Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Яна бир қувончли хабар (Фото)

Яна бир қувончли хабар (Фото)

Бугун Маданият вазири Озодбек Назарбеков Ўзбек Миллий қўғирчоқ театри биносига ташриф буюрди. У бу ҳақда ўз саҳифасида ёзиб қолдирган.

«Ҳукумат раҳбарларининг маданият ва санъатимизга бўлган алоҳида эътибори бу мустаҳкам ва порлоқ келажакни кўзлаб қўйилаётган шаҳдам қадамлардан биридир, — дейди Маданият вазири Озодбек Назарбеков. — Бугунги Ўзбек Миллий қўғирчоқ театри биносига ташрифимизни ҳам анчадан бери режалаштириб, очиғи, кун санаб кутаётгандик. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 январдаги «2018 — 2022 йилларда давлат театрларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан театр биносида бошлаб юборилган мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари, ниҳоят, якунланди. Нафақат кичкинтойлар, балки биз катталарни ҳам интиқ қилган шу онлар келганидан жуда хурсанд бўлиб, ишларни обдон кўздан кечирдик. Бир зум болаликка қайтгим ҳам келиб, фарзандларимизга ҳавасим келди. Ҳатто, спектаклларга тайёргарлик жараёнлари билан танишишга ҳам улгурдик.

Мана, театр биноси ҳам замон талаблари асосида таъмирланиб, тўлиқ жиҳозланди. Шу билан бирга жажжи томошабинларимиз учун барча зарур шарт-шароитлар яратилиб, уларни қувонтиришга тайёр турибди.

Юртимизда коронавирус пандемияси сабаб юзага келган карантин чоралари тугатилиб, хавф ортда қолса, насиб қилса, мана шундай замонавий биноларимиз келажагимиз эгаларини бағрига олиб, уларни турли спектакллар, томошалар, театрлаштирилган концерт намойишлари билан хурсанд қилишда давом этади.

Биз эса ҳаётимиз мазмуни, белимиз қуввати бўлган болажонларимизга хизмат қилишдан асло чарчамаймиз. Яна бир бор барча болажонларимизни 1 июнь —  Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни билан чин қалбдан табриклаймиз».

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг