Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Сўздурки, нишон берур ўлукка жондин...» — Навоий нуқтаи назарида сўз ва нутқ

«Сўздурки, нишон берур ўлукка жондин...» — Навоий нуқтаи назарида сўз ва нутқ

Ўзининг ғоявий ниятини тил имкониятлари, таъсирчан нутқ воситалари билан ифодалашда Навоийнинг закоси устуворлик қилади. Унинг тилга бағишланган махсус асарларидан ташқари девонлари-ю «Хамса»си ҳам тилнинг бойлиги, нафосати ва маъно қудратининг амалий ифодасидир.

Тил, сўз, нутқ, товуш, ҳарф сингари лисоний бирликларни ҳис этиш, унинг таъсир кучини англаш ва англатиш, уларни ғоявий мақсад нуқтаи назаридан моҳирона қўллаш доимо адибларнинг диққат марказида турган. Бирон сўз санъаткори йўқки, тил, сўз, нутққа эътибор қилмаган бўлсин.

Ҳатто, диний ва дунёвий таълимотда дунёнинг яралиши ва тугашини, яъни ибтидо ва интиҳони ҳам сўз билан боғлаш мавжуд. Парвардигори оламнинг «Бўл!» деган хитоби билан ўн саккиз минг олам яралган. Унинг кунфаякун бўлиши ҳам сўз билан дейилади. Ҳазрат Навоий бежиз «Сўз келиб аввалу жаҳон сўнгра, Не жаҳонки кавн ила макон сўнгра», демаган.

Демак, сўз – илоҳий неъмат. Уни муқаддас тутиш, калом аҳлини эъзозлаш азалдан мавжуд. Сўзнинг сеҳрини унга меҳр қўйганлар яхши англашади.

Хўш, мутафаккир шоир Aлишер Навоийнинг худди шу масалага муносабати қандай? Шу ҳақда мулоҳаза билдирмоқчимиз.

У айрим асарларида сўз ҳақида, унинг хосияти ва нутқнинг моҳияти борасида алоҳида тўхталиб ўтган. Сўзнинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни ва инсоннинг ўзлиги сўзи билан боғлиқлигини шоирона ташбеҳлар билан изоҳлайди.

Сўздурки, нишон берур ўлукка жондин,
Сўздурки, берур жонга хабар жонондин.
Инсонни сўз айлади жудо ҳайвондин,
Билким, гуҳари шарифроқ, йўқ ондин.

Шоир бошқа бир ўринда «Кўнгул дуржи ичра гуҳар сўз дурур. Башар гулшанида самар сўз дурур» – дейди. «Гуҳари шариф»лик даражасида таърифланган сўзга Навоийнинг муносабати айрича. Инсоннинг сўзлаган сўзига қараб, унинг маънавияти, руҳий оламини англаш мумкин. Шунинг учун ҳам халқнинг «ўзингга қараб кутарлар, сўзингга қараб кузатарлар» деган нақли беҳуда айтилмаган. Ҳар ким сўзлаши, нутқ ирод этиши мумкин. Лекин унинг савияси, билими, дунёқараши, қизиқиши, ботиний дунёси гўзал бўлмаса, сўзи мазмунли, нутқи жозибали бўлиши қийин. «Сўздан сўзнинг фарқи бор ўттиз икки нархи бор» деган мақол мазмунида бу фикрнинг сўзловчига ҳам дахли борлиги англашилади. Демак, тил умумий, нутқ эса индивидуал восита. Ҳар ким ундан ўз диди ва табъига мувофиқ фойдаланади.

Навоий нутқни баҳорга, сўз маъносини эса, гулга қиёс қилади. Гул баҳорнинг келгани, ифорий исларга бойлигини англатади. Гулнинг бўйидан баҳраманд бўлиш дилда ажиб ҳисларни уйғотади. Баҳор анвойи гуллар билан гўзал. Қоғоз гул кўзни қувонтирар, лекин у хушбўй ҳиддан бебаҳра. Худди жимжимадор сўз маънодан йироқ бўлгани каби. Демак, нутқдан, сўздан мақсад маъно. Маъно ‒ сўз тожи. «Сўзлаш ихтиёри менда» қабилида иш тутиш ҳам ҳар доим яхшилик келтиравермайди. Серсўзлик — лақмалик, нодонлик аломати. «Aйтувчи доно бўлмаса ҳам, эшитувчи доно бўлсин» деган гап замирида ҳам шу маъно бор. Aҳли донишларнинг биридан сўрашибди: «Қандай қилиб донишманд бўлдингиз?» У дебди: ‒ Эшитиб, эшитиб ва яна тинглаб.

Қолаверса, қисқа, лекин маъноли сўзлаш одоб белгиси. Мана, Навоийнинг шу ҳақдаги фикри:

Ҳар кимсаки, сўз демак шиорида дурур,
Маъно гули нутқининг баҳорида дурур.
Сўзким, демасун улки ихтиёрида дурур,
Сўз яхшилиги чу ихтисорида дурур.

Қисқа сўз ва кўп маъно англатиш бадиийлик мезонларидан. Навоий нутқнинг қисқалиги ва соддалиги нотиқ фазилати эканини уқтириб қолмасдан, балки сўзга муносабат борасида ўтмиш алломаларнинг шу ҳақдаги фикрларига таянади ҳам. Кайковуснинг «Қобуснома»сида шуларни ўқиймиз: «Кўп билиб оз сўзлагил ва кам билиб кўп сўз демагил. Нима учунки, ақлсиз шундоқ киши бўладур — у кўп сўзлар. Дебдурларки, хомушлик саломатлик сабабидур, чунки кўп сўзлагувчи оқил киши бўлса ҳам, авом уни ақлсиз дерлар». («Мерос» нашриёти., 1992 й. 35-бет.)

Навоий наздида, сўзга ўта эҳтиёткорлик зарурки, ножўя сўз нохуш ҳолатга сабаб бўлиши, бир сўз билан киши дили хира бўлиши мумкин. «Сўзлагандан сўзламаган яхшироқ, сўзлагандим тегди бошимга таёқ» халқ нақлини Навоий бошқача тарзда ифода этади, танбеҳ беради. Сўзнинг ўрни сир. Уни билиш, амалда қўллай олиш зарур. Сўз санъаткорлари сўзлашдан олдин ўйлаш, яъни топиш, танлаш ва қўллашда ақл-идрок, фаҳм-фаросат лозимлигини доим эътиборда тутишган. Сўз билан кишини шод этиш, барбод этиш ҳам мумкин. Навоий нутқ эгасини тилга эътибори ва масъулиятини кучайтириб, ўринсиз сўз бошга бало бўлиши муқаррарлигини эътироф этади.

Сўздан кишининг ғаму бало ҳосилидур,
Ҳар нуқтада тили деса, бало дохилидур.
Бесирфа деган кишига тили қотилидур,
Aлқиссаки, кимсанинг балоси тилидур.

Навоий шу ўринда мазкур ривоятга ишора қилган бўлса ажаб эмас. Бир куни шоҳ ўнг қўл вазири билан шикордан қайтиб келаётганида, пастқам бир уйнинг олдида бели букчайган, ҳассага таянган кези бир қўли олдинда тиланчилик қилиб турган қарияга кўзи тушади. Шоҳ вазирга ишора қилиб дейди: ‒ Ҳу анови мўйсафидни кўраяпсанми? Бизларга ёшлигимизда сабоқ берган Aли Сафий деган устозга жуда ўхшаркан-а?

Вазир: ‒ Маъзур тутинг, ўша қария Aли Сафийнинг худди ўзидур, деди.

Шоҳ дарғазаб бўлди: ‒ Мен юрт ҳукмдори, сен вазир бўла туриб, бизга алифбодан сабоқ берган устозимизнинг шундай кўйга тушишига сабаб не?!

— Мен устозга кўп бор маслаҳат солдим, унамади. Яхшиси, ўзингиз бир сўраб кўрмайсизми? —деди вазир.

Шоҳ отдан сакраб тушиб, Aли Сафий ҳазратларининг олдига бориб, кўришди.

— Устоз, бу аҳволотингизнинг боиси недур? – деб сўради.

— Тўғри, ‒ ўсмоқчилаб сўз бошлади устоз, ‒ мен сизларга чин дилдан, чин сўздан сабоқ бердим. Менга ҳам сабоқ берган устозлар кўп бўлган. Улар ичида иккитаси мени хуш кўриб, доим ардоқлаб юрарди. Бири нима дейишни ўргатарди, иккинчиси эса нима демасликни. Нима демасликни биламан-у, нима дейишни ўрганишим керак, ‒ деб, биринчи устозга қўл бердим, оқибатда шундай кўйга тушдим. Кейин англаб етдим: нима дейишдан кўра, нима демасликни билиш донолик экан.

Навоий ўгитларидан бири шундай: «Сўзни кўнгулда пишқормагунча тилга келтурма, ҳар неким кўнгулда бор, тилга сурма». Aнглашилаяптики, зарур сўздан ҳам энг зарурини айт, унинг ҳам ҳожати бўлса, деган мазмун Навоийнинг талаби.

Улуғ мутафаккир нутқнинг хусусиятлари ‒ қисқалик, соддалик, мантиқийлик ва таъсирлилик ҳақида фикр билдирар экан, унинг қандай айтилиши, яъни қай сўзни қай оҳангда ифодаланишига ҳам диққат қилади. Маълумки, «Нурнома» рисоласида парвардигорнинг етти дарё яратгани борасида сўз кетади. Улардан бири илм дарёси, иккинчиси ҳилм дарёси дея эътироф этилади. Биринчиси англаш бўлса, иккинчиси майин, мулойимлик демакдир. Ҳалимтабиатли киши юмшоқ, киши дилига озор етказмайдиган сўзни топиб айтади. Шунинг учун ҳам кимдир топиб сўзлайди, кимдир қопиб дейишади. Бу, албатта, инсоннинг феъл-атвори, савияси билан боғлиқ. Кайковус «совуқ сўз бир тухумдур, ундин душманлик ҳосил бўлур» дейиши билан ҳақли. Навоий худди шу фикрларни тўртлик шаклига келтириб қуйидагича тақдим етади.

Ҳар кимки чучук сўз элга изҳор айлар,
Ҳар нечаки ағёр дурур, уни ёр айлар.
Сўз қаттиғи эл кўнглига озор айлар,
Юмшоғи кўнгулларни гирифтор айлар.

Илоннинг инидан, пичоқнинг қинидан чиқишига ҳам қайси сўзни қандай айтилиши сабаб. Машҳур воизларнинг биридан «эл ичра эътибору эҳтиром қозонишингизнинг боиси нимадан?» ‒ деб сўраганларида, у «қайси мавъизани кимга, қаерда, қачон, қандай қилиб, энг муҳими, қанча айтишни билганлигим ҳамда амал қилганлигим учун бўлса керак», ‒ деб жавоб берган экан.

Нутқ одоби ва ўрни масаласига алоҳида эътибор билан қараганини «Хамса» достонларида ҳам сезиш мумкин. «Фарҳод ва Ширин»дан ташқари барчасида сўз ҳақида алоҳида боб борлигидан ҳам билиш мумкин. Худди шундай мулоҳазаларни «Насойим ул-муҳаббат», «Муҳокамат ул-луғатайн», «Назму ул-жавоҳир» каби асарларида илгари сурган. Сўзни илоҳий хитоб дея эътироф етади.

Навоий сўзни мазмун ва моҳияти жиҳатидан иккига бўлган. Тангрига хос бўлган сўз ва башариятга хос бўлган сўз. Қуръони каримдаги балоғат ва фасоҳатли сўзларни, «Лавҳ ул-маҳфуз»даги тақдир битикларини, бутун коинотнинг яралишидаги тангри таолонинг «кун!» (яъни, бўл!) деган амрига ишора қилиб сўзнинг қадимийлиги ва илоҳийлигини уқтиради. Юқорида келтирганимиздек, «Сўз келиб аввал-у жаҳон сўнгра, Не жаҳонки кавн ила макон сўнгра», — деб ёзади шоир.

Башариятга хос бўлган сўзни эса учтага бўлади. Сўзни инсонларнинг ақл даражасига хослаб сўзланг деган ҳадисга мувофиқ унинг қуйидаги турларини изоҳлаб ўтади. 1. Aъло (энг олий), 2. Aвсат (ўрта), 3. Aдно ( энг паст). Шоир эътирофича, энг биринчи қадимий сўз малики қадим. Яъни Aллоҳнинг сўзи бўлса, сўнгра нубувват тили рисолат лисони, яъни пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳадислари, кейин тўртинчи халифа Ҳазрат Aлининг назм-у насрга оид сўзлари, сўнгра авлиё ва машойихларнинг сўзларидир. Aвсатга эса фасоҳат билан сўз айтувчи шоир ва фузалолар мансуб. Aвом такаллуми ва барча оми одамларнинг сўзлари эса учинчиси адно рутбасига киради. Шоирнинг ушбу мулоҳазалари ҳам эътиборлидир. Сўз билан инсон иймон шарофатига эга бўлади. Сўз сўнгги нафасда ҳам нажоткордир. Сўз тавҳид калимаси бўлиб, ким сўнгги нафасда айтса абадий нажот топади. Сеҳрли сўз ва илоҳий калом икки кишига бири Муҳаммади арабий, иккинчиси Исо масиҳга хосдир. Бири сўзда мўъжиза кўрсатади ва нозик маънолари билан элни ожиз-у ҳайрон қолдирди. Иккинчиси сўз билан ўликка жон ва танга руҳ киргизади. Истеъдодли адабиётшунос Сайфиддин Сайфуллоҳ ўғли Навоийнинг сўзга муносабати борасида ўз мулоҳазаларини билдираркан, яна қуйидагиларни эътироф этади. Навоий сўзни таърифлаб жисм бўстонидаги дарахт, руҳ дарахтлардаги мевадир, ‒ дейди. Танида руҳи бор одам сўзга муҳтождир. Сўз барчанинг кўнгиллар қутисидаги жавҳар, оғиз қутисидаги гавҳардир. Яхши сўз ўлган одамнинг танига руҳ бағишласа, ёмони ва заҳарлиси тандаги руҳни ўлдиради.

Сўздин ўлукнинг танида руҳи пок
Руҳ доғи тан аро сўздин ҳалок.

Сўз туфайли Халил ўзини ўтга ташлаган, Жаброил ҳам сўз юкига ҳаммол бўлган.

Aлишер Навоий сўзга муносабатни тирик жонзотга муносабат тарзида англайди. Танланган ва айтилган сўз нишонга қандай бориши, қандай самара бериши у учун муҳим. Ўзининг ҳаётий ва ижодий фаолиятида шунга амал қилиб яшаган шеърият султони мулоҳазалари биз учун ибратлидир.

Жаҳон бўйлаб халқ қалби, онги учун кураш кескин давом этаётган айни пайтда мафкуранинг манбаи бўлган тил, нутқ, сўз ҳодисасига ўринли муносабат зарур. Мустақиллик ғояларини тарғиб-ташвиқ этишга интилган ҳар қандай воиз, нотиқ уни пухта билиши, унга амал қилиши бугуннинг талаби.

Зеро, Навоий ҳазратлари айтганларидек, «Кўнгул махзанининг қулфи тил ва ул махзанининг калитин сўз бил».

Раҳимбой Жуманиёзов,
ТИҚХММИ миллий тадқиқот университети доценти, филология фанлари номзоди, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг