ёшлилар, юз ёшдан ошганлар сони ва ҳ.к.), жинси (аёл ва эркакларнинг миллати, ёши, маълумоти, турмуш даражаси, бандлиги ва ҳ.к.), никоҳ ҳолати (расмий ва норасмий никоҳда бўлганлар, бева, тул ва ажрашганлар сони), миграция ҳолати (мамлакат ичида ва мамлакт ташқарисига кўчиб юришлар ва сабаблари) тўғрисида республика, вилоятлар, туман ва шаҳарлар кесимидаги батафсил маълумотлар шакллантирилади.
Шунингдек:
-
аҳолининг миграция кўрсаткичлари, бунда аҳолининг ички ва ташқи миграция кўрсаткичлари шакллантирилиб, аҳолининг қайси давлатларга кўпроқ кўчиб бориши ёки кўчиб келиши, мамлакат ичидаги кўчиб келиш ва кўчиб кетишлар сони, кўчиб бориш ёки кўчиб келиш сабаблари тўғрисидаги маълумотлар республика, вилоятлар, туман ва шаҳарлар кесимида тайёрланади;
-
аҳолининг миллий таркибига тааллуқли кўрсаткичлар, бунда аҳолининг фуқаролиги (Ўзбекистон Республикаси фуқароси, бошқа давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс), миллати, она тили ва бошқа қайси тилларда суҳбатлаша олиши каби кўрсаткичлар республика ва ҳудудлар кесимида шакллантирилади;
-
аҳолининг таълим даражаси кўрсаткичлари, бунда аҳолининг таълим даражаси, яъни аҳолимизнинг неча фоизи ўқишни ёки ёзишни билиши, 3-6 ёш оралиғидаги болаларнинг мактабгача таълим муассасаларига бориши, бошланғич, умумий ўрта, ўрта махсус ва олий таълим (бакалавр ёки магистр) даражасига эгалиги ёки таълимга эга эмаслиги, илмий даражасининг (PhD, фан номзоди, фан доктори, DS) мавжудлиги, ҳозирги вақтда таълим олиши каби маълумотлар шакллантирилади;
-
аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ҳолатига тегишли кўрсаткичлар, бунда аҳолининг яшаш учун даромад манбаи (иш ҳақи, тадбиркорлик даромади, пенсия, тушум, стипендия, мулкдан олинган даромадлар ва бошқалар), бир ойлик даромад миқдори, уй хўжалиги тасарруфида узоқ муддатли фойдаланиладиган мулк ва буюмларнинг (автомобиль, музлатгич, телевизор, чангютгич, кир ювиш машинаси ва ҳ.к.) мавжудлиги каби маълумотлар шакллантирилади;
-
аҳоли бандлиги кўрсаткичлари, бунда аҳолининг асосий меҳнат фаолияти, ким бўлиб ишлаши, иш жойининг жойлашган жойи, меҳнат ресурсларининг бандлиги ва ишсизлик даражаси, давлат ёки хусусий сектор корхоналарида банд бўлган аҳоли сони тўғрисидаги тўлиқ маълумотлар республика ва ҳудудлар кесимида шакллантирилади;
-
оналар ва болалар саломатлиги кўрсаткичлари, бунда кўп болали аёллар, туғиш ёшидаги аёллар ва эрта никоҳ қурган аёллар тўғрисидаги маълумотлар шаҳар ва қишлоқ, ҳудудлар кесимида шакллантирилади;
-
уй-жой хусусиятларига тегишли кўрсаткичлар, бунда уй жойларнинг қанчаси давлат мулки, қанчаси шахсий мулкка тегишли эканлиги, аҳолимизнинг неча фоизи ижарада яшаётганлиги, аҳолимизнинг қанчаси ҳовлида, кўп қаватли уй-жойларда, дала ҳовлида ёки ётоқхоналарда яшаётганлиги ҳақида республика ва ҳудудлар кесимида маълумотлар шакллантирилади;
-
аҳоли пунктлари ва шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш, меҳнат ресурсларидан фойдаланиш ва уларни жойлаштириш бўйича келгуси 10-30 йиллик ривожланишнинг прогноз кўрсаткичларини ҳисоблаш ва жамиятнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига ёрдам кўрсатиш бўйича сиёсий ва бошқарув қарорларини қабул қилиш учун ишончли пойдевор яратилади.
Қолаверса, аҳолини рўйхатга олиш натижалари миллий барқарор ривожланиш мақсадлари индикаторларини шакллантиришда, халқаро рейтинглар ва индексларни, жумладан, Статистика салоҳияти индекси (Statistical Capacity Indicators), Инсон баркамоллиги индекси (Нuman development index), Иқтисодий эркинлик индекси (Index of economic freedom) ва бошқа шу каби индексларни ҳисоблашда муҳим ахборот манбаи бўлиб хизмат қилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter