Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Чилонзор туманида қўшимча иссиқлик таъминоти манбаи ишга туширилди

Чилонзор туманида қўшимча иссиқлик таъминоти манбаи ишга туширилди

Бугун, 14 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида ишга туширилган когенерация иншоотини ҳам кўздан кечирди.

Маълумки, ўтган қишдаги аномал совуқда иссиқлик таъминотида узилишлар рўй берди. Чилонзор туманинг Оқтепа ва Боғзор маҳаллалари вазият мураккаб бўлган ҳудудлардан эди. Бу ерда 50 та кўп қаватли уй, 7 та ижтимоий муассаса ва ўнлаб тадбиркорлик шохобчалари бор.

Ушбу ҳолатнинг такрорланишига йўл қўймаслик учун бу ерда бир вақтнинг ўзида иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқарадиган когенерацион қурилмалар ишга туширилди. Улар соатига 4,6 МВт электр энергияси ҳамда 29 гигакалориядан ортиқ иссиқлик ишлаб чиқариш қувватига эга. 

Туркиянинг «Iltekno» компанияси билан биргаликда амалга оширилган лойиҳага Германиядан газ-поршенлар ҳамда «Bosch» қозонлари келтириб ўрнатилди. Шунингдек, қозонхонадан истеъмолчиларгача бўлган барча иссиқлик таъминоти инфратузилмаси реконструкция қилинди. Иссиқлик магистрали алмаштирилди, ҳар бир турар жой биноси ва ижтимоий объектларда алоҳида иссиқлик тақсимлаш пунктлари ўрнатилди. Жами 13 минг метр узунликдаги иссиқлик тармоқларини янги, изоляцияли қувурларга алмаштириш ҳисобига тўлиқ ёпиқ тизимга ўтказилди ва йўқотишлардан ҳимоя қилинди.

Лойиҳанинг яна бир самарали жиҳати - иссиқлик тақсимлаш пунктлари махсус датчиклар билан жиҳозланган. Ҳаво совиб ёки исиб кетишига қараб, уй ичидаги ҳарорат мўътадил сақлаб турилади.

Мажмуа ишга туширилиши натижасида йилига 5,3 миллион метр куб табиий газ иқтисод қилинади. Атмосферага чиқадиган ифлослантирувчи моддалар 67 фоиз камаяди, оқова сув ташланмалари эса умуман бўлмайди.

Боғзор ва Оқтепа маҳаллаларидаги трансформаторлар алмаштирилди, электр узатиш тармоқлари янгидан тортилди. Бунга қўшимча, кўп қаватли уйлар тепасига қуёш панеллари ўрнатилмоқда.

Шу ерда Тошкент шаҳри ва тегишли соҳалар мутасаддилари куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича ахборот берди. Давлатимиз раҳбари энергетика, коммунал, қурилиш ва сервис компаниялари каби барча воситаларни сафарбар қилиб, таъмирлаш ишларини якунига етказиш, энергия ва иссиқлик таъминоти барқарор қилиш, бу борада халқ назоратини йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг