Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Аёллар дафтари»га кириш тартиблари ўзгариши мумкин

«Аёллар дафтари»га кириш тартиблари ўзгариши мумкин

Сўнгги пайтларда масъул ташкилотларни чалғитиш орқали турмуш ўртоғи билан никоҳини бекор қилдирган шахслар ижтимоий ёрдам олиб, уй-жойга эга бўлаётганлиги ҳолатлари кўпаймоқда.

«Бу эса иқтисодий аҳволини яхшилашга эҳтиёжманд хотин-қизларнинг эътибордан четда қолиб кетишига сабаб бўлмоқда», – дейилади Оила ва хотин-қизлар қўмитаси маълумотида.

«Хусусан 2023 йил январь-март ойларида жами бўлиб, 13 102 та оилавий ажралишлар қайд этилган. Бу миқдор 2022 йилнинг шу даври (12 164 та)га нисбатан 938 тага, яъни 7,7 фоизга ошган.

Бу эса ўз ўрнида, уй-жойга эга бўлиш, касб-ҳунарли бўлиш, иқтисодий аҳволини ўнглашга эҳтиёжманд аҳолининг давлат ижтимоий ёрдамини олишини чеклаб ўзига хос тўсиқ бўлмоқда», – дейилади Қўмита муносабатида.

Қўмита юқоридаги сабабларга кўра, Ҳукуматнинг 145-сон қарори билан тасдиқланган «Аёллар дафтари»ни юритиш орқали хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисида низомга қўшимча киритишни таклиф қилмоқда.

Унга кўра, «Аёллар дафтари»га киритиладиган хотин-қизлар рўйхатини шакллантиришда комиссия томонидан ижтимоий ёрдам олиш учун никоҳи бекор бўлган аёлнинг умумий рўзғор асосида эр-хотин бўлиб яшаётганлиги аниқланса, масъул ташкилотларни чалғитиш деб ҳисобланади ва мазкур дафтарга киритиш рад этилади.

Маълумот учун, 2020 йилдан бошлаб йўлга қўйилган «Аёллар дафтари» тизими орқали қарийб 2,5 миллиондан ортиқ хотин-қизларга ижтимоий-иқтисодий, тиббий, ҳуқуқий ва психологик кўмак бериш учун 5,1 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг