Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

“Бир ойлик муддати қолган бўлса ҳам олманг, йўқса эртага “аптекама-аптека” югурасиз»”. Эркинжон Турдимов самарқандликларни огоҳликка чақирди

“Бир ойлик муддати қолган бўлса ҳам олманг, йўқса эртага “аптекама-аптека” югурасиз»”. Эркинжон Турдимов самарқандликларни огоҳликка чақирди

Эркинжон Турдимов Самарқанддаги озиқ-овқат савдо дўконларида муддати ўтиб кетган маҳсулотлар ҳам сотилаётгани юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказган. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматига кўра, вазиятни ўрганиш мақсадида вилоят ҳокимлиги томонидан ишчи гуруҳ ташкил этилган.

«Жаҳлим чиққани, уч ойлик бола истеъмол қиладиган «Малютка»ларнинг ҳам муддати 6 ойлаб ўтиб кетган. Сотувчи буни билса-да, халқимизни алдаб сотаётганини кечириб бўлмайди», – деган ҳоким видеоселектор йиғилишида.

Ишчи гуруҳ Самарқанд шаҳри, Самарқанд ва Булунғур туманидаги савдо объектларида бўлиб, кўп жойларда яроқлилик муддати ўтиб кетган ёки ишлаб чиқариш муддати кўрсатилмаган колбаса, пишлоқ маҳсулотлари сотилаётганига гувоҳ бўлган.

Тўрт кунлик ўрганиши давомида 41 та савдо шохобчасини ўрганилган ва уларда 1736 дона яроқлилик муддати ўтган маҳсулотлар борлиги аниқланди.

«Ҳурматли дўкондорлар, дўконнинг эгасимисиз? Озиқ-овқат сотяпсизми? Ноинсофлик қилманг, муддати ўтган маҳсулотларни сотманг. Йиғиштириб олиб кетинг. Бўлмаса, биз сизни йиғиштириб олишга мажбур бўламиз», деди вилоят раҳбари Эркинжон Турдимов озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи дўкондорларга қарата.

Ҳоким самарқандликларга мурожаат қилиб, харид чоғида албатта, маҳсулотларнинг яроқлилик муддатини текшириб олишга чақирган.

«Самарқанд вилояти аҳолиси, нимаики сотиб оладиган бўлсангиз, «сроги»га қаранг. Илтимос қилиб сўрайман. Чунки дўконларимизда виждонини ютган сотувчилар ҳам, мулкдорлар ҳам йўқ эмас экан. Айримлар муддати бир кун ўтиб кетганини билмай қолиши мумкин, лекин ойлаб муддати ўтиб кетган маҳсулотлар ҳам сотиляпти. Бир ойлик муддати қолган бўлса ҳам олманг, барибир бу бирор куни ўзининг салбий таъсирини кўрсатади. Эртага фарзандингизнинг соғлиғи учун топган маблағингизни сарфлаб, «аптекама-аптека» югурасиз», – дея куйиниб гапирган Эркинжон Турдимов.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг