Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Онам юзидаги чизиқлар (бадиҳа)

Онам юзидаги чизиқлар (бадиҳа)

Иллустратив сурат

Саксонинчи йиллар охири...

Айни чошгоҳда қуёш чордоғимиз тепасига келади-да, катта-катта шохларида ҳосили ғуж-ғуж ўйнаган тошканди гилосимизнинг қоқ учидан туриб, бутун ҳовлимизни қиздира бошлайди. Пешайвонга ёнбош сўрида онам қуёш нури қамаштирган юзларини нари-бери олиб қочиб, катта тоғорада хамир қорийди. Манглайидан ҳар замонда тер оқади. Энгашиб пешона терини енгига артмоқчи бўлади-ю, икки қўли хамир, бу ишнинг уддасидан чиқолмайди. Ўчоқбошида тутун кўкка ўрлайди. Нон пишгунча ёғни доғлаб, онам бизга ис нони пишириб беради. Олти бошмиз. Воҳанинг семиз бир тандир нони бир ҳафтага ё етар, ё етмас. Бўйи чўзилиб, яғрини тўлишиб қолган акаларим тушгача қаноат қилолмайди. Онам ис нонини тезлатади. Унинг биқинига тиқиламан. Хархашам бошланади. Эртага мактаб, бошмоғим эски... Онам косовни четга олиб, юзини буради. Тандир қизигунча бир муддат қорайиб кетган бўғотнинг тирқишидан узоқларга тикилиб қолади. Бу ҳолат, чамаси, икки дақиқалар давом этади. Ўшанда онамнинг чиройли кулча юзига бир чизиқ тушади.

Отамдан мадад кутиб, атрофга аланглайман. Тарвақайлаб кетган узум шохларини шартта-шартта қайчилаб, ток барглари орасидан отам менга кўз қирини ташлайди. Онам билан суҳбатимизни эшитган шекилли, унга илтижоли тикиламан. У менга қовоқ уйиб қарайди...

Билсам, менинг ташвишимдан муҳимроқлари ҳам кўп экан. Опамни ўқишга жўнатиш керак. Студентнинг қўлига пул тутқазмай юбориб бўладими? Ҳеч бўлмаса стипендия олгунича бир-иккки сўм бўлиши керак. Шаҳарда яшаш осон эмас. Дадам ишкомдан тушиши биланоқ, онам шуларни айтиб, икковлари бир пас ғижиллашиб олишади. Отам уринган костюмини елкасига илади-да, қадди бир оз букилиб, дарвоза томон юради...

Опам жомадонини ҳозирлаб, йўл тадоригини кўради. Онам қайноқ нонларни апил-тапил кўтариб келиб, опамнинг сумкасига жойлайди. Автобусга кеч қолмаслик керак. Опам шошиб, жомадонини кўтариб жўнайди. Онам тандир бошида кийиладиган эски кийимларда бўлгани учун опамни кузатишга мени қўшади. Ниманидир унутгандай орқасига қарай-қарай кетаётган опамга онам: «Йўлда дадангни учратарсан», дея юпанч беради. Бекатга яқинлашаётганимизда узоқдан тез-тез юриб келаётган отамнинг қораси кўринади. Тирбанд автобус юра бошлайди. Дадам югуриб келиб, опамнинг қўлига пул тутқазади. Отамнинг чанг тўзғиган йўлларга тикилиб, мунғайган кўзлари атрофида янги чизиқлар пайдо бўлади.

Акаларим олдинма-кетин аллослаб уйга чопиб киради. Ортидан қўшни хотиннинг шанғиллагани эшитилади. Дарвозани тарақлатиб очиб, қўшни аёл жавраганча уйимизга кириб келади. Онам у билан муроса қилишга кўп уринади. Аммо аёлнинг чакаги тинмайди. Ўғилларининг қилмишини, бор айбу гуноҳини елкасига илган онам қўшнимизни бир амаллаб тинчитиб, уйига кузатади. Акаларимга ўгирилиб, «ҳаҳ жувонмарг, кунда жанжал бошлаб келасанлар», дея уларни қарғаб кетади. Тинкаси қуриб сўрига чўккалайди. «Қўшни бир дунё бўлмағур гап қилиб кетди. Боланг ҳақида шунча ёмон гап эшитсангу, бўнингни эгиб туришга мажбур бўлсанг. Уҳ!..» Шундай деб онам менга ўгирилади. Яна «эҳ, сен ниманиям тушунардинг», дегандек юзини бошқа томонга буради. Ўшанда онамнинг буғдойранг, аммо тандирга кирганидан бир оз қизаринқираган юзига навбатдаги чизиқлар тортилган бўлса эҳтимол.

Мен кичкина синфман. Муаммойим ҳам кичкина. Пойабзалимнинг эскилиги бир ёқда қолиб кетди. Лицейда ўқийдиган ўртанча акамга оқ кўйлак керак. Оқ кўйлаксиз дарсга қўйишмайди. Масала ўртага ташланди, ўйлаб кўрилди. Чора йўқ. Акам бу алфозда ўқишга бормайман, деб тўполон кўтарди. Машмаша бўлди. Аммо имкони топилмади. Тонгда онам қовоғи энгагигача осилган акамга Тошкентда ўқийдиган акамнинг оқ «вадаласка»сини кийдириб, силаб-сийпаб, у деб бу деб ўқишга жўнатди. Акам куннинг иссиғида вадалазка кийиб боргани учун уйдагиларга аламзадалик билан қаради. Ўқишдан келиб, папкасини отди-ю, хонасига қамалиб олди. Ота-онамнинг юзларига яна чизиқлар тортилди.

Ўртанча акам ҳам ўқишга кирди. Бироқ ўқиш татимади. У яхши кўрган қизни турмушга беришди. Онам рўмол кўтариб, қизнинг эшигига боролмади. Иложини қилолмади. Акамнинг кўнглида аламзадалик қолиб кетди. Бизни кечирмади. Йиллар ўтди, акам ҳеч уйланмади. Онамнинг чеҳрасига айбдорлик чизиқлари соя солди. Бориб-бориб чизиқлар қалашиб кетди.

Бугун

Йиллар бир-бирин қувлаб ўтиб кетаверди. Фалончи ўқитувчининг ҳамма болалари ўқиди, олий маълумотли бўлди, дейишди одамлар. Аста-секин улар топармон ҳам бўлишди, деди улар яна. Эсизгина, фақат шуларни ўзи кўролмади-да, деб гап қилишди.

Акаларим катта-катта ишларнинг бошини тутишди. Болалигимиздаги пастқам ҳовлимиз бутунлай ўзгариб кетди. Занг дарвозамиз ўрнини муҳташам ва кўркам дарвоза эгаллади. Қўшнининг чордоғи кўриниб турадиган, нураган деворларимиз кўтарилиб, кўкка бўй чўзди. Ҳеч нимадан камчилик йўқ. Ҳаммаси ўз ўрнида. Баъзан ўғиллари кўча ғавғосидан, иш-юмушлардан ҳориб-толиб қайтади. Шунда онамга тўнглик билан гап қайтаришлари мумкин. Онамнинг шу оддий икир-чикирларни ҳам кўнглига олиб ўтиргани ғалати. Юзидаги чизиқлар кун сайин кўпайиб боради.

Шаҳарда яшайман. Онамни кўрмаганимга олти ой бўлди. Телефонда суҳбатлашдим. Онам: «Ая, келинг, соғиндим, сизни. Уйимда меҳмон бўлинг», дейишимни кутди. Мен: «Ая, келинг, болам касал, ишдан қололмаяпман, уч-тўрт кун боламга қаранг», дедим. Онам боламнинг касаллигини эшитиб, куйиб-пишди. Бир тугун нарса-қара қилиб уйимга етиб келди. Мен апил-тапил онам билан сўрашиб, боламни топширдим-да, ишга чопдим.

Кечқурун уйга қайтганимда она-бола узоқ гурунглашдик. Шунда қарадим. Эвоҳ, буни кўрмаслик учун кўр бўлиш керак. Наҳот шунча пайт кўрмадим? Онамнинг икки ёноғига чизиқлар устма-уст, аёвсиз чизилибди. Моҳир тақдир муштипар онамнинг юз-кўзини бўяб ташлабди.

Мадҳия Авазова,
журналист

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг