АҚШ Украинага 250 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакети ажратади

АҚШ маъмурияти Украинага Россияга агрессиясидан ҳимояланиш учун яна 250 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакети юборади. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ўз баёнотида айтиб ўтди.
Бу сафарги ҳарбий ёрдам пакетига ҳаво мудофааси учун AIM-9 ҳаво-ҳаво ракеталари, HIMARS MLRS ўқ-дорилари, 155 мм ва 105 мм артиллерия снарядлари, миналарни тозалаш ускуналари, Javelin ва бошқа танкка қарши тизимлар ва ракеталар, 3 миллиондан ортиқ ўқ отар қуроллар, тез ёрдам машиналари ва ўқ-дорилар кирган.
Блинкеннинг таъкидлашича, Қўшма Штатлар, шунингдек, унинг бошқа ҳамкорлари ва иттифоқчилари Украинани «керак бўлган вақтгача» қўллаб-қувватлайди.
Блинкен ўз баёнотида яна бир бор Россия бу урушни бошлаганини ва Украинада минглаб тинч аҳолининг ўлимига олиб келган қон тўкилишини тўхтатиш Россиянинг қўлида эканлигини эслатди.
Маълумот ўрнида, Россиянинг Украинага босқини бошланганидан бери Қўшма Штатлар Киевга 66,2 миллиард доллар ёрдам кўрсатган. Шундан қарийб 44 миллиард доллари ҳарбий эҳтиёжлар учун бўлган. Бу билан Украина Иккинчи жаҳон урушидан бери АҚШдан энг кўп ёрдам олган давлатга айланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter