Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Икки юзга яқин бола ва аёллар ҳамон Сурияда қолаётгани маълум қилинди

Икки юзга яқин бола ва аёллар ҳамон Сурияда қолаётгани маълум қилинди

«Меҳр» операцияси орқали хориждан олиб келинган болалар ва аёллар

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўтган ҳафта Ўзбекистондаги миссиясини якунлаган UNICEF`нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде «Газета.uz»га берган интервьюсида Сурия лагерларида Ўзбекистон фуқаролари ҳали ҳам борлигини қўшимча қилди.

«Раҳбарият билан хайрлашув учрашувлари чоғида бу ишни якунлаб, қолган аёллар ва болаларни ҳам мамлакатга қайтаришни сўрайман. Чунки бешта кампания ўтказилди ва, Худо хоҳласа, олтинчи муваффақиятли кампания билан бу ишни ниҳоясига етказишимиз мумкин.

Бизнинг ўртача, яъни юз фоиз тўғри бўлмаган ҳисобимизга кўра, 200 нафарга яқин болалар ва аёллар ҳали ҳам Сурияда ва репатриацияни сўрамоқда», – деган Мунир Мамедзаде.

Видеодан скриншот

Маълумотларнинг ноаниқлигига изоҳ берар экан, у буни идентификациялаш жараёнидаги қийинчиликлар билан изоҳлади.

«Бизда маълумотлар бор. Аммо бу маълумотлар, биринчидан, идентификация жараёни давом этаётгани сабабли аниқ эмас. Айримлар икки фуқароликка эга ёки бир вақтнинг ўзида қўшни давлатга ҳам, Ўзбекистонга ҳам репатриация қилиниши мумкин. Шунингдек, болаларга нисбатан [идентификация қилиш жараёни] оналик орқали давом этмоқда. Агар она ўзбекистонлик бўлса, демак, бола ҳам ўзбекистонлик деб қабул қилинади», дея таъкидлаган UNICEF`нинг Ўзбекистон ваколатхонаси собиқ раҳбари.

Мунир Мамедзаде шу пайтгача амалга оширилган бешта «Меҳр» операцияси доирасида ватанига қайтарилган аёллар ва болаларнинг реинтеграция жараёни ҳақида ҳам маълумот берган.

«Реинтеграция жараёни жуда жиддий жараён ва узоқ муддатли ёрдамни талаб қилади, чунки бизда тегишли маҳаллий хизматлар: ҳимояга муҳтож гуруҳларга ихтисослашган ижтимоий ишчилар ва психологлар мавжуд эмас. Бу иш кўпроқ бизнинг техник ёрдамимиз билан амалга оширилади. Биз жойларда мутахассисларни тайёрладик.

Биринчи кампаниялар бир неча йил олдин ўтказилганига қарамай, биз ҳали ҳам [репатриантларни] кузатиб турибмиз. Аммо бу мунтазам ўзаро алоқада бўлиб туришни, таълим, иш билан таъминлаш ва, умуман, ҳаётга ёки янги шароитларга тўлиқ мослашиш учун ишлашни талаб этадиган категория. Бу тезда содир бўладиган жараён эмас.

Қайтарилганларнинг кўпчилиги муваффақиятли интеграция бўла олди. Аммо бу жараён шундайки, сиз шунчаки калит билан қулфлаб, ташқарига чиқиб, “муаммо ҳал қилинди, улар тўлиқ интеграция қилинди” деёлмайсиз. Бу йўлда давом этиш керак. Бу кузатув жараёни мазкур одамлар билан олиб борилаётган жуда муҳим иш бўлиб, улар маълум бир босқичда ушбу дастурлардан чиқарилади ва жамиятнинг тўлақонли аъзосига айланиб, Ўзбекистоннинг бошқа фуқаролари каби одатий фаолият олиб бориши мумкин бўлади», — дейди Мунир Мамедзаде.

Фото: Президент матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилдан бошлаб ўтказилган «Меҳр-1, 2, 3, 4 ва 5» операциялари давомида Сурия, Ироқ ва Афғонистондан 531 нафар оғир аҳволда қолган аёл ва болалар Ўзбекистонга қайтарилган. Сўнгги бор «Меҳр» операцияси 2021 йилда ўтказилганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг