Ҳиндистонга Непал орқали ноқонуний киришга уринган ўзбекистонлик қўлга тушди
Ҳиндистон давлатига Непалдан ноқонуний тарзда киришга уринаётган Ўзбекистон фуқароси Биҳар штатидаги Ситамарҳи туманида қўлга тушган. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар маълум қилган.
«Дунё» АА берган маъмуотга кўра, ўзини Ўзбекистон фуқароси деб таништирган Х.М. исмли кишининг ёнида амалдаги паспорти ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжатлари бўлмаган.
Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида тезкор чора-тадбирлар кўрди. Ҳиндистоннинг тегишли маҳкама ва идоралари билан алоқа ўрнатилиб, мазкур вазият назоратга олинган.
Дипломатик миссия ватандошларни Ҳиндистонга сафар қилишдан олдин турли шубҳали гуруҳ ёки шахсларнинг ёлғон ваъдаларига алданиб қолмаслик, ушбу мамлакатга кириш ва унда бўлиб туриш чоғида маҳаллий қонунчилик талабларига қатъий риоя қилишга чақирмоқда. Шунингдек, бундай ҳолларда зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдам олиш учун +91 11 2467 0774/75 телефон рақамларига ёки @consuluzbindia_bot манзилига мурожаат қилиш сўралмоқда.
Ҳиндистон ОАВ тарқатган хабарга кўра, йил бошидан бери 10 дан ортиқ давлатнинг камида 35 нафар фуқароси Непал-Ҳиндистон чегарасиини ноқонуний кесиб ўтишга уринаётган пайтда қўлга олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси ўзбекистонлик аёлларнинг Ҳиндистон-Непал чегарасини ноқонуний кесиб ўтгани учун 2021 йил октябрдан буён ҳисбда ноқонуний сақлаб келинаётгани ва ҳолат айни пайтда назоратга олингани ҳақида маълум қилган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter