«Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ» медиа-ҳафталиги бўлиб ўтади
3 май – Бутунжаҳон матбуот эркинлиги кунида «Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ» медиаҳафталигининг очилиши бўлиб ўтади. Беш кун давомида ўнлаб конференциялар, мастер-класслар, фильмлар намойишлари, фестиваллар, ижодий учрашувлар, форумлар ва тақдимотлар ўтказилади.
Медиаҳафталик ташкилотчилари – Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (ЎзЭОАВМА), MY5 телеканали, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссияси, ЮНEСКО ишлари бўйича комиссия, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Ўзбекистон Кинематография агентлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи.
Ҳафталикнинг барча тадбирлари ёш журналистлар, иқтидорли ёш мутахассислар ва талабаларнинг касбий маҳоратини, билим даражасини оширишга, ижодий ва касбий ривожлантиришга йўналтирилган.
Шу муносабат билан ҳафталик тадбирларнинг аксарияти ёшларга бағишланган – махсус тақдимотлар ва медиа-тадбирлар, мамлакатнинг олий таълим муассасалари ва етакчи оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорлик меморандумларининг имзоланиши, иқтидорли ёшларга махсус жиҳозларни тақдим этиш маросими, ёшлар медиа-студияларининг очилиш маросими, ёш киноижодкорлар томонидан суратга олинган фильмларининг очиқ намойишлари ва бошқа тадбирлар.
Медиаҳафталикда Сенат ва Қонунчилик палатаси вакиллари, миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг ижодий ва техник ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари матбуот хизматлари раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари, нодавлат телеканаллар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари, журналистика факультети талабалари, ёш авлод вакиллари иштирок этишади.
Ҳафталик доирасидаги тадбирларга медиа-эксперт Рене Фалькнер (Германия), «Россия сегодня» халқаро ахборот агентлиги бош директори, «Вести Недели» дастурининг муаллифи ва бошловчиси Дмитрий Киселёв, телебошловчи ва документалист Валдис Пельш, документалист ва телережиссёр Саида Медведева каби мутахассислар таклиф этилган. Шу билан бирга тадбирда Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган Туркия ва Буюк Британиянинг етакчи нашрлари журналистлари иштирок этишади.
Ҳафталикнинг дастури турли форматдаги тадбирларни ўз ичига олади. Хусусан, таклиф қилинган меҳмонларнинг махсус учрашувлари ва маҳорат дарслари, «Янги Замон» ахборот-таҳлилий дастури янги павильонининг очилиш маросими, «Янги Ўзбекистон - янги медиа. Муваффақият сири» мавзусида мамлакатнинг таниқли журналистлари ва медиа-экспертлари иштирокида очиқ мулоқот, телебошловчи ва документалист Валдис Пельшнинг телебошловчилар гуруҳи учун мўлжалланган тренинги, «Шум бола-2021» халқаро кинофестивали.
«Янги Ўзбекистондаги ҳаётимиз жадал равишда ривожланмоқда ва атрофдаги барча нарсаларнинг, шу жумладан, медиамаконнинг трансформациясини талаб қилмоқда. Одамлар ижтимоий тармоқлар, телевидениега кўпроқ қизиқяптилар ва шу сабабдан медиа, истеъмолчиларнинг талабларига қараб ишлаши керак. Шу ўринда Ўзбекистон 60 фоизи ёшлардан иборат мамлакат эканини ҳисобга олиш лозим. Шунинг учун ёшлар талабига жавоб бера оладиган контентни ярата билиш муҳим. Бундай контентни фақат ҳар қандай форматда ишлай оладиган, серқирра ва мамлакат ҳаётини тезкорлик билан ёрита оладиган ёш авлод журналистлари, мултимедия контент муаллифлари яратиши мумкин», - дея таъкидлади Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси раҳбари Фирдавс Абдуҳолиқов.
Медиаҳафталик тадбирлари 2021 йил 3-7 май кунлари пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида, шунингдек, маҳаллий телеканалларнинг студияларида бўлиб ўтади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter