Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш яна кечиктирилди
Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш ишлари учинчи марта ҳам кечиктириляпти.
Статистика агентлиги берган тушунтиришга кўра, бу тадбирни ташкиллаштиришга ажратилган молиявий ажратмалар ҳамда аҳолини рўйхатга олиш ишларини планшетлар ёрдамида электрон амалга ошириш ҳақидаги қарор билан боғлиқ.
Агентлик 2021 йил 1-25 ноябр кунлари Андижон, Тошкент ва Хоразм вилоятларининг танланма ҳудудлари ҳамда Тошкент шаҳри туманларидан бирида синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш тадбири уч хил усулда – интернет тармоғи орқали, планшет ва қоғоз усулларида рўйхатга олиш жараёнлари синовдан ўтказилганини ва бунда планшет усули қулай ва иқтисодий жиҳатдан самарали экани сабаб шу усул танланаётганини билдиради.
«Шу билан бирга, ушбу тадбирни ўтказиш билан боғлиқ молиявий харажатлар ўрганиб чиқилаётганлигини инобатга олиб, якуний қарор қабул қилингандан сўнг Агентлик томонидан қўшимча ахборот берилишини маълум қиламиз», – дейилади Агентлик хабарида.
Эслатиб ўтамиз, дастлаб 2017 йилдаги хабарларда Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш 2020 йилга режалаштирилаётгани айтилган эди.
2019 йил 5 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепсиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Президент Фармони билан эса бу тадбирлар 2022 йилга қолдирилган.
Бироқ 2020 йилда бошланган коронавирус пандемияси сабабли ушбу тадбирнинг ўтказилиши 2023 йилнинг 1-25 ноябрь кунларига қолдирилган эди.
Маълумот учун, Ўзбекистон ҳудудида дастлабки аҳоли рўйхати 1897 йилда Туркистон генерал-губернаторлиги томонидан ўтказилган. Бу борадаги маълумотлар ХIХ аср охирида Ўзбекистонда мавжуд оилалар (ва аҳоли) сони, ёши ва жинси, этник таркиби, туғилиш, ўлим каби демографик жараёнлар ҳақида тассаввур ҳосил қилишга ёрдам берган. Ўзбекистон ҳудудида кейинчалик 1926, 1939, 1959, 1970, 1979 ва 1989 йилларда аҳолини рўйхатга олиш ишлари ташкил этилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter