Ўзбекистон газ ёрдамида электр ишлаб чиқаришни 2 бараварга оширмоқчи
Электр энергияси ишлаб чиқаришда қуёш, шамол ва гидроэнергетика улушини ошириш режаларига қарамай, Ўзбекистон газдан фойдаланган ҳолда электр энергияси ишлаб чиқаришни деярли 2 баравар оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 1 ноябрь куни Санкт-Петербург халқаро газ форумида маълум қилди.
«Қайта тикланадиган энергияни жорий этиш бўйича жуда катта режаларимиз, хусусан, қуёш ва шамол энергияси улушини кўпайтириш, янги энергия сақлаш тизимларини яратиш, гидроэнергетика устида ишлаш кабилар борлигига қарамай газдан воз кечмаймиз. Ҳозирда электр энергиясининг 75 фоизи газдан фойдаланиб ишлаб чиқарилмоқда.
Қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасида янги ишлаб чиқариш қувватлари билан бир қаторда газ учун ҳам янги ишлаб чиқариш қувватларини жорий этмоқдамиз. Жорий йилнинг ўзида биз 1,5 ГВт қувватга эга янги буғ-газ станцияларини ишга туширмоқдамиз… Умумий ишлаб чиқаришда табиий газ истеъмоли даражасини сақлаб қолган ҳолда, газ ишлаб чиқариш ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқаришни қарийб икки баравар оширишни режалаштирганмиз. Яъни, табиий газ керак, биз бу йўналишда ишлашда давом этамиз», – деган у.
Ўзбекистон газни Туркманистондан, 7 октябрдан эса Россиядан импорт қилмоқда. Вазирнинг таъкидлашича, республикада аҳолининг йиллик ўсиши деярли 1 миллион кишини ташкил этади, иқтисодиёт эса қарийб 6 фоизга ўсмоқда, бу эса энергия истеъмолини камида 10−15 фоизга оширади.
«Сўнгги олти йил ичида электр энергияси истеъмоли 40 фоизга ошди ва 2030 йилгача ҳам худди шундай суръатда ўсишни кутмоқдамиз. Табиийки, савол туғилади, буни қандай таъминлаш керак? Дарҳақиқат, биз газ қазиб олувчи давлатмиз, авваллари соф экспортчи бўлганмиз, аммо ҳозирги шароитда иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини таъминлаш учун табиий газни импорт қилишга мажбурмиз», – деган Мирзамаҳмудов.
Бундан ташқари, Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистон ва Россия газ-кимё соҳасида газни қайта ишлашни 2−3 баробарга ошириш, газ соҳасидаги ҳамкорликни узоқ муддатда ривожлантириш ниятида эканини ҳам маълум қилган. ни режалаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 7 октябрь куни Россия Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга газ етказиб беришни бошлаганди. 3 ноябрь куни мазкур йўналиш бўйича «Газпром»дан 300 млн куб метр газ етказиб берилгани маълум қилинди. 2023 йил охиригача Қозоғистон 800 миллион куб метрга яқин Россия газини Ўзбекистонга етказиб беришни режалаштираётгани айтилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter