Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Жар ёқасига етакламанг ёхуд «Лолитто, куйиб ўл душман...»ни тўхтатинг

Жар ёқасига етакламанг ёхуд «Лолитто, куйиб ўл душман...»ни тўхтатинг

Ўтган йилнинг декабрь ойида «Лолитто куйиб ўл», деган соддагина келинчакнинг видеоси интернетни портлатди. Дастлаб бу қизни ҳамма содда келинчак, деб ўйлашди. Кейин бирин-кетин уни пародия қилиб чиқишди. Бунга ҳам чидаш мумкин эди. Ахир пародия жанри мавжуд.

Кейин «Лолитто душман, куйиб ўл», деган қизнинг исми Мафтуна ва унинг сирдарёлик экани маълум бўлди. Ҳеч тиниб-тинчимайдиган одамлар Мафтунанинг бундан икки-уч йиллар олдин ўгай онаси билан «Ёр-ёр» кўрсатувида иштирок этган видеолари борлигини ҳам аниқлашди. Ўшанда унинг қизалоғи борлиги, рус миллатига мансуб йигит билан қочиб кетгани, интернетни портлатган видеосини иккинчи бор турмушга чиққанда олганини, ҳозирда у оиласи билан яшамаётгани аниқ бўлди. Яқинда «Меҳмон ТВ»га берган интервьюсида бу аёлнинг жуда кўп қийинчиликларни бошидан ўтказгани кўпчиликда раҳм-шафқат ҳиссини уйғотди. «Меҳмон ТВ» одамларда савол уйғонгани учун иккинчи бор яна видео тайёрлади. Мафтуна журналистга интервью берар экан, боласини болалар уйидан олмоқчи бўлаётганини, паспорт олишга пули йўқлигини қистириб ўтди. Иккинчи интервьюда Мафтунанинг паспортли бўлганини кўриб бироз енгил тортдик. Аммо танганинг иккинчи томони одамни ўйлантиряпти.

«Лолитто»нинг барча видеоларини кўриб чиқдим. Ҳали у гўзаллик салонида сочларини таниб бўлмайдиган даражада турмаклаттирган, ҳали бу гўзаллик салонида тирноқ бўятган, юзларига макияж қилдирган. Кийим дўконида кийим кийиб модельер бўлган, ҳатто, қизчасига кийимлар олаётганини мақтаниб «Лолиттони куйдирган». Журналистга берган интервьюсида Мафтуна ўқишни билмаслигини айтиб ўтган, демак ёзишни ҳам билмайди. Аммо савол туғилади: ютубда қандай қилиб бехато ва чиройли ном топиб канал оча олган? Айниқса, Бобур пародиячи билан бўлган жанжалини бировлар пиар деди, бировлар арзон пиар, деди. Ва бу жанжалга ҳам Бобур пародиячи якун ясади. Иккаласи ярашиб олишди. Жанжалга «Бобур пародист» деган гапни Мафтуна тўғри айтолмагани сабаб бўлган экан. Дарвоқе, Мафтуна салончини реклама қиладими, пишириқчининг тортини мақтайдими, кимдир қайта-қайта таъкидлаб турмаса, қийин сўзларни тўғри талаффуз қилолмайди. Ҳаттоки, видеоларида кўриш мумкинки, унга қайта-қайта такрорлатаверганидан сўзларни жуда ҳорғин такрорлайди.

Яна Бобур пародиячи билан бўлган ҳангомага қайтамиз. Бобур артист билан Мафтуна ярашиб олишди, лекин ўша жойда артист ўртада турган, яъни Мафтунани етаклаб юрган Наргиза ва Зуля, деган аёлларга раҳмат деб тилга олди. Наргиза ва Зуля ким? Жуда содда бўлган қишлоқлик, ҳаттоки пародист деган сўзни эплаб айта олмаётган қиз қандай қилиб бу артист билан учрашиб қолди?

Апрелда бўладиган «Аристократ»ларнинг билетини реклама қилаётганида «менга шахсий қўриқчи ҳам беришди, Лолитто куйиб ўл, концертга сен келолмайсан», деб реклама ҳам қилиб берди. Ачинарлиси, аристократ сўзини ҳам икки-уч уринишда зўрға эплаб айтди. Яна «Лолитто»ни бозорда ҳам аёллар ўраб олиб саволга тутишади. Инстаграмингиз борми, нима деб номлагансиз дея, лекин Мафтуна елка қисиб қўя қолади. Ва қандайдир бегона эркакнинг машинасида ҳам яна ўша машҳур иборасини қайта-қайта айтади, аниқроғи, айттиришади ва эрмаклаб шарақлаб кулишади. Бозордаги аёллар уни видеога олиб ўша заҳотиёқ интернетга қўйворганини, қанча одам кўраётганини, лайк босаётганини қизиқиб кузатишади. Уни уйигаям олиб кетишадими-ей, ўзлари кадр ортида туриб яна уни гапиртиришиб интернетга тарқатишда давом этишади. Ким унга савол берса бу сир, деб жавоб беради, баъзи пайтлари. Унинг яна қанча сирлари бор, деган савол туғилади шу ўринда. Ҳаттоки бегона аёлларнинг уйига борганда ширакайфдек туюлди менга.

Ҳамма Мафтунани содда, қишлоқлик келин экан деб юрган кунларнинг бирида унинг 2-3та шиддатли рақслари тарқалди. Яна ўша кадр ортидаги таниш аёллар овози... Бу видеоларни тарқатаётганлар кимлар?

Кунда, кунора ижтимоий тармоқлар орқали «Лолитто куйиб ўл, душманим» деб чиқаётган Мафтунани кўпчилик ҳақоратлашга ўтган. Аммо бундан Мафтунанинг хабари борми? У орқали ўзларининг тадбиркорлигини ёки интернет каналларини ривожлантириб олаётганларга балки Мафтунанинг мулзам қилинаётгани, ҳақоратларга кўмилаётгани қизиқмасдир?

Блогерлар орасида фақатгина бир қиз куйиниб гапирибди. Ютубда «Блогерлар ТВ» каналини олиб борадиган Моҳина исмли қиз: «Агар Мафтунага ростдан ёрдам бермоқчи бўлсаларингиз, унга админстраторликни ўргатинг, салончиликни ўргатинг, пишириқ пиширишни ўргатинг, лекин унинг қиёфасидан, овозидан фойдаланманг», дея танбеҳ берган. Яна айтганки: «Мафтуна бошқаларнинг раҳмини келтириб уйим йўқ, машинам йўқ, пул керак демасдан ўзи ишлаб пул топсин. Эртага ишларингиз битганидан кейин унутворасизлар, четга сурасизлар, ўшанда бу аёлга оғир бўлади...»

Наҳотки, Мафтунанинг атрофида бу ишлари нотўғри эканлигини айтадиган инсон йўқ. Ахир 14 ёшида ота-онаси ажрашган қизалоқ қанчадан-қанча руҳий стрессларни бошидан ўтказган. Кейин ўзининг айтишича, ўгай онанинг зуғумлари, касаллиги туфайли олган наркоз асоратлари асабий қилиб қўйган. Наҳотки, унинг руҳий беқарорлигидан, ўзи қарор қабул қила олмаётган ҳолатидан фойдаланаётганлар уялмаса. Ҳали нима тўғри-ю, нима тўғри эмаслигини тўлиқ англаб етмаган стресс ҳолатидаги аёлни нимага ҳар томонга тортқилаяпсизлар? Миллат шаънини ўйламайсизларми? Бир гулдек аёлнинг тойиб кетаётганини наҳот кўрмаяпсизлар. Бир меҳрга зор аёлнинг, онаизорнинг наҳотки кулфатидан фойдаланаяпсизлар?

Энг ачинарлиси унинг энди 18+ шармсиз видеолари тарқатилаётгани ва гўёки ўзининг очилган телегерам каналида қўйилаётгани...

Бир аёлни нега жар ёқасига олиб бораяпсизлар? Бу ишларни ким назорат қилади?  Мафтунани ким тўхтатади? Эртага бирон кори ҳол юз берса уни етаклаб юрганлар, видеоларини тарқатаётган ўзларини нима деб оқлашади? Жавобгарликка тортилишини биладими унга гирдикапалак бўлаётганлар. Ахир у боласини меҳрибонлик уйидан олиб тарбияламоқчи, яхши она бўлмоқчи, болани унга ишонса бўладими?

Мафтуна, балки ўқишни билмассиз, аммо  умид қиламизки, бирорта сизга дўст бўлган, миллатдошим деб куюнаётган инсон шу саволларни сизга беради ва сизни тўхтатади. Биз ҳам сизга дўстлигимизни айтмоқчимиз: Мафтуна шу ерда тўхтанг, қизингизнинг шаъни, миллат шаъни учун тўхтанг. «Лолитто» бу чиқишларингиз туфайли куймаётир, балки кулаётир...

 Барно Султонова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг