Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Конституцияда ер хусусий мулк сифатида кафолатланмоқда

Конституцияда ер хусусий мулк сифатида кафолатланмоқда

Ўзбекистонда узоқ йиллар давомида ерга нисбатан эгалик қилиш борасида хусусий мулк билан боғлиқ муносабатларнинг жорий этилмаганлиги республикамизда ҳақиқий мулкдорлар қатламини тўлақонли шаклланмаслигига олиб келди. Натижада ерни ҳақиқий товар сифатида баҳоланмаслиги, унга бўлган муносабатнинг иккинчи даражага тушиб кетиши, ер билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатларнинг кўпайиши ўз навбатида мулкдорлар синфини шаклланишига ҳамда хорижий инвесторларни мамлакатимизга кириб келишига жиддий тўсиқларни юзага келишига сабаб бўлди.

Бу ҳолат ўз навбатида мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигига салбий таъсир эта бошлади. Шу билан бирга узоқ йиллар мобайнида ерни хусусийлаштириш билан боғлиқ жараёнларга эътибор қаратилмаганлиги айрим ҳолатларда мансабдор шахслар, баъзи ҳокимлар томонидан ерга эгалик қилаётган фермерларнинг ерларини ноқонуний тортиб олишга, уларни талон-тарож қилишга олиб келди. Шу боис бозор иқтисодиётига ўтиш тамойилларига амал қилган ҳолда мамлакатимизда ерни хусусийлаштириш борасида муҳим қадамлар қўйила бошланди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган энг муҳим ислоҳотлардан бири ерни хусусий мулк сифатида эътироф этилишини алоҳида таъкидлаб ўтишимиз мумкин. Давлатнинг бундай катта сиёсий иродаси замирида ерга нисбатан мулкий муносабатларни ривожлантириш, мулкдорларга хусусийлаштирилган ерни бошқа бир шахсларга сотиш, ҳадя қилиш, айирбошлаш, гаровга қўйиш, мерос қилиб қолдириш каби ҳуқуқларни беришни ҳамда шу ҳуқуқларни қонун жиҳатидан кафолатлаш ётганини алоҳида таъкидлашимиз мумкин.

Иқтисодий нуқтаи назардан ернинг хусусий мулк сифатида эътироф этилиши ўз навбатида Ўзбекистонда янги авлод мулкдорлар қатламини кенгайишига, ер билан боғлиқ бозорнинг ривожланишига, ер участкаларидан фойдаланиш бўйича самарадорликни ошишига олиб келади. Шу билан бирга ердан фойдаланиш жараёнига бозор механизмларини жорий этиш, бу йўналишда мулкий ва ҳуқуқий муносабатларнинг барқарорлигини таъминлаш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш мамлакатда бозор механизмларини янада ишлашига ҳуқуқий асос бўлади. Чунки давлатнинг асосий мақсадларидан бири бозор муносабатларини ривожлантириш шароитида биринчи навбатда тадбиркорликка кенг йўл бериш ҳамда хусусий мулк эгаларини ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳисобланади.

Мамлакатимизда сўнгги вақтларда Асосий қонунимизга тегишли тузатишлар, янги нормаларни киритиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Ҳозирги кунга қадар ушбу янги конституция лойиҳасида инсон ҳуқуқларини янада ҳимоя қилиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни ҳуқуқларини давлат томонидан кафолатлаш ҳамда мамлакатамизда бозор муносабатларини ривожлантириш бўйича бир қанча янги нормалар киритилмоқда. Шундай муҳим қоидалардан бири бевосита 68-моддага киритилаётган «Ер қонунда назарда тутилган ҳамда ундан оқилона фойдаланишни ва уни умуммиллий бойлик сифатида муҳофаза қилишни таъминловчи шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк бўлиши мумкин» – деган нормани алоҳида таъкидлашимиз мумкин.

68-моддага киритилаётган бу ўзгаришлар орқали мамлакатимизда ердан фойдаланиш соҳасида бозор механизмларини жорий этиш, ушбу соҳадаги мулкий ва ҳуқуқий муносабатларнинг барқарорлигини таъминлаш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш Конституция орқали кафолатланмоқда. Ушбу норманинг амалиётга жорий этилиши келажакда мулкдорларга, хусусан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига уларнинг ерга бўлган мулк ҳуқуқини конституциявий даражада мустаҳкамлашга имкон яратади. Бу, ўз навбатида, мулкдорларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ва кафолатлашга хизмат қилади, шунингдек, уларнинг ерга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш мажбуриятини мустаҳкамлайди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак 68-моддага киритилаётган янги норма ва ўзгартиришлар биринчидан, мамлакатимизда ерга бўлган муносабатни ўзгартирса, иккинчидан, юртимизда мулкдорлар қатламини кенгайишига, учинчидан, ер ресурслари бозорининг ривожланишига олиб келади. Бу эса ер участкаларидан фойдаланиш бўйича иқтисодий самарадорликни ошишига, мулкдорлар синфининг кўпайишига хизмат қилади.

Нодирбек Расулов,
Иқтисодиёт фанлари доктори, доцент.
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти
лойиҳа раҳбари

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг