Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгаши раиси лавозимида ишлашлари тақиқланиши мумкин

Ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгаши раиси лавозимида ишлашлари тақиқланиши мумкин

Энди ҳокимлар бир вақтнинг ўзида тегишли халқ депутатлари Кенгашининг раиси бўлишига йўл қўйилмаслиги айтилмоқда. Бу ҳақда Конституциявий комиссия Матбуот котиби Одилжон Тожиев хабар берди.

Тожиевга кўра, Конституциявий қонун лойиҳасига ҳукуматнинг табиатни, экологияни асраш борасидаги ваколатларини кенгайтиришни назарда тутувчи нормаларни киритиш бўйича концептуал таклифлар ҳам келиб тушган.

Мазкур таклифлардан келиб чиқиб, Конституциямизнинг айрим моддаларига қўшимча ва ўзгартиш киритилиши назарда тутилмоқда.

Хусусан, 98-модданинг 2-қисми янги норма билан тўлдирилиши режалаштирилаяпти.

Унга кўра,  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий бойликларни ва биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш, иқлим ўзгаришларига, эпидемиялар, пандемияларга қарши курашиш ҳамда уларнинг оқибатларини юмшатиш соҳаларидаги давлат сиёсатининг амалга оширилишини ҳам таъминлайди.

Шунингдек, жамоатчиликнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлган масалага оид муҳим қоида ҳам Конституцияда ўз аксини топиши кутилаяпти.

Яъни, 99-моддага янги қисм киритилиши таклиф этилмоқда. Унда вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида тегишли халқ депутатлари Кенгашининг раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилмоқда.

Амалдаги Конституциянинг 112-моддасига ҳам янги қисм қўшилиши кўриб чиқилмоқда. Унда давлат судьянинг ва унинг оила аъзоларининг хавфсизлигини таъминлаши белгиланмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг