Мен тугатган китоб: «Мазахчини ўлдириш» – қушни ўлдириш нима учун гуноҳ?
Эсингда тут: мазахчини ўлдириш гуноҳ.
Мазахчи – энг беозор қуш, у фақат биз роҳатланишимиз учун сайрайди...
Пулицер ва яна бошқа мукофотларни олган, энг кучли 100 талик рейтингларга киритилган, нашр қилиниши билан фильм ишланган бу роман нега айнан «Мазахчини ўлдириш» деб номланганини биласизми? Сабабини охирда ёза қолай.
Дастлаб, унинг муаллифи ҳақида айтиб ўтсам.
Яқиндагина 90 ёшда вафот этган адиба Ҳарпер Ли (1926-2016) роман ёзган аёл ёзувчилар ичида энг омадлисидир. Сабаби у биттагина роман билан ҳам адабиёт тарихида қолди. Бироқ барча машҳур асарларнинг ибтидосида кузатиладиган ишончсизлик ҳолати унда ҳам бўлган. Ноширлар «асарингиз китобхонга қизиқ эмас, сюжетни ўзгартиринг» дея маслаҳатлар беришган... Аммо, адиба сўзида турди ва адашмади.
Тасаввур қилинг, ХХ асрнинг 30 йиллари – АҚШда Буюк турғунлик даври. Бутун штатнинг ярми ишсиз, пулсиз ва иложсизлик исканжасида... Аср бошида ёпирилиб келган муҳожирларнинг таъсирида ишчи кучи ошиб, жиноятлар кўпайиб, давлат иқтисоди инқироз ёқасига келган. Аммо Маркеснинг Макондосига ўхшаш Мейкомб номли хилват шаҳарчада турмуш ўз йўлида кетаётган бўлади... Бу шаҳарчанинг ўз одамлари, урф-одатлари, ўзига хос тарихи бор...
Бу туташ кўчалардаги уйлар олдида тўққиз яшар қиз ва унинг акаси ўйнаб юради, уларнинг зийрак нигоҳи сира уйидан чиқмайдиган қўшнисикига қаратилган... Кейинги бобларда уларни мактабда кўрасиз... Бир қарасангиз, уларни қўшни Моди холанинг уйида, яна бир гал эса севимли дарахтлари тагида учратасиз ... Ҳа, бу болалар тиним билмай ҳар ишга улгуришади, қизиқишади, ташқи дунёни англашга ҳаракат қилишади... Асарни кинога қиёсласак операторлик уларга топширилади...
Китоб саҳифаларида биз (Скаут – Луиза Финч сиймосида) Ҳарпер Лининг қиёфасини, шериги Дилл образида эса машҳур ёзувчи Трумен Капотенинг образларини кўрамиз (Капоте ва Х.Ли болаликда қўшни бўлишган)...
Романни ўқир эканмиз, гоҳида бизни болаларнинг ажойиб ўйинлари элитиб қўйса, гоҳида катталарнинг турли хил шафқатсизликлари уйғотиб юборади...
Достоевский, Толстой, Жойс ва Сэлинджерларнинг мураккаб руҳиятли ўсмирларида биз кўпинча дунёга нафрат ва шубҳа гумонлар кўрамиз. Скаут ва Жемларнинг қалбида эса доимо эзгулик нур сочиб туради. Чунки уларнинг доимо тўғри тарбия берадиган, оқ ва қорани ажратиб берадиган, ҳақиқатпарвар ва ҳалол отаси бор.
Адвокат Аттикус Финч образи адабиётдаги мен билган ота образлари орасида энг мукаммалидир. Кафка, Достоевскийларнинг «айбдор оталари»дан буткул фарқ қиладиган раҳмдил, ҳалол, босиқ, адолатпарвар ва энг муҳими болаларига ота ўрнида дўст бўлган бу инсонни сиз ҳам яхши кўриб қолсангиз ажабмас.
Романда бир тарафдан оила, дўстлик ва ижтимоий муносабатлар ёритилиб, ўсмирлар кўзи билан таҳлил қилинса, иккинчи тарафдан қора танлиларга бўлган ноҳақликлар ва ёмонликлар холис тасвирланади. Чунки, АҚШда яқин йилларгача афро-америкаликларга нисбатан қулдек муносабатда бўлиб келишган. То Мартин Лютер Кинг катта майдонга чиққунига қадар қора танлилар одам ўрнида кўрилмаган. Уларни «негр» деб ҳақоратлаб, оқ танлилар хонадонида қора ишларга мажбурлашган. Ҳиндулар ва негрларнинг болалари алоҳида мактабларда ўқитилган, улар билан ҳеч қандай ришталар боғланмаган, жиноятда гумон қилинганида эса айбсиз бўлса ҳам қораланиб, ўлдириб юборилаверган... Чунки, ўша даврларда қора танлиларга раҳм қилмаслик оддий ҳолат эди. Ҳаётда ҳам, адабиётда ҳам улар ўлиши шарт бўлган.
Бундай ҳолатларни сиз «Том тоғанинг кулбаси», «Яшил миля», «12 йил қулликда», «Энг мовий кўзлар», «Августдаги ёруғлик» асарларида, «Озод Жанго», «Канизак Изаура», «Яшил китоб» каби фильмларда кўргандирсиз...
Ҳарпер Ли романда ҳам ана шу ирқчилик қораланади.
Адвокат Аттикус Финчнинг қалбида мудом эзгулик яшайди. Унинг учун оқ танли ҳам, қора танли ҳам, қизил танли ҳам – оддий одам. Уларнинг териси ҳеч нимани англатмайди. Шу сабабдан ҳам у хабаш хизматкор Кэлпурнияни болаларининг тарбиясига ва уй ишларига масъул қилиб қўяди.
У болаларига:
– Негр дема, Скаут. Бу беадаблик бўлади... деб ўргатади.
Шу билан бирга зўрлашда туҳматга учраган софдил қора танли Том Робинсонни ҳимоя қилиб, судда унинг адвокати бўлади. Бутун шаҳар унга қарши чиқиб, уни изза қилса ҳам, виждонига қулоқ тутади.
Тан олиш керакки, асардаги суд жараёни романнинг энг қизиқарли саҳифаларидир. Ўзи бадиий асарлардаги суд жараёнларини яхши кўраман. «Венеция савдогари», «Карамазовлар», «Тирилиш», «Жараён», «Бегона» асарларидаги суд жараёнлари кўпинча ноҳақлик билан якун топса-да, воқеаларнинг шиддати китобхонга мароқ бағишлайди...
Романда тарбиявий иборалар жуда кўп:
«Инсондаги кўпчиликка бўйсунмайдиган ягона нарса унинг виждонидир»
«Ҳақиқий жасурлик мағлуб бўлишингни билсанг-да, курашишдан қўрқмаслигинг»
«Инсонлар билан ўзимизга ёққан эмас, балки уларга ёққан мавзуда гаплашиш хушмуомалалик белгисидир»
«Кишини қўл билан кўрсатиш одобсизлик белгиси»
«Бир инсоннинг ҳаётини яшаб, унинг ўрнига ўзингизни қўйиб кўрмагунингизча уни тушуна олмайсиз»
Асар оқлар ҳам, қоралар ҳам ёнма-ён, ахил яшай олади деган ғояни илгари суради.
Ҳарпер Лининг романи нега шу пайтгача дунё мактабларда ўқитилиб, юқори рейтинглардан жой олиб келаётганини энди англагандирсиз.
Юқорида ёзганимдек, асарнинг номи нега «Мазахчини ўлдириш» деб номланганди?
Буни сиз беозор ва бегуноҳ қушлар тимсолидаги қора танлиларнинг тақдирини ўқигач англаб етасиз.
Темур Тангриберганов каналидан олинди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter