Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Яна чиққан жондек ёнар лолалар». Туйғулар жа(ра)нги

«Яна чиққан жондек ёнар лолалар». Туйғулар жа(ра)нги

«Асқар Маҳкам ижоди» телеграм-канали бор. Шоирни шу телеграм-канал орқали яхшироқ таниганман.

Ўзбек адабиётини форс-тожик ва туркий классик шоирларимизнинг адабий мероси билан бойитган шоир таржимон Асқар Маҳкам шеърларида бизнинг ҳаётимиз бор, изтиробларимиз бор. Илк ўқиган шеърим ковуш ҳақида эди. Мен ушбу шеърни ўқиб момоларимизни, бувиларимизни кўргандек бўлганман. Бувисига атаб ёзган бир неча шеърлари орқали оналаримиз, бувиларимизнинг қувончдан ҳам кўра дардлари кўп бўлганини англаймиз. Шоирнинг бувиси шоир учун қаҳрамон эди. Барча ситамларни ичга ютган, меҳнатдан бошқа нарсани билмаган кампир бувиси шоир учун матонатли қалб соҳибаси эди. Чунки шоирнинг назарида бувисигина ҳар қандай шароитда ўзининг инсон эканлигини унутмаган бир муштипар эди.

...Остонада лойга беланган

кўҳнагина кампир ковуши

калласини бўйнига қўйиб

мудраётган итдек ётарди...

Менинг кампир бувим ковуши...

Патаклари йўқ эди унинг...

Маъракани кўрмаган ковуш....

дабдабани кўрмаган ковуш.

Нурсиз эди... униққан эди...

Жияклари сўкилган эди...

Ковушнинг патаги йўқлиги, жияклари сўкилгани, ҳеч қаерни кўрмаган, уй юмушлари, адоқсиз ташвишлардан ортмаган момоларимизга берилган ҳаққоний таъриф эди.

Қишлоғимизда, тоғлар орасида «кесган тош» деган жой бор. Тошнинг қоқ иккига бўлинган жойи қорайиб кетган. Баъзида табиатнинг ишига ҳайрон қолмасликнинг иложи йўқ, тошки иккига бўлинса. Қалб ҳам худди шундай — осонликча юмшамайди ёки осонликча тошга айланмайди. Агар момоқалдироқдек ва унинг ортидан келадиган чақиндек бир кучли туртки бўлмаса.

Асқар Маҳкамнинг биргина ўша «Шеърига ўхшамаган шоир шоир эмас» деган гапига эътибор беринг-а.

Биргина сатр туфайли сиз ёзгани ўзига ўхшамайдиган ёки ёзганига ўхшайдиган ижодкорларни англаб бошлайсиз. Ёзгани ўзига ўхшамайдиган ижодкорнинг ижоди ҳам қалбингизда ҳеч қандай ҳисларни уйғотмайди. Чиройли сўзларни маржондек тизиб, Виждон, Диёнат Садоқат, Вафо ҳақида ёзадиганларнинг кўпчилигида айнан ана шундай фазилатлар етишмайди. Қаердадир ўқиганим бор: «Эътиқоди ва амал бир бўлган ижодкор шахсга айланади». Асқар Маҳкамнинг эътиқоди ва амали бир шоир эди. Ва шоирнинг ҳар бир шеъри сиздан ҳам шуни талаб қилади. Гўёки, иймонинг йўқми, виждонинг йўқми мени ўқима деётгандек бўлади. Бирор шеърида виждон ёки иймон сўзини учратмасангизда иймондан, виждону садоқатдан сабоқ оласиз. Асқар Маҳкамнинг шеърлари худди шундай қалбингизни олдин момақалдироқ каби гумбурлатади кейин яшин ургандек қоқ иккига бўлади. Уйғоқ виждон билан яшаш нақадар азоб эканлигини англатади. Шеърлари яхшини ҳақиқатан ҳам яхши кўриш, ёмондан ростакамига нафратланиш кераклигини айтиб туради. Мен адабиётшунос эмасман, бармоқ, вазн, аруз, туроқ, қофия, ритм, радиф каби шеърга оид терминларни ҳам ажрата олмайман. Аммо Асқар Маҳкам шеърларидаги дард, оғриқ, исён ўзига тортаверади. Балки юракдан ёзилгани юракка етиб боради дегани шудир.

Ижодкорни қалб оғриғи қийнамаса яхши шеър туғилмайди. Зеро, инсонни ситаму азоб-уқубат, аламу фироқ пишитади, дунёга теран кўз билангина эмас, тийрак қалб билан қарашни ўргатади. Қалбни юксалтиришнинг бошқача йўли йўқ. Ўғли Муҳаммад Довудга ёзганидек: «бувинг каби ловуллаб ёнган, лолаларни кўнгил истайди...». Ҳа, қаттиқ тошлар орасидан ҳар баҳор ўсиб чиқадиган лоланинг тақдири Асқар Маҳкам бувисининг тақдири билан чамбарчас. Гўёки қаттиқ тошлар орасидан ўсиб чиқсада оловдек ёниб туради. Инсон иродаси ҳам лолагулнинг қисматига ўхшаш...Асқар маҳкам шеърларида жон-жони билан бутун қалби билан яшаган. Ўзи айтганидек, гулу гулзорлар, сайру саёҳатлар, орзу-ҳаваслар хусусида жўшиб ёзишни нақадар истаган, лекин бу мавзуда қалам тебратаётган шоирлар оз эмас-ку. Демак, кимдир энг олий жамиятларда ҳам учрайдиган иллатлар ҳақида ҳам ёзиш керак экан. Шоир ана шу иллатларни шеърларида рўйи рост очиб ташлади. Ахир Ватан ростдан фақат гулу гулзордан иборат эмас. Унинг пайҳон жойлари ҳам бор. Асқар Маҳкам ватаннинг гулзоридан ажраб қолган куйган жойини куюк қалби билан сева олган шоир бўлган экан:

Ватан ёдим,

Ватан — аламли ёдим,

Кўкрагимнинг тубсиз

Чоҳида бул ёд.

Ватан оҳим,

Ватан — қизғиш фарёдим,

Қора қоним Ватан

Қоп қора фарёд....

У муҳаббатни куйларди. Бошқача муҳаббатни... Ёрнинг ол каби қизил дудоғи ёки найзамисол киприкларини эмас, бошқача ҳали ҳеч ким англаб етолмаган муҳаббат ҳақида куйларди:

Тилим сайрар энди кўҳна усулда

Ситилган анордек

Чирсиллар яро...

Кўнгил сув истайди

 қақраган чўлда

Юрак ишқ истайди махлуқот аро.

Шеърни ўқиётганингизда кўз олдингизда қип-қизил анор доналари, анор пўстида ситиб олинаётган анор доналари, анор доналарининг бўшаб қолган ўрни ғадир-будур яро, тегсанг яна чакиллаб қонайдиган жароҳат келади...

Ҳақиқий шоир, ҳақиқий ёзувчи — ижодкор синчков бўлади. Дўстларининг иккиюзламачилигини, ёрнинг бевафолигини жуда тез илғайди ва тез кўнгли қолади. Ана шу синчковлиги уни шоир қилади. Атрофидагилардан озорланган қалб эзилаверади, эврилаверади ва буюклашади.

Мунофиқсан... сўзим шул тамом...

Гоҳ ўнгдасан... гоҳо сўлдасан...

Сен бир куни хоин сипоҳга

Лашкарбоши бўлиб ўласан.

У сўзни қадрларди. Сўзи билан сўзни топган ва англаган шоир эди, ўзи айтмоқчи Сўзни ўлдириб бўлмайди, Сўз жони ҳам Оллоҳ қўлида.

Ҳа унинг ёзган шеърлари ҳеч қачон ўлмайди. Чунки:

Эй, дардлилар,

Эй, дард чекканлар,

Бу дард тоғи Мусоникидир...

Эй ишқ билан жони чиққанлар

Бу жонингиз Худоникидир

Ичинг,

Жомга етса қўлингиз

Майли шаккар

Майлига тахир,

Эй ошиқлар Ишқ деб ўлингиз

Ишқ Худодир

Худованд ишқдир...

Асқар Маҳкамнинг шеърларини маҳзун пайтлари ўқисангиз дилингизга юпанч топасиз, юпанчки тўлқинли. Қалбингиздаги тўлқинлар шовуллаб қирғоққа урилиб қайтаётгандек, туйғулар жаранглаётгандек бўлади. Жаранг-журунг, жаранг-журунг. Ҳислар, туйғуларнинг қалбингиздаги ана шундай жарангги жанга айланади. Кўтаринки кайфиятда ўқисангиз маҳзун бўлиб қоласиз, маҳзун бўлгингиз келади, маҳзунлашасиз. Қалбингиз қувончга эмас, дардга тўлгандек бўлади, негадир ана шу дард, ана шу қалб оғриғи сизга ёқа бошлайди. Самимиятга тўла бошқа бир олам ҳам борлигини қалбингизда туясиз. Бошқача бир оламки шеърларида яшай бошлайсиз. Ана шу оламдан чиққингиз келмайди, чиқиб кетолмайсиз.

«Асқар Маҳкамнинг шеърлари илк сатрлариданоқ кишини олис ва сирли қишлоқларга етаклаб кетади. Шеър ўқийсизу қулоғингизда сойлар наво қилиб туради, кўз ўнгингизда бахмал боғлар жилва қилади, юрагингиз беихтиёр соғинчга тўлади. Соғинч эса шеъриятнинг туғишган синглисидир», деган эди ўз битикларида шоир Муҳаммад Юсуф.

«Яна чиққан жондек ёнар лолалар»

Асқар Маҳкамнинг ўзи айтмоқчи бирда «боғбон» кейин «оғоч»га айланган «ситилган анор»дек, «махлуқотаро ишқ истаган» кўнглидан тизилиб қоғозга тушган сатрлари нима учун кўнгилга ёқади? Ўқигингиз, қайта-қайта ўқигингиз келаверади? Чунки унда дард бор. Юракдан ёзгани юракка етиб боради. Шоирнинг бир гапи бор: «Шеърига ўхшамаган шоир шоир эмас». У шеърига ўхшаган шоир бўлган. Унинг устози ва ҳаммаслаги бўлган Шавкат Раҳмон айтганидек, у қаттиқ иймон шоири бўлган. Ўзи ёзганидек, «Иймонни нур дерлар, нурдир, нурдир у, Бу нурни кўрмаган кўрдир, кўрдир у...» ёки «сўз ва руҳ билан ёлғиз қолган шоир иймонли бўлса, бу жараён ибодатдир Агар борди-ю сўз билан ёлғиз қолган шоир жисмида нафсоният устун бўлса, бу айш ва шақоват».

Ҳа, у ижодни, адабиётни ибодат деб билган. Асқар Маҳкамнинг Шавкат Раҳмон ҳақидаги хотира эссеси якунидаги иқрор ҳақиқий талантли одамга ҳамма вақт қийин бўлганини англатади: «...Қачон кетасан»ларни кейинчалик яна кўплаб адиб ва шоирлардан эшитдик. Тафаккури маҳаллий доирадан тажовуз қилмаган бундай кимсаларнинг уруғ-аймоқчилиги, «ўзиники»ни кўтар-кўтар қилиб, «бегона»ларни оёқ остига олиб эзғилашлари оддий ҳол эканлигини англаб етиш учун ҳали йигирма-ўттиз йил «бегоналарча» яшаш керак эди. Ва шундай яшадик ҳам… Сут билан кирган бу мудҳиш фожиа – касалликнинг даво топишига менинг кўзим етмайди. Эҳтимол жисму жони, руҳонияти пок, ўзлигини англаган, ақалли, ҳаммамиз бир Ота, бир Онанинг фарзанди эканлигимизни тушунадиган насллар келар, улар тили бир, наслу насаби бир, ирқи бир, аммо тарих тақозоси билан бошқа-бошқа сарҳадларда яшаётган миллатдошларини юзига тупурмас, уларнинг бетига эшикларини қарсиллатиб ёпмас, кўкрагидан итариб юбормас. Бизнинг ягона миллий фожиамиз худди ана шу – айни зиёлиларнинг маҳаллийчилиги эканлигини англаб етмагунимизча...» Ҳа, баъзан «ҳислари мозор каби чўккан» шоир келажакда шундай беғубор ва тоза насл келишини умид қилади. Жуда умид қилган.

Ижодкор истеъдодига баъзи адиблару шоирларнинг туҳмату таҳқирлари ҳақида ёзилган мақолаларни ўқиш жараёнида «ижодкор»ларнинг, «зиёлиларнинг» тубанлигидан ҳайратингиз ошади. Она, Ватан, Гўзаллик, Инсоф, Диёнат ҳақида тинмай китоб ёзган, ёзгани ўзига ўхшамайдиган бундай адибу шоирлар худди ана шундай мунофиқлик қилиши мумкин. Асқар Маҳкам айтади: «Сўз асл маънода илоҳийдир. Сўз ҳамма истифода этиши мумкин бўлган Оллоҳ марҳаматидир. Чунончи, булоқдан одам ҳам, қуш ҳам баҳраманд бўлаверади. Сўз ёлғон бўлмайди. Унинг соҳиби ёлғончи бўлиши мумкин. Агар бу ёлғончига барча ишонса, унда фалокат рўй беради».

Асқар Маҳкамнинг шеърларини ўқиш асносида ҳозир ҳам ёлғонларни жим эшитаётгандекмиз, талантлиларнинг «бегоналашув»ига жам қараб тураётгандекмиз. Бу ҳаётнинг ноҳақликларидан, адолатсизликларидан кўнгли илвираб, ёки Шавкат Раҳмонга ҳаво етмай қолганидек ҳаво етмай қолиб, бирор хасталик орттириб эрта орамиздан ўтиб кетаётган, таланти туҳмату таҳқирларга учраётган яна бошқа Асқар Маҳкамлар орамизда йўқмикан? Ёки шоир айтанидек:

Олов қулларининг оловларини

Сўндирса сўндирар коҳинлар...

Ватан улкан жасад..

Жанозасини

Адо этар фақат хоинлар...

Йиғлама...

Очса очибди-да

Шоҳнинг қабрини...

Бу ўша халқ ахир

Чорчўпга тортган...

Шоҳ нима

худонинг пайғамбарини...

Яна шоир айтганидек, «тупукка таланди гоҳида юзим, Қусуққа беланган сўзлар ичида...». Аммо  кимнинг кимлиги, СЎЗнинг сўзлиги бугун ҳақиқий адабиёт ихлосмандларига аён. Асқар Маҳкамнинг шеърлари, рост сўзлари, қалб нидолари ҳақиқий шеърни билгичлар, англагичлар сафини кенгайтирмоқда.. Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон бир мақоласида таъкидлаганидек: «Ишончим комилки, охир-оқибат шоирнинг ҳайратли даражада юксак шеърияти ловуллаб турган вулқондек юракларни ларзага солади, асл шеъриятни соғинган сонсиз инсонлар унинг ҳайратига, ҳасратига шерик бўлади».

  «Виждони уйғоқ шоир эди»

Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев шоир ҳақида бир интервюсида шундай деган: «Асқар дўстлик шартига қаттиқ риоя қиладиган инсон эди. Дўстингни дўст тутарди, душманингдан юз ўгирарди. Мунофиқлик қилолмасди. Айрим таниш шоирларга ўхшаб, ҳар куни битта шеър кўтариб келиб, «шуни ашула қилинг», деб айтмасди. Суҳбатларимиз ҳамиша адабиёт, шеърият, қўшиқ ҳақида бўлса-да, суҳбат давомида «мен»деган сўзни ишлатмасдан мулоҳаза юритишни маъқул кўрарди...

Набижон Боқий эсдаликларида шундай ёзади: «Кўпинча ҳазил-ҳузул аралаш Асқарга: «Агар бошимга мушкул иш тушса, кўчага чиқишдан аввал бирорта шеърингизни ўқийман, фақат эрталаб ўқийман. Чунки кечаси ўқисам, жанговар тушлар кўраман,уйқумда ҳаловат бўлмайди», дердим. Дарҳақиқат, Асқарнинг шеърлари ҳаловатимизни бузади; виждонимизни бедор қилади, уйғотади. Токи номусимиз бор экан, Асқарнинг шеърлари ўқилаверади. Асқарнинг шеърлари ҳар куни ўқиладиган шеърлар эмас, улар умр бўйи ўқилади, умр бўйи китоб жавонимизнинг кўзга кўринадиган жойида туради. биз Асқарнинг китобидан битта шеърни ўқиб бир неча кун ўйлаб юрамиз, бир неча кун бирга юрамиз...»

Ёмонликнинг йўқдир пайғамбарлари,

ёмонликнинг йўқдир валийлари ҳам.

Ўтган акобирлар, сағирлар бари,

 яхшиликка даъват қилди дамодам.

Кўкдан китоб инди...

Замонга қараб

 Валийлар соч юлди...

Бари самарсиз.

Ёмонлик авж олди оловдек яшнаб,

ёмонлик яшади пайғамбарларсиз...

«Агар ҳаёт шу бўлса»

Асқар Маҳкам шеърлари орқали бир пайтнинг ўзида сева оласиз ва нафратлана оласиз. «Агар ҳаёт шу бўлса», шеъри орқали яшаётган кунингиз бесамар ўтаётганини қалбан ҳис қиласиз. Югуриб, елиб топаётганингиз, эришаётганингиз йўқотаётган вақтингиз олдида ҳеч нарса эмас. Сиз бундан бошқача олам борлигини, бошқача яшаш ҳам мумкинлигини ўйлаб бошлайсиз. Лекин қандай қилиб? Ва яна қандай ҳаёт бор. Буни англаш учун қалбингиз бир сония бўлсада шоир қалбига айланиши керак. Шеър ўша ҳисни беради сизга...

 ...Данғиллаган саройлар, кўшклар,

ўркач-ўркач елкалар тўшлар,

ўргатилган кўппаклар қушлар,

ит ётишлар, мирзатуришлар...

Шу ҳаётми?!

Бир қўшниси очидан ўлган,

бир қўшнисин томи тўкилган,

бирин қадди етмиш букилган,

ўзи қонлар ичиб қутурган...

Шу ҳаётми?!

Бир кўчада гадолар лак-лак...

Бир кўчада «Тўйлар муборак!»

Бирин оши - ушоғу туршак...

Бирида йўқ на нону намак...

Шу ҳаётми?!...

Ростдан биз ҳаёт деб ўлиб, тирилиб яшаётган шу ҳаётими ҳаётми?

 Қара, девонларнинг илвириқ жилди

қорилган туфроққа сен-да қорилдинг...

«Эрк» дединг, бўғзингни қиличлар тилди

ва сўзлар дорига осилдинг...

Кулбалар томида унган қизғалдоқ

болалар жонидек қизарган кезлар.

Сенинг-да жонларинг чиқмасин қандоқ

Асқар...

Яна қумурсқалар деворни ковлар

яна чиққан жондек ёнар лолалар...

Қайда тобуткашлар, қайда гўрковлар

Эркнинг тобутида ётар болалар... «

Умуман мен шеърни қанчалик тушунаман, шоирнинг ижоди ҳақида фикр билдиришга қанчалик ҳақлиман, билмадим, аммо билганим, ҳар сафар шоирнинг шеърларини ўқиганимда:

«Яна чиққан жондек ёнар лолалар»

Маълумот учун: Асқар Маҳкам 1958 йил 27 ноябрда Тожикистоннинг Кофарниҳон туманида туғилган. Хўжанд давлат педагогика институтини тамомлаган (1981). «Наврўз» (1988), «Тазарру» (1982), «Таважжуҳ», «Ишқ» (1994), «Ибодат» (1993), «Ҳақ» (1998), «Аналҳақ», «Табриз дафтари», «Оқкитоб» (2003) каби асарлари нашр этилган. «Авесто», Хожа Абдуллоҳ Ансорийнинг «Кашф ул-асрор» (Қуръони Каримнинг адабий-ирфоний тафсири), Жалолиддин Румийнинг «Маънавий маснавий»сини (1-дафтар), Шамс Табризийнинг ғазаллари ҳамда Эрон шоирлари шеърларидан намуналар таржима қилган («Туйғулар япроғи», 2005). 2007 йил 6 мартда Тошкент шаҳрида вафот этган.

Барно Султонова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг