3 нафар болани ёқиб юбориш билан қўрқитган аёл воқеаси Болалар омбудсмани назоратига олинди
Телеграм-каналларда бир аёлнинг 3 нафар кичик ёшдаги болаларга нисбатан шавқатсиз муомалада бўлиб, уларни ёқиб юбориш билан бевосита таҳдид қилиши акс этган видео тарқалди. Болалар омбудсмани ҳолат юзасидан баёнот берди.
«Дастлабки маълумотларга кўра, мазкур ҳолат Хоразм вилояти, Урганч туманида бўлган. Ҳозирда бу ҳолатни тўла аниқлаш бўйича ички ишлар органлари томонидан зудлик билан суриштирув ишлари олиб боришга киришилди. Боланинг ҳаёти ва соғлиғи давлат ҳимоясидадир. Ҳолат бўйича қўшимча маълумот берилади», дейилади баёнотда.
Таъкидланишича, мазкур ҳодиса Болалар омбудсманининг алоҳида назоратига олинган.
Маълумот учун, болаларга нисбатан бундай жиноий ҳаракатлар уларнинг ота-онаси ёки бошқа яқин қариндошлари томонидан содир этилишидан қатъий назар, айбдор шахсларни қонунда кўзда тутилган жавобгарликка тортилади.
Эслатиб ўтамиз, узоқ йиллар мобайнида юридик олий таълим ташкилотларида, шунингдек, суд ва прокуратура органлари тизимида самарали фолият кўрсатиб келган 1-даражали адлия маслаҳатчиси, юридик фанлар доктори, профессор Сурайё Раҳмонова 28 октябрь куни Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили этиб сайланганди.
Бунга қадар ушбу лавозимда ишлаб келган Алия Юнусова ижтимоий тармоқдаги саҳифасида «мавжуд вазият» сабаб ўз истаги билан ишдан кетаётганини маълум қилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter