Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун боғчалар текин бўлиши мумкин

Эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун боғчалар текин бўлиши мумкин

2023 йил декабрь ойига қадар тегишли вазирликлар мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича Президент қарори лойиҳасини ишлаб чиқишлари керак.

Бу ҳақда «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳасида гап боради.

Қайд этилишича, мазкур ҳужжат билан келгусида эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун боғча харажатларини давлат томонидан тўлиқ қоплаш тизими жорий қилинади.

Шунингдек, тарбияланувчиларни замонавий технологияларга ўргатиш мақсадида мактабгача таълим ташкилотларини компьютер синфлари билан таъминланади ҳамда муқобил энергия манбалари, энергия тежамкор материал ва технологияларни жорий қилиш орқали энергия самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар олиб борилади.

Бундан ташқари, юридик шахсларнинг нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини қуришга сарф этиладиган харажатларни солиқлардан тўлиқ озод қилиш ҳам режалаштириляпти.

Шу билан бирга мактабгача таълим ташкилотларини ичимлик суви билан таъминлаш ва уларнинг санитария-гигиена ҳолатини яхшилаш бўйича чоралар кўриш ҳамда давлат мактабгача таълим ташкилотларида оқсил, витамин ва минераллар билан бойитилган сут, йод билан тўйинтирилган нон маҳсулотлари беришни йўлга қўйиш ҳам назарда тутилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг