Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Олмалиқда "Ёшлик 1" конини ўзлаштириш доирасида янги темир йўл ишга тушди

Олмалиқда

Бугун 9 сентябрь куни Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан амалга оширилаётган, мегалойиҳа дея, эътироф этилаётган «Ёшлик – 1» конини ўзлаштириш инвестиция лойиҳаси доирасида «Развязка-Ёшлик» станцияларини боғловчи икки изли темир йўл қурилиши якунланди, Xabar.uz «Ёшлик – 1» станцияси очилишида иштирок этди.

Мазкур иншоот топширилиши натижасида Қалмоққир конида кон ишлари ҳажмини туширмаган ҳолда «Ёшлик – 1» конининг марказий қисмида  кон-капитал ишларини ривожлантириш бўйича фронт очилади ва кон горизонтларини кенгайтириш имкони яратилади.

Олмалиқ кон-металлургия комбинати саноат темир йўл транспорти бошқармаси бошлиғи Қурбонов Бунёд Тўлқинович «Ёшлик – I» станцияси ҳақида қисқача маълумот бериб ўтди.

«Юртбошимизнинг 4731-қарорлари асосида «Ёшлик» станциясининг қурилиш ишлари жорий йилнинг январь ойида бошланган эди. Жадвал бўйича бу темир йўлни декабрь ойида қуриб битказишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган эдик. Лекин мутахассисларимизнинг саъй-ҳаракати туфайли бу темир йўлни муддатидан аввал ишга туширдик. Бу темир йўлни қуриш жараёнида 400 га яқин ишчи қатнашди. Бу станциямизда янги бир тизим ўрнатилди. Бу станция бизга вақтдан ютиш имкониятини беради. Бундан ташқари юк ташиш имкониятини 35-40 фоизга оширади. Бу темир йўл Олмалиқ кон-металлургия комбинати ишчи ходимлари томонидан қуриб битказилди»,

Лойиҳага мувофиқ 7,4 километр электрлаштирилган темир йўллар, 9 комплект стрелкали ўтказгичлар қурилди. Янги марказлаштирилган микропроцессор ва поезд ғилдираклари ўқларини электрон ҳисоблаш тизими (МПС I ЭССО) ускуналари ўрнатилди. Объект қурилишига жами 51,2 млрд. сўмлик маблағ сарфланди.

Ушбу объектнинг яна бир муҳим жиҳати, Қалмоққир конининг устки қатлам жинсларини  ташланмалар захира конига ташиш масофаси - 2,9 кмга қисқаради.

Бундан ташқари, қўшимча равишда йилига 1 млн 200 минг метр куб (Қалмоққир конидан 500 минг метр куб. «Ёшлик – 1» конидан 700 минг метр куб) устки қатлам жинсини ташишга имкон яратади.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 мартдаги  ПҚ–2807-сонли ҳамда «Олмалиқ КМК» АЖ конлари негизида рангли ва қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида 2020 йил 26 майдаги ПҚ–4731-сон қарорларига мувофиқ мазкур лойиҳани амалга ошириш натижасида:

I-босқич – 2021-2025 йилларда 290 минг тонна мис катоди, 38 тонна олтин ва 203 тонна кумуш;

II-босқич – 2024-2028 йилларда 400 минг тонна мис катоди, 50 тонна олтин ва 270 тонна кумуш металлари ишлаб чиқаришга эришилади.

Энг муҳими 6 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг