Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ногиронликни белгилашдаги  ВКК тизимидан воз кечилади

Ногиронликни белгилашдаги  ВКК тизимидан воз кечилади

Ногиронликни белгилашда ВКК – врачлик-маслаҳат комиссиялари деган коррупцион тизимдан тўлиқ воз кечилиши белгиланди. Эндиликда ногиронлик оилавий шифокор расмийлаштирган ҳужжат асосида тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияси томонидан белгиланади.

Президент мутасаддиларга бу тизимни 1 июндан Тошкент шаҳри ва Навоийда, 1 сентябргача қолган ҳудудларда тўлиқ жорий қилиш топширилди.

Шу билан бирга, касалликларни барвақт аниқлаш ва асоратларини камайтириш бўйича ҳам янги маҳаллабай тизим бўлади.

Масалан, Иштихондаги поликлиникага ва маҳаллаларга вилоятдаги кардиология, эндокринология ва она-бола марказлари, марказий шифохона врачлари бириктирилади. Улар маҳаллаларда юриб, аҳолини тўлиқ диагностикадан ўтказади, бириктирилган оилавий шифокорларга касалликларни эрта аниқлаш ва даволашни жойида ўргатади, даволаш ва диагностика бўйича янгича ёндашувларни поликлиникада жорий қилади.

Самарқанд тиббиёт университети профессор-ўқитувчилари, магистратура битирувчилари илмий ишларини шу ерга келиб ёзади.

Йил якунида натижа бўлса, маҳаллага бириктирилган ушбу мутахассислар ойлигининг 2 карра миқдорида мукофотланади.

Президент айтилган янги тизимни жорий йилда Иштихон билан бирга Самарқанд шаҳри, Булунғур тумани ва қолган вилоятларнинг 1 тадан туманида, кейинги йилдан тўлиқ Самарқанд вилоятида, 2027 йилдан эса босқичма-босқич барча ҳудудларда жорий қилишга топшириқ берди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига йил охиригача тиббиёт олийгоҳлари билан 15 та тумандаги 4 минг 700 нафар оилавий шифокор ва ҳамширани «Оила саломатлиги» дастури бўйича, раҳбарларни эса менежерликка ўқитиш топширилди.

15 та тумандаги поликлиника ва шифохоналар фаолиятини янги тизим асосида ташкил қилиш учун бу йил 285 миллиард сўм, бунга қўшимча вилоят ҳокимлари томонидан ҳам камида 10 миллиард сўмдан ажратилиши белгиланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг