«Ҳар 37 ижрочига 63 раҳбар...» – Президент фармони билан «раҳбарият-ижрочилар» нисбати белгиланди
Президентнинг маъмурий ислоҳотларга оид «Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони билан вазирлик ва идораларнинг марказий аппаратлари ҳамда ҳудудий бўлинмаларида таркибий бўлинмалар нечта шаклда бўлиши белгилаб берилмоқда.
Ҳужжатга кўра, эндиликда таркибий бўлинмалар фақат 4 та шаклдан – департамент (20 ва ундан кўп), бошқарма (7-19та), бўлим (2-6та) мутахассислар (1та) иборат бўлади. Бунда, вазирликлар ҳузуридаги қўмиталар, агентликлар ва инспекцияларда департамент шаклида таркибий тузилма ташкил қилинмайди.
Амалда эса 10 тадан зиёд шакллари мавжуд (департамент, бош бошқарма, бошқарма, бўлим, шўъба, хизмат, бюро, гуруҳ ва бошқалар) бўлган.
Вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмаларида эса таркибий бўлинмалар фақат 3 та шаклдан иборат бўлади. Яъни бўлим (5 ва ундан кўп), шўъба (2-4та) ва мутахассислар (1та).
Шунингдек, Президент Фармонида марказий аппаратлар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмаларида раҳбар ходимлар ва ижрочилар нисбатига ҳам аниқлик киритилган.
Қайд этилишича, амалда, масалан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги марказий аппаратида раҳбар ва ижрочи ходимлар нисбати 44/56 фоиз (яъни ҳар 56 нафар ижрочига 44 нафар раҳбар)ни ёки Энергетика вазирлигида 41/59 фоизни ташкил қилмоқда.
Қуйи бўғинларда эса, масалан, Маданият вазирлигининг туман (шаҳар) бўлинмаларида раҳбар ва ижрочи ходимлар нисбати 63/37 фоизни ташкил қиляпти.
Янги тартиб билан эса раҳбар ходимлар (раҳбар, унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари, ёрдамчиси, департамент, бошқарма, бўлим бошлиқлари ва ўринбосарлари) ва ижрочилар (мутахассислар) нисбати марказий аппарат бўйича камида 1/3 нисбатда (33/67 фоиз) бўлади.
Шунингдек, қуйи бўғинда ҳам раҳбар ходимлар (бошқарма, бўлим ҳамда шўъба бошлиқлари ва ўринбосарлари) ва ижрочилар нисбати бўлинма бўйича камида 1/3 нисбатда (33/67 фоиз) бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter