2 кун ичида расмийлаштирилмаган радар жаримасини бекор қилиш таклиф этиляпти
Ҳукуматнинг тегишли қарори лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 271-моддасига тегишли қўшимчаларни киритиш таклиф этилмоқда.
Лойиҳага кўра, мазкур модда 12 ва 13-қисмлар билан тўлдирилиб, унда:
- махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги қайд этилган ҳолларда транспорт воситасининг мулкдори ёки уни бошқарган шахс тўғрисида маълумот мавжуд бўлмаганда;
- махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлига доир маълумотлар жарима солиш тўғрисидаги қарорни чиқаришга масъул бўлган ваколатли шахсга 48 соат ичида юборилмаган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошламаслик, бошланган иш эса тугатилиши лозимлиги белгиланмоқда.
Ўз навбатида МЖтКнинг 17-1-моддаси ҳам 5-қисм билан тўлдирилади. Унда «махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги қайд этилган пайтдан эътиборан 48 соат ичида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлига доир маълумотлар жарима солиш тўғрисидаги қарорни тузишга ваколатли шахсга юборилмаган тақдирда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни истисно этувчи ҳолат деб топилиши ва маъмурий иш ушбу Кодекснинг 271-моддасига мувофиқ тугатилиши» кўзда тутиляпти.
Қайд этилишича, бугунги кунда махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситаларини белгиланган тартибда ўрнатган тадбиркорлар томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳодисаларини ўз вақтида юбормаслик ҳолатлари юзага келмоқда, ушбу ҳолат эса фуқаролар томонидан эътирозлар билдирилишига олиб келмоқда.
Мисол учун, ҳайдовчи ўз транспорт воситасида йўл ҳаракати қоидаларини бузмоқда ва транспорт воситасини сотиб юбормоқда, бироқ содир этилган қоидабузарлик тўғрисидаги ҳодиса (маълумот) ўз вақтида тақдим этилмаганлиги сабабли, жарима солиш тўғрисидаги қарор ушбу транспорт воситасини сотиб олган шахсга юборилмоқда, бу эса ўз навбатида фуқаролар томонидан ушбу ҳолат юзасидан ЙҲХХга эътироз билдиришига ва шикоятлар билан мурожаат қилишига олиб келяпти.
Шунга асосан, фуқароларга қулайлик яратиш ва МЖтКнинг 36-моддасида белгиланган талаб ўз вақтида ижро этилишини таъминлаш мақсадида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ҳодиса жарима солиш тўғрисидаги қарорни чиқаришга масъул бўлган ваколатли шахсга 48 соат ичида юбориш тартибини жорий этиш таклиф қилинмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter