Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Туркияда ўзбек киносаноатидаги ислоҳотлар тақдимоти бўлиб ўтди

Туркияда ўзбек киносаноатидаги ислоҳотлар тақдимоти бўлиб ўтди

Истанбулдаги Турк дунёси биринчи халқаро киноконференцияси давомида Ўзбекистон киносаноатида амалга оширилаётган ислоҳотлар тақдимоти бўлиб ўтди. Конференция «Коркут ота» Туркий мамлакатлар кинофестивали доирасида ўтказилди.

Туркия маданият ва туризм вазири ўринбосари Ахмет Мисбах томонидан маълум қилинишича, «Коркут ота» фестивали бошқа туркий давлатларда ҳам ўтказилади:

— Туркий давлатлар билан ҳамкорлигимиз, кино орқали ўрнатаётган муносабатларимиз янада мустаҳкам бўлади. Ўзбек киноси ва кино ижодкорлари ҳақиқатан ҳам кучли ва ўзбеклар кинофильмларни жуда ажойиб ишлашади, биз сизни олқишлаймиз. Ўзбекистоннинг Бухоро, Самарқанд ва Тошкент каби шаҳарларига борганмиз. Ватанингизга муҳаббатимиз бошқача. Ўзбек киносининг кучли эканлиги бизни жуда қувонтирди. Барча актёрларимизни, продюсерларимизни Ўзбекистон киноси лол қолдирмоқда.

Озарбайжон кинематография департаменти раҳбари Руфат Гасанов ҳам кинофестиваль ҳақида ўз фикрларини билдирди:

— Бир ой аввал биз Ўзбекистонда катта делегация билан «Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивалида бўлдик. Мукофот ҳам олдик. Кинематография агентлиги билан «Хўжа Насриддин» кинолойиҳаси юзасидан ўзаро ҳамкорликдаги меморандумни ҳам имзоладик. Бу лойиҳанинг муаллифи Озарбайжон халқ артисти Вагиф Мустафаев. Умид қиламизки, бу лойиҳа нафақат Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида, балки бутун туркий давлатлар ўртасидаги қалдирғоч бўлади.

Фирдавс Абдухолиқов,

Ўзбекистон Кинематография агентлиги Бош директори:

— Туркий давлатларнинг мазкур кинофестивалида ўзбек киноижодкорлари делегацияси фаол иштирок этмоқда. Биз шунчаки бу жараённинг томошабини эмас, балки фаол иштирокчиси бўлдик. Алоҳида таъкидлаш керакки, бундай фестиваллар Қирғизистон, Қозоғистон, Озарбайжон ва бошқа мамлакатларда ҳам ўтказилиши қувонарли.

Ўзбекистон киносаноати, ВГИК филиалининг очилиши, киномузей ва кинофонднинг очилиши ва бошқа янгиликлар, шунингдек, афсонавий «Ўзбекфильм» киностудиясининг реконструкция қилингани ҳамда бошқа муҳим маълумотлар фестиваль иштирокчиларида жуда катта қизиқиш уйғотди.

Эслатиб ўтамиз, бугун Туркияда ўзбек киноси кунлари бўлиб ўтмоқда. Унда Рашид Маликовнинг «Тутқунлик» фильми намойиш этилади. Шунингдек, «Илҳақ» ҳамда «Халқ жасорати» фильмлари Туркия телеканалларида эфирга узатилиши кутиляпти.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг