Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Green University фаолиятини ривожлантириш ва тарғиб қилиш масалалари муҳокама қилинди

Green University фаолиятини ривожлантириш ва тарғиб қилиш масалалари муҳокама қилинди

Экология вазирлигида Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги вакиллари ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Экология вазири А.Абдуҳакимов, вазир маслаҳатчиси С.Парк, университет ректори Ж.Салихов ва ректорнинг ўқув ишлари бўйича маслаҳатчиси, профессор Х.Пуран иштирок этди.

Учрашувда 2024 йил феврал ойида бакалавриат (таъсис йили) ва магистратура таълим йўналишлари бўйича биринчи ўқув семестрини бошлашга тайёргарлик кўраётган Green University’ни ривожлантириш ва тарғиб қилиш бўйича келгусидаги ҳамкорлик истиқболларига эътибор қаратилди.

Шунингдек, университетнинг ўқув базасини тизимли ривожлантириш, жумладан, мавжуд дастурлар ва профессор-ўқитувчилар таркибини, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш соҳасидаги қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Ректор Ж.Салихов таълим компонентини ишлаб чиқишда инновацион ёндашув муҳим эканлигини, бунда таълим соҳасидаги халқаро экспертлар муҳим рол ўйнишини алоҳида таъкидлади. Хусусан, экология соҳасида олим ва муҳандис, британиялик профессор Пуран университет учун илғор жаҳон тажрибасига асосланган, миллий ва минтақавий контекстларнинг ўзига хос хусусиятларини ўз ичига олган ноёб академик дастурларни ишлаб чиқди.

Ҳозирги кунда университет маъмурияти ҳамкорлик учун Буюк Британия, Янги Зеландия, АҚШ ва бошқа давлатлар халқаро университетларининг турли профессорларини фаол жалб этмоқда.

Йиғилишда талабаларнинг чет тилларини академик ва илмий йўналишларга алоҳида эътибор қаратган ҳолда ўрганишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, университет ҳудудида кутубхона фондини шакллантириш орқали очиқ академик ресурслар маълумотлар базасини ривожлантириш ва мавжуд академик дастурларни рақамлаштириш масалалари ҳам кун тартибидан ўрин олди.

Ўз навбатида, Экология вазири А.Абдуҳакимов қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва уларни муваффақиятли амалга ошириш учун зарур ресурслар билан таъминлашга тайёрлигини билдирди. Томонлар ушбу ҳамкорлик атроф-муҳит ва иқлимшунослик соҳасида инновацион ютуқларга олиб келиши, шунингдек, соҳада малакали мутахассислар тайёрлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Шунингдек, ректор Ж.Солиҳов таклиф этилган етакчи хорижий экспертлар иштирокида турли долзарб экологик мавзуларда «Яшил мулоқот-2024» бепул ва барча учун очиқ маърузалар туркумини ўтказиш ташаббусини илгари сурди.

Маълумот учун, 2024 йил январ ойида ушбу туркум доирасида иккита маъруза ўтказиш режалаштирилган эди, улардан бири муваффақиятли ўтказилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг