Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон ва Туркий давлатлар ташкилоти мамлакатлари савдо ҳажми 3 баробарга ошди

Ўзбекистон ва Туркий давлатлар ташкилоти мамлакатлари савдо ҳажми 3 баробарга ошди

Туркий давлатлар ташкилоти фаолиятига назар ташланадиган бўлса, учта катта ўзгаришни беэътибор қолдириб бўлмайди. Жумладан, 1992 йили Туркий тилли мамлакатлар саммити чақирилган ва бу Туркий тилли мамлакатлар ўртасидаги интеграция учун биринчи қадам эди. 1992 йилдан 2009 йилгача эса тўққизта саммит ўтказилди, сўнгги саммит натижасида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашини (Туркий кенгаш) тузиш тўғрисида Нахичеван битими имзоланди. 2021 йили эса Кенгаш Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) деб ўзгартирилди. Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган бу йилги саммит ТДТнинг биринчи саммити бўлиб, ушбу тадбирга қизиқиш ҳар доимгидан кўра юқорироқдир.

Бугун ТДТ бешта мамлакатни – Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Ўзбекистонни бирлаштиради. Яна икки мамлакат – Туркманистон ва Венгрия кузатувчи мақомига эга. Ушбу мамлакатларда тахминан 160 миллионга яқин аҳоли яшайди, бу дунё аҳолисининг 2 фоиздан кўпроғини ташкил қилади. Ушбу мамлакатлар ҳиссасига сотиб олиш қобилияти паритети билан ҳисобланган дунё ЯИМнинг 3 фоиздан ортиғи тўғри келади.

ТДТнинг ўзига хослиги ушбу ташкилотнинг ҳамкорлик учун кўп қиррали йўналишлари мавжудлигида ифодаланади. Хусусан, Нахичеван битимининг 2-моддасига биноан тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлаш масалалари, шунингдек, сиёсий, савдо-иқтисодий, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, маданий, илмий-техник, ҳарбий-техник, таълим, энергетика, транспорт, кредит соҳаларида самарали минтақавий ва икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ташкилотнинг муҳим мақсад ва вазифалари орасидан ўрин олган. Ўз навбатида, ТДТ доирасидаги ҳамкорлик савдо ва инвестиция учун қулай шарт-шароитлар яратиш, божхона ва транзит тартибини янада соддалаштириш, шунингдек, фан ва техника, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, ёшлар, спорт ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, туркий халқларнинг буюк маданий ва тарихий меросини оммалаштиришга қаратилган.

Ушбу мақсадларга эришиш учун ТДТ қошида 6 та тузилма – Халқаро туркий маданият ташкилоти, Туркий давлатлар парламент ассамблеяси, Халқаро туркий академия, Туркий маданият ва мерос фонди, Туркий савдо-саноат палатаси, ТДТнинг Венгриядаги ваколатхонаси фаолият кўрсатмоқда. Бундай ташкилий тузилма ТДТ олдига қўйилган вазифаларни самарали амалга оширишга қаратилган.

ТДТ доирасидаги ҳамкорликнинг иқтисодий самарасини Ўзбекистон мисолида кўриш мумкин. 2021 йили Ўзбекистон ТДТ давлатлари билан 9,3 миллиард АҚШ доллари миқдорида савдо операцияларини амалга оширди. Уларнинг Ўзбекистон ташқи савдосидаги улуши 22 фоиздан зиёдни ташкил этди. Умуман олганда, 2016 йилга нисбатан 2021 йили Ўзбекистон ва ТДТ мамлакатлари ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми қарийб 3 баробар ошди.

ТДТга аъзо мамлакатлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон иқтисодиётига 2,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритдилар (бу тегишли даврдаги хорижий инвестициялар умумий ҳажмининг 10  фоизини ташкил этади). Улардан бир миллиард АҚШ доллардан ортиқ ёки 41  фоиз маблағ 2021 йили инвестиция қилинган. 2017 йилдан бошлаб ТДТ мамлакатларидан Ўзбекистонга инвестицияларнинг ўсиши 30 фоизга тенг.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, ТДТ туркий тилли мамлакатларни бирлаштирган, кўплаб соҳаларда ривожланиш истиқболларига эга бўлган истиқболли минтақавий ташкилотдир. Шунинг учун ушбу ташкилотнинг барча аъзолари, шу жумладан, Ўзбекистон учун ТДТ доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳар томонлама ривожланиш ва барқарорликни таъминлашга, иқтисодий ўсишни оширишга ва мамлакатлар тараққиётини рағбатлантиришга хизмат қилиши мумкин.

Абдулазиз РАСУЛЕВ,

юридик фанлар доктори, профессор,

Шоҳжаҳон ХЎЖАЕВ,

юридик фанлар бўйича фалсафа доктори

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг