Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда халқаро кўргазма бошланди

Тошкентда халқаро кўргазма бошланди

Фото: Матбуот ва ахборот агентлиги

Бугун, 3 октябрь куни Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган XX «Қадоқлаш ва босма иши – O’ZuPACK – O’ZBEKinPRINT – O'ZuPACK 2018» халқаро кўргазмаси ўз ишини бошлади. Бу ҳақда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Мазкур кўргазма жорий йилда ўзининг 20 йиллигини нишонлаётгани билан ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Тадбир тайёр қадоқ ва қадоққа белги қўйиш бўйича маҳаллий ва хорижий қадоқлаш техникаси ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчиларини, ишлаб чиқаришнинг бошидан охиригача бўлган жараёнлар, қадоқ, белги ва полиграфия ишлаб чиқаришдан иборат бўлган турдош ишлаб чиқаришларни бир майдонда жамлайди.

– Ушбу кўргазмани Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар самараси деб биламан, – дейди кўргазманинг расмий очилиш маросимида сўзга чиққан, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Бош директори Лазиз Тангриев. – Ўйлайманки, тадбир нафақат иштирокчилар учун, балки бу ерга келаётган ва шу соҳага қизиқувчилар учун ҳам фойдали бўлади. Жорий йилдаги кўргазма билан таниша туриб, мутасаддилар билан кейинги йилда унинг кўламини янада кенгайтириш бўйича келишиб олдик. Мен кўргазма ишига муваффақият тилаш баробарида, кўпчилик учун манфаатли шартномалар тузиш майдончаси бўлишига ишонаман.

Маълумот учун шуни айтиш керакки, бу йил кўргазма доираси 16 фоизга ошган бўлиб, унда жами 15 мамлакат – Австрия, Германия, Ҳиндистон, Эрон, Италия, Қозоғистон, Хитой, Корея Республикаси, АҚШ, Туркия, Франция, Россия, Ўзбекистон, Финляндия ҳамда Япониядан 66 та компания ва бренд қатнашмоқда.
Юбилей форум учун қатор йирик премьералар – полиграфия ва босма иши бозори иштирокчилари учун қизиқарли, яъни ускуналарни ишлаётган ҳолатидаги тақдимотлар ўтказилмоқда. Жумладан, «Akela Group» компанияси стендида унинг қуйидаги ҳамкорлари технологиялари намойиш этилмоқда.

«Line O Matic Graphic Industries» (Ҳиндистон), «Guangdong Constant Precision» «Machinery» (Хитой), «Zhejiang Horda Machinery» (Хитой), «UFLEX Limited» (Ҳиндистон) каби етакчи хорижий ишлаб чиқарувчилар қоғоз кесиш машинаси, флексбосма учун автомат ускуна, инъекцияли қуйиш машинаси, китоб корпусини тайёрлаш учун автоматик машина, бабинали-кесиш машинаси ва бошқа замонавий ускуналарни намойиш этишмоқда.

Қароргоҳи Токио шаҳрида жойлашган босма иши соҳасидаги глобал етакчи бўлмиш «Ricoh» компаниясининг бозорга чиқиши ёрқин дебют бўлиши кутилмоқда. Кўргазма доирасида рақамли босиш машинаси, кенг форматли кўп функцияли қурилма, латексли принтер намойиш қилинади. «Ricoh Rus»нинг Ўзбекистон бозорига расмий равишда кириб келиши 2017 йилнинг сентябрь ойида юз берганди, ўшанда рақамли тижорат босма иши бозорида ускуна ва ечимларни етказиб берувчи етакчи компанияларидан бири, жорий кўргазмада ҳам иштирок этаётган «UCD Micros» билан шартнома имзоланган эди.

Озиқ-овқат ва ичимликлар, ноозиқ-овқат товарлари, косметика ва дори воситалари, қурилиш моллари, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари жаҳоннинг таниқли компаниялари «Windmoeller & Hoelscher» (Германия), «HAVER & BOECKER» (Германия), «SWEMA» (Россия-Германия), «ИнКомПро-Сервис» (Россия), «Ala Sintez» (Қозоғистон), «TEKO ALUMINYUM SANAYI» (Туркия), «ÜNER PLASTİK» (Туркия), «НИКОЛЬ-ПАК» (Россия), «ERPAKSAM MAKINA» (Туркия) ва бошқалар билан амалий музокаралар олиб бориш имконига эга бўлмоқда.

Кўргазма дебютанти – «ПРОФИТЕКС» компанияси суюқ, ёпишқоқ ва пастасимон маҳсулотларни пластик ёки қоғоз стаканларга жойлашга мўлжалланган автоматни намойиш қилмоқда.

Маҳаллий бозорнинг етакчи компаниялари «POLIMAKS», «UZPOLITEX Holding», «POYTAXT SAVDO GROUP», «TEZKOR MATBAA», «CREDO PRINT» ва бошқалар юқори фаолликни намоён этмоқдалар, улар маҳсулотининг сифати ва турлари жаҳоннинг энг юқори стандартларига жавоб беради.

Кўргазма 5 октябрга қадар давом этади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг