Давлат хизматчисига бериладиган йиллик таътилни пулли компенсацияга алмаштирса бўладими? – мутахассис жавоб беради

Савол: Турмуш ўртоғим ҳарбий бўлиб, айни пайтда иш жойи алмашяпти. Ўзим бош бухгалтер бўлиб ишлайман, ишдан бўшашга ариза ёзсам, кадримиз 1 ой ишлаб берасиз деяпти. Келаси ҳафтага бошқа ҳудудга кўчишимиз зарур. Мен 1 ой ишлаб беришга мажбурманми?
Меҳнат кодексининг 160-моддасига кўра, ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини, шунингдек муддати тугагунига қадар муддатли меҳнат шартномасини 14 календарь кун олдин бу ҳақда иш берувчини ёзма шаклда огоҳлантирган ҳолда бекор қилишга ҳақли. Ўз ташаббусига кўра шартнома бекор қилинганда иш берувчини огоҳлантиришнинг бошқа муддатлари ҳам белгиланган. МК 489-моддаси 4-қисмига кўра, раҳбарнинг ўринбосарлари, ташкилот бош бухгалтери, алоҳида бўлинмалар раҳбарлари ўз ташаббусига кўра номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини, шунингдек муддати тугашидан олдин муддатли меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли бўлиб, бу ҳақда иш берувчини бир ой олдин ёзма шаклда огоҳлантириши керак. Шундан келиб чиқиб кадрлар бўлими Сизга 1 ой ишлаб берасиз деган.
Лекин улар МК 160-моддаси 8-қисмини эътиборга олмаган. Унга кўра, меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббусига кўра бекор қилиш тўғрисидаги ариза у ўз ишини давом эттириши мумкин эмаслиги (таълим ташкилотига қабул қилинганлиги, пенсияга чиққанлиги, сайлаб қўйиладиган лавозимга сайланганлиги ва бошқа ҳолларда) билан боғлиқ бўлган ҳолларда иш берувчи меҳнат шартномасини ходим илтимос қилаётган муддатда бекор қилиши керак. 8-қисмда мени вазиятим йўқ-ку дейишингиз мумкин. Эътибор беринг ва бошқа ҳолларда ҳам дейилмоқда.
Олий суд Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги 12-сонли «Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида»ги қарорининг 15-бандига кўра, ишни давом эттира олмаслик ҳолатларининг тахминий рўйхати кўрсатилганлиги муносабати билан, суд низони кўришда бошқа ҳолатларни эътиборга олиши мумкин.
Демак, юқоридагилардан хулоса қилсак, Сизнинг ҳолатингиз МК 160-моддаси 8-қисмига тушади ва иш берувчи меҳнат шартномасини Сиз илтимос қилаётган муддатда бекор қилиши керак. Бунинг учун Сиз турмуш ўртоғингиз ротация бўлаётганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим қилшингиз зарур бўлади.
Савол: Давлат фуқаролик хизматчисига бериладиган 27 календар кунидан кам бўлмаган йиллик асосий таътилни пулли компенсацияга алмаштириш мумкинми?
Ҳа, мумкин. Буни қуйидагича асослаймиз. «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги 54-моддасига кўра, давлат фуқаролик хизматчисига давомийлиги 27 календар кунидан кам бўлмаган йиллик асосий таътил берилади.
Шунингдек, МК 218-моддаси 2-қисмига кўра, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ходимларига давомийлиги 27 календар кун бўлган ҳар йилги асосий узайтирилган таътил берилади, бундан давлат ходимларининг айрим тоифалари учун қонунда ҳар йилги асосий узайтирилган таътилнинг узоқроқ давомийлиги белгиланган ҳоллар мустасно.
МК 234-моддаси 2-қисмига кўра, ходимларга иш даврида уларнинг хоҳишига кўра ҳар йилги меҳнат таътили учун таътилнинг ушбу Кодекснинг 217-моддасида белгиланган энг кам давомийлигидан (21 календар кунидан) ортиқча қисми учун пулли компенсация тўланиши мумкин.
Энди 234-модданинг 3-қисмига эътибор қаратинг. Унга кўра, 18 ёшга тўлмаган ходимларга, 1 ёки 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимларга бериладиган ижтимоий таътилларнинг барча турларидан, ҳар йилги узайтирилган асосий меҳнат таътилларидан, шунингдек ушбу Кодекснинг 481 ва 483-моддаларида назарда тутилган қўшимча таътиллардан асли ҳолида фойдаланилади ҳамда меҳнат даврида уларни пулли компенсация билан алмаштиришга йўл қўйилмайди.
234-модданинг 3-қисми фақат 18 ёшга тўлмаган ходимларга, 1 ёки 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимларга бериладиган ҳар йилги узайтирилган асосий меҳнат таътилларини яъни 30 календарь кун таътилни пулли компенсация билан алмаштиришга йўл қўйилмаслигини белгилаб бермоқда.
Ҳар йилги узайтирилган асосий меҳнат таътиллари бериладиган бошқа ходимлар, шу жумладан, педагог ходимлар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ходимларига, давлат фуқаролик хизматчиларига ҳеч қандай чеклов йўқ.
Демак, хулоса қиладиган бўлсак, давлат фуқаролик хизматчилари ва давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ходимлари 27 календар кун таътилни 21 кунини асл ҳолича, қолган 6 кунини иш берувчи билан келишган ҳолда пулли компенсацияга алмаштиришлари мумкин.
Савол: Ўриндош жойимдан декрет таътили пули олсам бўладими?
«Декрет таътили» ёки «декрет» аслида норасмий оғзаки ифода бўлиб, бунда одатда иккита давр: ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари ҳамда бола уч ёшга тўлгунга қадар парваришлаш учун бериладиган таътиллар назарда тутилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сон қарорига илова «Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 18 ва 19-бандларига кўра, ўриндошлар ўриндошлик асосидаги иш жойи бўйича вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси олиш, аёллар эса, бундан ташқари, ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари олиш ҳуқуқига эгадир. Соғлиқни сақлаш муассасаси томонидан берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхаси ўриндошлик асосидаги иш жойидан нафақа олиш учун асос ҳисобланади.
«Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисида»ги йўриқноманинг 19-бандига кўра, соғлиқни сақлаш муассасаси томонидан берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхаси ушбу Низомнинг 18-бандида назарда тутилган ўриндошлик асосидаги иш жойидан нафақа олиш учун асос ҳисобланади.
Демак, Сиз асосий иш жойингиздан ҳам, ўриндошлик асосидаги иш жойингиздан ҳам ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари олиш ҳуқуқига эгасиз. Бу мулкчилик шаклидан қатъи назар барча ташкилотларга, яъни хусусий секторга ҳам тааллуқли.
Эслаб қолинг, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 49-3-моддасига кўра, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини қонунчиликда белгиланган миқдорларда тўлаш бўйича мажбуриятдан бўйин товлаш, БҲМнинг ўн бараваридан ўн беш бараваригача (4 млн 950 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, БҲМнинг ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача (9 млн 900 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Бола парваришлаш нафақаси эса ўриндошлик жойидан берилмайди, фақат бюджетдан ташқари бўлган асосий иш жойидан берилади.
Эслаб қолинг, бола парваришлаш нафақаси бюджет ташкилотларида тўланмайди.
Саволларингизни @xabargayoz_bot га жўнатишингиз мумкин.
Саволларга экспертимиз Муҳаммадамин Каримжонов
жавоб берган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter