Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

15 май – Халқаро иқлим куни: хавотирланишга асос бор...

15 май – Халқаро иқлим куни: хавотирланишга асос бор...

фото: pinterest.com

40-42 даража иссиқ одатда ёзнинг саратонида бўлиши керак. Аммо май ойининг ўртасидаёқ, айни пайтда жазирама иссиқнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Бу нимадан дарак? Бу иқлимнинг кескин ўзгараётганидан далолат. Бу ўзгаришлар ер юзидаги барча тирик мавжудотлар учун нохуш оқибатларга олиб келади.

Иқлим – маълум бир географик ҳудудга хос бўлган об-ҳаво модели. Ёки соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, иқлим – йилнинг маълум бир давридаги биз кўниккан об-ҳаво. Нафақат одамлар, балки маълум бир яшаш жойининг барча аҳолиси: қушлар, ҳайвонлар, ўсимликлар, ҳашаротлар юзлашадиган табиат ҳодисалари йиғиндиси. Иқлим ўзгариши бутун сайёра учун салбий оқибатларга олиб келади. Масалан бу йил апрель ва май ойида ёғингарчилик бўлмади ва бу ўт-ўланларнинг эрта сарғайишига олиб келди...

Ушбу куннинг тарихи метеорологларнинг хавотири ва огоҳлантиришлари билан бошланган. Яъни муаммога эътиборни жалб қилиш учун Халқаро иқлим куни ташкил этилди. 1992 йилда Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган Ер саммитида 180 та давлат вакиллари иштирок этди ва унинг доирасида БМТ доиравий конвенцияси қабул қилинди. У озон қатламининг ҳолатини тартибга солувчи олдинги декларациялар ва протоколларга асосланган эди.

Конвенцияда атроф-муҳитни инсон таъсиридан ҳимоя қилишга қарор қилинган асосий қоидалар мавжуд. Кейинчалик сайёрамиздаги иқлимни барқарорлаштиришга қаратилган бошқа муҳим ҳужжатлар имзоланди.

Айни пайтда бутун дунёдан 11 000 дан ортиқ олимлар «Жаҳон олимларининг иқлим бўйича фавқулодда огоҳлантириш»га қўшилганлар. Дунёнинг 197 та давлати иқлим ўзгаришини муҳим муаммо деб ҳисоблайди ва уни ҳал қилиш учун ҳаракат қилмоқда.

Халқаро иқлим куни нафақат олимлар, балки сайёрамизнинг барча аҳолисини иқлим ўзгариши муаммосининг аҳамиятига эътибор беришга чақиради.

Бу кунни байрам деб эмас, балки таълим бериш, табиат, экология бўйича билимларни кенгайтириш куни деб ҳисоблаш лозим.

Чунки иқлимни сақлаш бугунги кунда инсоният олдида турган энг катта муаммолардан биридир. Глобал исиш, табиий офатлар, сайёрадаги об-ҳавонинг кескин ўзгариши – буларнинг барчаси Ер иқлимининг ёмонлашишига олиб келади ва натижада озиқ-овқат, одамларнинг ҳаёти ва мулкий хавфсизлигига, табиий ресурсларнинг ҳолатига ва давлатларнинг мувозанатли ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Масалан, энг катта иқлим ўзгариши Арктикада кузатилади. Бу эса ўша ерда яшайдиган ҳайвонот оламига таъсир қилади, сув тошқинларини тезлаштиради.

Иқлим ўзгариши нафақат сайёрамизга, балки иқтисодиётга ҳам таҳдид солмоқда. Глобал исиш дунёда иқтисодий тенгсизликни кучайтирмоқда.

Ердаги глобал иқлим ўзгариши аслида янгилик эмас. Сайёрамизнинг тарихи музнинг бир неча марта олдинга силжиш ва чекиниш даврини ўз ичига олади. Бироқ, океан, музлик ва лава конларида топилган қадимий далиллар шуни кўрсатадики, бундай иқлим ўзгаришлари бизнинг давримизда ўтмишдагига қараганда анча тез содир бўлмоқда. Иқлим ўзгариши ғайритабиий офатларга олиб келади – қурғоқчилик, ёнғинлар, тошқинлар, зилзилалар. Шу боис экологик вазиятни яхшилашга ўз ҳиссамизни қўшишимиз, атроф-муҳитга етказадиган зараримизни камайтиришимиз муҳим. Буни ҳар бир одам уддалаши мумкин: атроф-муҳит тозалигига эътибор қаратиш, дарахтлар, буталар экиш, чиқиндиларни йиғиш, сувдан оқилона фойдаланиш.

Бугун яна Халқаро иқлим куни муносабати билан шу соҳага оид китобларни ўқиш, конференцияларда қатнашиш, ҳужжатли ва бадиий фильмларни томоша қилиш иқлим ўзгариши билан боғлиқ билимларингизни янада кенгайтиради ва сизни огоҳликка чорлайди.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг