Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Конституцияда тинчликсевар ташқи сиёсат тамойили мустаҳкамланяпти

Конституцияда тинчликсевар ташқи сиёсат тамойили мустаҳкамланяпти

Ўзбекистон – тинчликсевар юрт. Бошқа мамлакатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатли алоқаларни ўрнатиш эса халқ фаровонлиги ва мамлакат тинчлигининг энг муҳим шартларидан биридир. Конституцияга ташқи сиёсат бўйича алоҳида моддаларга қўшимчалар киритишнинг зарурати ҳам ана шунда – барча давлатлар билан дўстона ва тинчликсевар муносабатларни ўрнатиш жуда муҳим.

Шу сабабли янги таҳрирдаги Конституциямиизнинг ташқи сиёсатнинг асосий тамойилларини белгиловчи 17 ва 18-моддаларига бир қатор янги нормалар киритилмоқда.

Хусусан, Асосий қонунимизда юртимиз ташқи сиёсати чегараларнинг бузилмаслиги, давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги сингари тамойилларига асосланиши алоҳида эътироф этилмоқда.

Мазкур принципга кўра, ҳар қандай давлат бошқа давлатнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиши, унинг суверенитети, миллий бирлиги ва ҳудудий яхлитлигини қисман ёки тўлиқ бузишга қаратилган ҳар қандай ҳаракатлардан ўзини тийиши лозим. Бундан ташқари, давлатлар ва халқаро ҳуқуқнинг бошқа субъектлари бирор-бир давлат ҳудудига, унинг бир қисмига ёки ресурсларига куч билан ёки куч ишлатиш таҳдиди билан бевосита ёхуд билвосита тажовуз қилмасликлари шарт. Бунда давлатлар алоҳида давлат ҳудуди ёки унинг бир  қисмига зиён етказувчи ҳар қандай ҳаракатлардан тийилишлари лозим.

Шу билан бирга, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 18-моддасида Ўзбекистон давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки ва кўп томонлама муносабатларни ҳар тарафлама ривожлантиришга қаратилган тинчликсевар ташқи сиёсатни амалга ошириши ҳақидаги қоида мустаҳкамланмоқда.

Амалга оширилаётган конституцион ўзгартиришлар ташқи сиёсат соҳасида ҳам эришилган ютуқларимизни мустаҳкамлаб, олдиндан бошланган ташқи сиёсий курсимизни давом эттиришни, бунда учинчи томонга нисбатан қарши бормаслик асосий қоида сифатида таъминланмоқда. Шунингдек, халқаро миқёсда тобора чуқурлашиб бораётган глобал ўзгаришларга мунособат билдириш ва ўзининг фаол позициясини амалга ошириш имконини бермоқда. Ўз навбатида халқаро сиёсатда шериклари учун ташқи сиёсий ҳаракатларини тушунарли бўлиб қолиши ҳамда  ўзаро ишончга ва ўзаро манфаатдорликка асосланган мунособатлар олиб боришни  мустакахкамланишига шарт - шароитлар яратмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси дунёнинг 142 та давлати билан дипломатик алоқалар ўрнатган. Тошкентда 46 та чет эл элчихоналари, 3 та бош консуллик, 13 нафар фахрий консуллар, 24 та халқаро ташкилотлар ваколатхоналари, 26 та хорижий халқаро ҳукуматлараро ва ҳукумат ташкилотлари ваколатхоналари, 1 та савдо ваколатхонаси самарали фаолият кўрсатмоқда. Хорижий мамлакатларда ва халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикасининг 59 та дипломатик ва консуллик ваколатхоналари мавжуд. Ўзбекистон 100 дан ортиқ халқаро ташкилотларнинг аъзоси бўлиб, мамлакатимиз турли хил кўп томонлама ҳамкорлик тузилмалари билан ўзаро шерикчилик алоқаларини ривожлантиради. Ўзбекистон Республикасига фуқаролари визасиз кириши мумкин бўлган хорижий мамлакатлар сони 90тага етди.

Бугунги кунда биз халқаро муносабатларнинг шиддат билан ўзгариб бораётгани ва янги халқаро тартиботлар шаклланиб бораётганини кузамоқдамиз. Халқаро тизимнинг  бир қутблиликка асосланган халқаро тартиботи, шунингдек, иқтисодий глобаллашув боғлиқ бўлган модели аста-секин узоқ давом етган инқироз даврига кириб бораётганини гувоҳи бўлмоқдамиз. Бунинг асосий сабаби бугунги кундаги ҳарбий, сиёсий, иқтисодий, технологик ва молиявий кучлар имкониятлар тақсимланиш тузулмаси ўтган асрнинг 90 йилларидан ҳолатидан  тубдан фарқ қилишидадир. Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё, Лотин Aмерикаси, Яқин Шарқ ва Aфрикада шаклланиб бораётган янги куч марказлари анъанавий етакчилар билан рақобатлашмоқда ва ўзларининг ортиб бораётган салоҳиятини минтақавий ҳамда глобал миқёсда сиёсий-иқтисодий таъсирга айлантиришга интилмоқда.

Халқаро тажриба жиҳатидан қарайдиган бўлсак, давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги принципи дастлаб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти уставида, Европада ҳавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотларнинг ҳужжатларида такомиллаштирилган. Шунга ўхшаш нормалар Германия, Франция, Озарбайжон, Болгария, Қозоғистон каби давлатлар конституцияларида мавжуд.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак ушбу моддаги ўзгаришлар давлатимизнинг халқаро ҳамжамият олдида ишончли шерик сифатида мақомини кучайтириш ҳамда тинчлик ва халқаро хавфсизликни сақлаш ва мустаҳкамлаш учун муҳим аҳамият касб этади.

Ташқи сиёсат ва шерик давлатлар билан ҳамкорлик – тараққиёт ва хавфсизлик, ривожланиш кафолати бўлишини таъминлайди. Ташқи сиёсатдаги изчиллик, прагматизм ва конструизм, ҳар қандай шароитда миллий манфаатларни ҳимоя қилиш стратегиясини мустахкамлаш ва янги босқичга олиб чиқишга янги имкониятлар яратади. Ўз навбатида сиёсий - дипломатик соҳадаги ўзаро ҳамкорликни янада мустахкамлаш ва фаоллаштириш билан бир қаторда савдо - иқтисодий, транспорт - коммуникация, энергетика ва маданий - инсонпарварлик соҳаларидаги мунособатларга янги импульслар вужудга келишига  шарт шароитлар яратади.

Сайфиддин ЖЎРАЕВ,
Тошкент давлат шарқшунослик Университети,
халқаро мунособатлар кафедраси профессори,
сиёсий фанлар доктори.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг