Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ACTIVIST блогерининг 15 суткага қамалиши сабаби маълум қилинди

ACTIVIST блогерининг 15 суткага қамалиши сабаби маълум қилинди

You Tube платформасида истеъмолга яроқсиз ва муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотлариа қарши курашиб келаётган ACTIVIST лойиҳаси муаллифи Ҳожиакбар Носировнинг 15 суткага қамалгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Тошкент шаҳар ИИББ мазкур маъмурий жазонинг сабабларини маълум қилди.

Унга кўра, блогер жорий йилнинг апрель ойида тайёрлаб эълон қилган материалида савдо дўконларининг бирида сотилаётган турли йогурт маҳсулотларининг ҳаммаси ҳаром эканлиги боис уларни истеъмол қилмаслик ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтган.

Ўтказилган текширув давомида Ҳожиакбар Носиров юқорида келтирилган видеоролик орқали фуқароларга турли ишлаб чиқарувчи компаниялар маҳсулоти бўлган йогуртларнинг таркибида «кармин» моддаси мавжудлиги сабабли уларни истеъмол қилиш мумкин эмаслиги хусусидаги фикрларини тегишли соҳа мутахассисларидан хулоса олмаган ҳолда ўз ташаббусига кўра шахсий диний қарашларидан келиб чиққан ҳолда билдирганлигини маълум қилган.
ИИББга кўра, Конституциянинг 25-моддасига асосан ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик, шунингдек 27-моддасига биноан шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон фуқароларининг юқоридаги кафолатларига монелик қилиш мумкин эмас. Айниқса алоҳида шахсларнинг ўз ташаббуси орқали турли масалаларга диний тус бериш орқали ўзгаларнинг шахсий ҳаётга аралашишига йўл қўйилмайди.
Шунингдек, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 35-моддаси ва «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг 10-моддаси талаблари ҳам бузилган.

Пойтахт ИИББ юқоридагиларни инобатга олиб, Ҳожиакбар Носировга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-3-(Миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш) ва 194-моддаларига (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) асосан маъмурий баённома расмийлаштирилганини маълум қилди.

Йиғилган ҳужжатлар эса тегишлича жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судига юборилган ва суд блогерга нисбатан 15 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг