Энди ҳеч ким хато ёзмайди
Бугун, 25 август куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси ва Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан «Tahrirlovchi.uz» лойиҳаси ҳамда «Ахборот технологиялари атамаларининг изоҳли луғати» китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Таъкидлаш керакки, ушбу лойиҳалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» фармони доирасида амалга оширилди. «Tahrirlovchi.uz» лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги «UZINFOCOM» ягона интегратор МЧЖ томонидан яратилган.
Ушбу веб-ресурсда сўзларни, гапларни ва матнни кирилл ёзувига асосланган ўзбек алифбосидан лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ёки лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидан кирилл ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тезкор, бехато ва автомат шаклда ўтказиш, кирилл ҳамда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифболарида ёзилган сўзларнинг хатоларини аниқлаш, кирилл ҳамда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида хато ёзилган сўзлар учун тўғри сўзларни танлаш имкониятларини яратилди.
Тизимга «ўзбек тилининг ўқув имло луғати»дан ўрин олган 25000 дан ортиқ сўз ва «ўзбек тилининг изоҳли луғати» га киритилган 80000 дан ортиқ сўз ва сўз бирикмалари киритилган.
«Ахборот технологиялари атамаларининг изоҳли луғати» алифбо тартибида жойлаштирилган 10 000 га яқин атамани ўз ичига олган бўлиб, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги «UNICON.UZ» ДУК мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган. Мазкур изоҳли луғатни яратишдан кўзланган асосий мақсад Ахборот-технологиялари коммуникация (АКТ) соҳаси ходимлари, олий ва ўрта махсус ўқув юртлари талабалари ҳамда барча қизиқувчилар фойдаланилиши мумкин бўлган терминологик базани шакллантириш, АКТ соҳасида ўзбек тилини жорий қилиш имкониятини янада кенгайтириш ҳамда атамаларнинг нафақат ўзбек тилидаги эквивалентини, уларнинг маънодошини ҳам тўғри ва аниқ танлаш имкониятини яратишдан иборатдир.
Шунингдек, ушбу луғатнинг қулай жиҳатларидан яна бири шуки, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги атамалар билан бирга уларнинг таърифлари ҳамда шу атамаларнинг инглиз ва рус тилидаги муқобиллари келтирилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter