Боғча директорлари учун ўринбосарлар тайинланади ва маошига устама берилади
2025 йил 1 январдан бошлаб мактабгача таълим ташкилотларининг тарбиячи-методист лавозими негизида амалдаги меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини сақлаб қолган ҳолда мактабгача таълим ташкилотининг директори ўринбосари лавозими жорий этилади.
Бу ҳақда «Мактабгача таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармонида белгилаб қўйилди.
Шунингдек, ҳужжат билан барча туман (шаҳар)ларда камида биттадан таянч мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилади ҳамда таянч мактабгача таълим ташкилотлари директор ўринбосарларидан малакали тренерлар гуруҳи шакллантирилади.
Тренер сифатида фаолият юритаётган директор ўринбосарларига эса лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида қўшимча ҳар ойлик устама ҳақ тўланади.
Бундан ташқари, ҳужжатга кўра, 2026-2027 ўқув йилидан бошлаб мактабга тайёрлов гуруҳларини битирган болаларга уларнинг ривожланиш харитаси асосида бир йиллик мактабга тайёрловдан ўтганлик ҳақида электрон сертификат бериш тартиби йўлга қўйилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter