Тошкент маҳаллалари ЮНЕСКО Бутунжаҳон маданий меросининг Дастлабки рўйхатига киритилди
Тошкент маҳаллалари ЮНЕСКО Бутунжаҳон маданий меросининг Дастлабки рўйхатига киритилди. Бу жаҳон миқёсидаги тарихий воқеадир, деб ёзди Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева.
«Эски шаҳар маҳаллалари маданий қатламларини сақлаб қолиш бўйича дастлабки қадамлар 2019 йилда, Венеция архитектура Биенналесида тақдим этилган "Маҳалла: шаҳар ва қишлоқ ҳаёти" лойиҳаси ишлаб чиқилганда амалга оширилган эди. Маҳаллаларимиз халқаро экспертлар томонидан эко-архитектурани тиклаш, замонавий шаҳарларни оммавий урбанизациядан асраш, шунингдек, ижтимоий қадриятлар ва жамоавийликни сақлаб қолиш усули сифатида эътироф этилди.
Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ЮНЕСКО билан ҳамкорликда етакчи олим, мутахассис, архитектор ва тадқиқотчиларни бирлаштирди. Олдимиздан оққан сувни, яъни маҳалланинг тарихий қадр-қимматини, миллий маданий ўзига хослигини англай бошлаганимиздан жуда хурсандман.
Табиийки, ушбу ҳудудда ҳеч қандай инвестиция қурилиш лойиҳаларини амалга оширишга рухсат бўлмайди.
Тошкентнинг юраги бўлган қадимий Зарқайнар кўчаси тақдирига самимий қайғураётган барчага — жамоатчилик вакиллари, фаоллар, журналист ва блогерларга миннатдорчилик билдирамоқчиман. Шунингдек, маҳаллани асраб қолиш лойиҳасини қўллаб-қувватлагани ва уни Бутунжаҳон табиий ва маданий мероси рўйхатига киритгани учун ЮНЕСКО ташкилотига миннатдорчилик билдирамиз.
Маҳаллани асраб-авайлаш масаласида жамоатчилик масъулияти ва онгли ёндашувига таянган ҳолда, ушу йўналишда илмий-реставрация ишларини давом эттирамиз», деди у.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter