ЮНЕСКО Бош директори Самарқандга келди
Эртага Самарқанд шаҳрида «Моддий ва номоддий маданий меросни асраш: долзарб муаммолари ва уларни ҳал қилиш стратегияси» мавзусида халқаро конференция ҳамда «Шарқ тароналари» ўн иккинчи халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиш маросими ўтказилади.
Мазкур тадбирларда иштирок этиш учун 25 август куни Самарқандга БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) Бош директори Одри Азуле хоним ташриф буюрди.
Юқори мартабали меҳмонни «Самарқанд» халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Абдуҳакимов, Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов кутиб олди.
ЮНЕСКО БМТнинг 17 та ихтисослашган муассасаларидан бири бўлиб, 1945 йил 16 ноябрда тузилган. Ташкилотнинг бош қароргоҳи Париж шаҳрида жойлашган. Бугунги кунда ЮНЕСКОга 195 мамлакат аъзо. Ўзбекистон ташкилотга 1993 йил 26 октябрда аъзо бўлган.
Ўзбекистон билан ушбу ташкилотнинг ҳамкорлиги изчил ривожланмоқда. Мамлакатимиз ЮНЕСКО Ижроия кенгаши таркибига икки марта сайланган.
Самарқандда эртага ўтказиладиган халқаро конференция ҳамда «Шарқ тароналари» мусиқа фестивали ҳам ЮНЕСКО шафелигида ташкил этилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter