Туркиядан Ўзбекистонга 20 минг дона китоб (фоторепортаж)
Туркия дунё кутубхоналари билан ҳамкорлик дастури доирасида Ўзбекистонга 20 минг дона китоб совға қилди.
Бугун, 1 август куни Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлигининг (TİKA) Тошкентдаги ваколатхонасида мазкур ҳодисага бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Туркия илмий ва бадиий асарлар муаллифлари касбий уюшмаси (İLESAM) раиси Меҳмет Нури Пармаксизнинг таъкидлашича, Ўзбекистон миллий кутубхонаси ва олий таълим муассасаларига етказилиши кўзда тутилган 20 минг дона китоб таълим, ҳуқуқ, адабиёт, иқтисодиёт, тиббиёт, санъат, тарих, таълим, саёҳат, мода, спорт, гастрономия каби йўналишларни қамраб олади.
Шунингдек, ўтган йиллар давомида лойиҳа доирасида Қирғизистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Косово, Шимолий Македонияга 120 минг нусхадан зиёд китоб ва босма нашрлар туҳфа қилингани қайд этилди.
Жумладан, Ўзбекистонга 2020 йили 10 минг дона китоб етказиб берилган.
«Бугун икки қардош ва биродар халқ ўртасидаги ҳамкорлик барча жабҳаларда ривожланмоқда. Маданий алоқалар ҳақида гап кетганда, тарих, тил, адабиёт, илм-фан борасидаги алмашувлар муҳим аҳамият касб этишини қайд этиш жоиз. Ўйлаймизки, тақдим этилаётган китоблар янги билимлар берибгина қолмай, Туркия тарихи, тили ва илм-фани билан ҳам яқиндан танишиш имконини туҳфа этади», – дейди Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар.
Тадбир мезбони – TİKA ваколатхонаси раҳбари Жамолиддин Туней ҳам лойиҳа қардошлик ва биродарлик алоқаларини янада ривожлантиришга ҳисса қўшишини урғулади.
Ўзбекистон фан ва таълим соҳаси вакиллари номидан гапирган мутасаддилар, жумладан, Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори Гулчеҳра Рихсиева қимматли илмий манбалар учун Туркия томонига миннатдорлик билдирди.
Тадбир ташаббускорлари китоб етказиш лойиҳаси келгусида ҳам давом эттирилишини маълум қилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter