Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ҳаётимиз омонат – буни инкор қилиб бўлмайди…» – 82 ёшли сомсапаз онахоннинг айтганлари

«Ҳаётимиз омонат – буни инкор қилиб бўлмайди…» – 82 ёшли сомсапаз онахоннинг айтганлари

Исми ва яшаш жойини сир сақлаган онахонимиз яқинда 83-баҳорни қаршилаш арафасида.  Қаҳрамонимиз 1941 йил Тошкент шаҳри Собир Раҳимов туманида туғилган. Бундан роппа-роса 30 йил аввал, Олой бозорида миллий овқатлар – норин, хоним ва сомса тайёрлаб сота бошлаган.

– Онахон, 82 ёшга кирганга ўхшамайсиз, кўз тегмасин анча тетиксиз. Бунинг сири нимада ?

– Кўп меҳнат қилган, кўп илм олган, ўзига яхши қараган одам тез қаримайди. Буларни акси бўлса, ётиб еса, меҳнатда тобланмаса, тез қарийди. Шунинг учун доим ҳаракатдаман. Одам қариган сари хотираси йўқолади. Битта гапни икки марта айтадиган бўлиб қолади. «Секлероз» дейди-ку (кулади). Бола-чақа, келинларни олдида уялиб қолишни хоҳламайман. Шунинг учун мана шу иш билан шуғулланаман. Кўчага чиқаман, одамларни кузатаман. Қандай ўзгаришлар бўляпти – ҳаммасига эътибор бераман. Шундай қилиб ўзимни овутаман-да...

– Онахон фарзандларингиз нечта? Касбингиз нима бўлган?

– Худога шукр 4 та фарзандим бор. Бир қиз, уч ўғил. Ҳаммаси ўзидан тиниб-тинчиб кетган. 18 та набира, 16 та эварани бувисиман. Дадам ва акам мен туғилган йили урушга кетишган ва қайтишмаган, ҳалок бўлишган. Онамнинг бир ўзи 5 та фарзандни боқишига тўғри келган. Оилада кенжа фарзанд мен эдим. Ҳозир фақат мен қолдим. Ҳаммалари омонатини топширди. Ёшлигимда астраномияни жудаям яхши кўрардим. Лекин бу соҳада ўқий олмадим.

Касбим кўп бўлган. Техникумда тикувчиликни битирганман. Ойим касал бўлиб битта ўзлари қолгандан кейин, «банниса»да тозалик ходими бўлиб ишладим. Ўша вақтлар ёш эдим. Рус ва инглиз тилларини яхши билардим. Ҳозир ҳам биламан. Кейин бир йил шифокорликка ўқитишди. Сўнг мени ҳеч қандай имтиҳонларсиз ишга олишди. Шу билан нафақага чиқдим. 26 ёшда мени мажбурлаб турмушга беришган. Турмуш ўртоғимни холам, ойимни опалари топган. Лекин ҳаётимиз ўхшамаган. Қайнонам ва эримнинг зулмларидан кейин, ўртада болаларим билан ажрашишимга тўғри келган. Лекин бу тақдир экан-да, кўниш керак, сабр қилиш керак. Қийинчиликларига чидаш керак. Ҳаётимиз омонат – буни эса инкор қилиб бўлмайди.  Сомсаларни ҳар куни ўзим тайёрлайман. Келинимгаям ишонмайман бу ишни. Хамир қораман, ёғлайман, картошка тўғрайман…

Тандирим йўқлиги учун «духовка»да пишираман. Кунига 10-15 та сомса сотаман. Фарзандларим менга қарашини кутиб ўтирмайман. Улар ҳам тез-тез хабар олиб туришади. Ҳар 15 кунда қизим ва куёвим рўзғор учун бозорлик қилиб беришади. 82 ёшга чиқиб шуни билдимки, ота-она 18 ёшгача фарзандларини боқади, ундан кейин фарзандлар мажбур ота-онасини боқишга. Лекин, одам қаридим деб фарзандларига юк бўлиши керак эмас. Ахир, фарзандларнинг ҳам бола-чақаси бор. Умуман олганда инсон ҳаракат қилиб, яшаш учун интилиши керак. Бу ўғлим буни олиб беради, бу қизим буни олиб беради, қариган чоғим нонимни, сувимни беради дейиш – аҳмоқлик!

Лекин фарзандлар барибир ота-онасидан хабар олиб, дуосини олиш керак деб ўйлайман...

Суҳбатимиз якунига етар экан ўйлаб қолдим. Ҳозирги билагида кучи бор, белида қуввати бор айрим ёшлар гоҳида мотивация етишмаяпти, деб нолиб юришади. Менимча, ҳаётга бўлган қизиқишларни уйғотиш, унга бошқача кўз билан қараш учун қўштирноқ ичидаги мотиваторлар учун жарақ-жарақ пулларни сарфлаш шарт эмас. Шунчаки, бизга берилган имкониятлар омонат эканини, ундан фойдаланиб қолиш зарурлигини ҳис қилган ҳолда ҳар бир кундан унумли фойдаланишга, илм олишга, яхши амаллар қилишга бел боғласак ҳаётимизда ҳеч қандай мотиваторлар учун ўрин қолмайди.

Тушлик вақти ҳам бўлиб қолганди. Суҳбат учун онахонга миннатдорчилик билдириб, сомсаларидан сотиб олдим. Айтганча, сиз ҳам қаҳрамонизминг сомсаларидан татиб кўринг. Онаонни Абдулла Қодирий метро бекатидан топасиз.

Жавоҳир Алиқулов суҳбатлашди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг