Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Туркий дунё нигоҳи – 2040»

«Туркий дунё нигоҳи – 2040»

Фото: «China-uz-friendship.com»

Ўзбекистон Президенти бугун Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида иштирок этиши халқаро экспертлар, маҳаллий таҳлилчилар ва журналистлар томонидан катта қизиқиш билан кузатиб борилмоқда.

Олий даражадаги анжуманда энг муҳим ҳужжатлардан бири «Туркий дунё нигоҳи – 2040» стратегик ҳужжати имзоланиши кутилмоқда.

Ушбу дастуриламал ҳужжат 2019 йил 15 октябрда Боку саммити чоғида Қозоғистон Республикаси Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев томонидан илгари сурилган эди.

2009 йилда тузилган Туркий Кенгаш ўтган ўн йилдан ортиқ давр мобайнида тўлақонли минтақавий тузилмага айланди ва бугунги Саммитда унинг номи ўзгариши билан ўз тараққиётининг мутлақо янги босқичига кўтарилиши кутилмоқда. Айниқса, тузилмага Ўзбекистоннинг қўшилиши ташкилот фаолиятига катта куч ва шиддат бағишлади.

Барча ўзгаришларга қарамай, ҳанузгача узоқ муддатли ва кенг қамровли Ташкилот доирасида ягона дастурий ҳужжат мавжуд эмас эди.

Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон тенг ҳуқуқли аъзо бўлган ташкилотга Венгрия кузатувчи ҳисобланади. Туркманистон ҳам бугунги саммит чоғида кузатувчи сифатида иштирок этиши тарихий қарор ҳисобланади.

Халқ дипломатияси – муҳим йўналиш

Сиёсат ва хавфсизлик, иқтисодиёт соҳаси, халқ дипломатияси, ташқи шериклик бўйича ҳамкорлик каби тўрт асосий йўналиш мазкур ҳужжатнинг асосини ташкил қилади.

Албатта, барча йўналишларда ҳам умумий стратегиялар ишлаб чиқишга асосий урғу берилади. Ўзаро савдони эркинлаштириш, нотариф тўсиқларни олиб ташлаш, ягона сармоявий маконни яратиш, саноат кооперациясини кучайтириш, қўшимча қийматга эга маҳсулотларни ишлаб чиқариш, молиявий фондлар тузиш албатта бу ҳужжатдан ўрин олган. Инновациялар, ноу-хау, яшил ва рақамли иқтисодиётга ўтиш, энергетика бозорини яратиш, визасиз эркин ҳаракатланиш, жиноятчиликка қарши биргаликда курашиш имкониятларини тақдим этиш ҳам тўлиқ акс этади.

Албатта, бу йўналишлар орасида халқ дипломатияси соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга барча аъзо давлатлар катта эътибор қаратади.

Ижтимоий муаммоларни юксак тафаккур билан ҳал этишга қодир келажак ёшларини тайёрлаш, олий таълим соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, туризм алмашувларини кучайтириш бунда жуда муҳимдир.

Спорт ва санъатни кенг тарғиб этиш, маданий меросни оммалаштириш, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, ижтимоий гуруҳлар ўртасида мулоқотни кучайтиришга устувор урғу берилади.  

Ҳеч кимга сир эмас, бугунги кунда Туркия давлати юз минглаб ватандошларимиз самарали меҳнат қилмоқда, талабалар ўқимоқда ва ҳар йили қанчадан-қанча фуқароларимиз сайёҳлик мақсадларида бу ерда бўлишмоқда.

Пандемия даврида эса давлатларимиз бир-бирини фаол қўллаб-қувватлаганини оддий одамларимиз ҳам яхши ҳис қилишди.

Жорий йилда Тошкент ва Самарқанд архитектура университетларида замонавий таълим соҳамиз тарихида илк бор турк фуқаролари бўлган ректорлар тайинланди. Буюк аждодимиз «Жалолиддин Мангуберди»га бағишланган кўп серияли қўшма фильм ишланиб, халқимизга тақдим этилди ва яхши кутиб олинди.

Бир сўз билан айтганда, қардошлик руҳи халқларимизнинг барча ўзаро манфаатли соҳаларини кенгроқ қамраб олмоқда. Муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Ташкилотнинг аввалги ва бугун ўтаётган саммитларида илгари сураётган кўплаб ҳаётбахш ташаббуслари ва фойдали таклифлари эса умумий тил, тарих ва маданий ришталар билан чамбарчас боғланган халқларимиз ўртасидаги стратегик шериклик алоқаларини янги, юксак босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Албатта, биз олимлар ҳам ташқи сиёсат борасида Давлатимиз раҳбарининг бундай катта ижодий ўзгаришларга олиб келаётган амалий ишларини чуқур илмий таҳлил қилишимиз, ёш авлод вакилларига етказишимиз ва ўзимизнинг хайриҳоҳ муносабат ва батафсил таҳлилларимизни бериб боришимиз керак.

Эътибор Султонова,

сиёсий фанлар доктори, профессор

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг