Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Франциянинг Orano компанияси Жанубий Жонгелди уран конини ўзлаштиради

Франциянинг Orano компанияси Жанубий Жонгелди уран конини ўзлаштиради

Франциянинг Париж шаҳрида Orano Mining (Франция), ITOCHU Corporation (Япония) ва «Навоийуран» давлат корхонаси (Ўзбекистон) ўртасида битим имзоланди.

Битим Навоий вилоятининг Томди туманида жойлашган «Жонгелди» конида уран ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва бошқа қўшма лойиҳалар доирасида геология қидирув ишларини жадаллаштиришга қаратилган.

Битимга кўра, «Жонгелди» конини ӯзлаштиришнинг биринчи босқичида дастлабки ҳисоб-китобларга асосан, лойиҳа учун дастлабки капитал инвестициялар тахминан 100 миллион долларини ташкил этади. Конининг бутун фаолияти давомида эса жами капитал инвестициялар ҳажми 200 миллион доллардан ошиши кутилмоқда.

Уран ишлаб чиқариш ҳажми йилига ўртача 500 тоннани, энг юқори чўққида эса йилига 700 тоннагача етади. Капитал инвестицияларни йўналтириш даври уч йилни ташкил этади.

Битим шартларига мувофиқ, «Жонгелди» лойиҳасининг асосий сармоядорлари хорижий компаниялар ҳисобланади. Шу билан бирга, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ва лойиҳани «Навоийуран» давлат корхонасининг мавжуд саноат инфратузилмасига интеграция қилиш мақсадида «Навоийуран» ДК лойиҳанинг операцион бошқарувчиси этиб тайинланди.

Маълумот учун, Франциянинг Orano компанияси  – ядровий материаллар соҳасида етакчи халқаро компания бўлиб, уран қазиб олиш, қайта ишлаш ва ядровий ёқилғи цикли бўйича юқори қийматли ечимларни таклиф этади.

Япониянинг ITOCHU корпорацияси эса дунёдаги етакчи савдо ва инвестиция компанияларидан бири бўлиб, металл, минераллар, энергия ва саноат соҳаларида йирик лойиҳаларни амалга оширади. Компания жаҳон бозоридаги позитсиясини мустаҳкамлаш ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун инновацион ечимларни жорий этишни давом эттирмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг