Ўнта туман ва шаҳар ҳокимларига интизомий чора кўрилади
Бугунги йиғилишда Президент Мирзиёев экспорт соҳасидаги ишлар аҳволини таҳлил қилди. Комплекс раҳбарияти ва ҳокимларнинг 2024 йил учун экспорт режаси етарли эмаслиги қайд этилди.
«Иқтисодиётимизни янги босқичга олиб чиқиш учун, экспортни йилига камида 30 фоизга ошириб боришимиз зарур. Лекин, ўтган йили 2 та драйвер тармоқ ва 4 та ҳудудда 2022 йилга нисбатан экспорт ҳажмлари камайди. Шунингдек, 10 та туман ва шаҳарда экспорт олдинги йил кўрсаткичини ярмига ҳам етмади», – деди Президент.
Шу муносабат билан Бош вазирга Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий вилоятлари ҳокимининг инвестиция бўйича ўринбосарлари ҳамда 10 та туман ва шаҳар ҳокимига нисбатан интизомий чора кўриш топширилди.
Қайд этилишича, мева-сабзавот экспорти учун хорижий давлатларнинг фитосанитар рухсатлари олинганига қарамасдан, улардан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Масалан, Японияга 58 турдаги мева-сабзавотга фитосанитар рухсат олингани билан, 52 тури бўйича, Ҳиндистонга 38 тадан 32 таси, Покистонга 22 тадан 18 таси, АҚШга 15 тадан 11 таси бўйича экспорт бўлмади.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ва ҳокимларнинг инвестиция бўйича ўринбосарлари ўртасида маҳсулотлар экспортини ташкил қилиш бўйича ҳамкорлик йўқлиги танқид қилинди.
«Эндиликда агентлик нафақат фитосанитар рухсат олиш, балки қишлоқ хўжалиги экспортини ташкиллаштириш учун ҳам масъул бўлади. Бунинг учун карантин тизими, иш услуби ва ёндашувлари тўлиқ ўзгаради», – деди давлат раҳбари.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter