Конституциянинг 26-моддаси ва қийноққа солинган гумонланувчилар...
«Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир. Ҳеч нарса уларни
камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас. Ҳеч ким қийноққа солиниши,
зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини
камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас».
Янгиланган Конституциянинг 26-моддаси
«Эзгулик» жамияти жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида наманганлик тадбиркор Дониёр Тўрахўжаевга таяниб, унинг укаси бўлган 40 ёшли Дилшоджоннинг 12-15 апрель кунлари Тошкент шаҳар ИИББ тергов бўлимида шафқатсиз қийноқларга солингани, оғзи ва қўллари скотч билан боғланиб, ноинсоний қийноқларга солинганини айтмоқда.
Ташанов, шунингдек, «суриштирув, адвокатлар ва гувоҳлар билан суҳбатлардан сўнг» мазкур ҳолат тасдиқланганини айтиб, ҳақиқатда Дилшоджон Тўрахўжаевни фуқаро кийимидаги жиноят қидирув бўлими ходимлари, қора махсус кийимдаги ходимлар ва терговчилар мажбурий кўрсатма олиш мақсадида қийноққа солганини ёзмоқда.
Шунингдек, «Эзгулик» жамияти раиси айни пайтда Жиноят кодексининг 251-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этишда гумонланиб, «Тоштурма»да сақланаётган 29 яшар Ҳасанбой Абдунабиев ҳам қийноқлар сабаб «салкам ногиронга айланиб қолди», дейди.
Абдураҳмон Ташанов мазкур икки ҳолатни изоҳлар экан, куни кеча кучга кирган Конституциянинг 26-моддаси талабларини, қолаверса, 2021 йилда Халқаро Қийноқларга қарши кураш куни муносабати билан имзоланган Президент Фармонида бу иллатга қарши кураш стратегияси ишлаб чиқилганини ва ҳатто Омбудсман қошида махсус гуруҳ ҳам тузилганини эслатади.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ расмий муносабат билдириб, ҳар икки фуқаронинг айни пайтда терговга жалб қилинганини тасдиқлади.
Маълум қилинишича, жорий йил 12 апрель куни ИИВ Тезкор қидирув департаменти Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси, Тошкент шаҳар ИИББ, Наманган вилояти ИИБ ҳамда ДХХ ходимлари томонидан Тошкент шаҳри ва Наманган вилояти ҳудудларида ўтказилган тезкор тадбирлар жараёнида бир неча ойлар давомида тадбиркорларга нисбатан товламачилик қилиб уларни қўрқув остида ушлаб келаётган йирик уюшган жиноий гуруҳнинг 10 нафар аъзолари қўлга олинган.
Гуруҳ аъзоларининг илгари оғир турдаги жиноятлар билан бир неча маротаба судланганликлари ҳамда ниҳоятда тажовузкор эканликлари инобатга олиниб, Ички ишлар органларининг махсус кучлари жалб этилган ҳолда қўлга олинганлар ва зарарсизлантирилганлар. Гумондорларнинг ёнидан, олдидан махсус тайёрланган 2 дона ўткир тиғли жисм, бир нечта скотч, Ички ишлар органлари ходимларининг дала формалари, резина қўлқоплар, 0,7 грамм «опий» гиёҳвандлик моддаси, трамадол таблеткаси ва спорт сумкаси далилий ашё сифатида олинган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 164-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, гумондорларни бошқа бир қатор оғир жиноятларга алоқадорликлари текширилмоқда. Барчаси ўрнатилган тартибда ҳимоя билан таъминланган.
Шунингдек, жорий йилнинг 6 апрель куни Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси ҳамда ДХХ томонидан Тошкент шаҳри ҳудудида кучли таъсир қилувчи заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллаган фуқаро Х.А. қўлга олиш жараёнида қаттиқ қаршилик кўрсатганлиги сабабли, махсус хизматлар томонидан жисмоний куч ишлатилиб қўлга олинган.
Ҳозирда гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, бошқа оғир турдаги жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.
Пойтахт ИИББ, шунингдек, улардаги тан жароҳатлари ҳақида ҳам тўхталиб, гумондорларнинг айримлари мунтазам равишда спорт билан шуғулланиб келгани, тан жароҳатлари кўчадаги муштлашувлардан қолган бўлиши мумкинлигини иддао қилмоқда.
«Уларнинг ҳозирда учинчи шахслар орқали илгари мавжуд бўлган жароҳатларини пеш қилган ҳолда, ижтимоий тармоқларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига нисбатан ишончсизлик ва носоғлом шов-шув уйғотиш мақсади кўзланаётганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд», – дейилади расмий муносабатда.
Шунингдек, ҳолат прокуратура органлари томонидан ўрганилаётгани маълум қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter