Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Режиссёр Мухлиса Азизовага: «Шундай кино олингки...»

Режиссёр Мухлиса Азизовага: «Шундай кино олингки...»

Режиссёр Мухлиса Азизовага

Сизга «Scorpion» фильмининг ютуқ-камчиликлари ҳақида  гапирмоқчи эмасман. Бу ҳақда керагича айтиб бўлинди, эҳтимол яна айтилар... Меҳнатсеварлигингиз, изланувчанлигингиз, ғайратингиз таҳсинга лойиқ. Бироқ кино тафаккур билан эмас, тасаввур билан олингандек. Натижада ғоявий томондан мақсадга эришилмаган. Сиз ўзингиз яшамаган, билмаган, кўрмаган олам ҳақида кино олгандексиз...

Санъатшунос сифатида, инсон сифатида қалбингиз чиройли эканлигига шубҳа йўқ. Лекин ҳамма гап уни янада бойитишда. Бундай киноларни, узр-ку, одамлар луқмани чайнамай ютгандай кўриши мумкин. Чайнамай ютилган луқманинг мазаси татимайди ёки ўша заҳоти эсдан чиқиб кетади. Аммо сиз иқтидорингизга, шижоатингизга суяниб бошқача — ҳаёт моҳиятини очиб бероладиган кинолар олишингизни чин дилдан истар эдим. Токи, кинони шунчаки кўнгил очар нарса деб эмас, санъат асари, деб томоша қиладиган одамлар сафи кўпайсин. Сиз ишлаган кино мавзуси бундан 50-60 йиллар илгари, ҳали техника ҳозиргидек ривожланмаган пайтда чет эл киноижодкорлари томонидан олиб бўлинган, уларники  сизникидан  анча яхшироқ эканига исбот шарт бўлмаса керак. Биргина «Рембо» ни эсланг... Шундай экан, шўрвасининг шўрвасини тайёрлашга ҳожат йўқ эди. Бир мақоламда кино яратувчилар одамлар орасида юрмайди, деган эдим. Биз, аввало, инсон, ўзбек менталитети ҳақида кино олишимиз, кўпайтиришимиз, ахборот асрида сўқирга айланиб бораётган  қалб кўзларини очишимиз керак. Халқ савиясини бундай киноларга мослаштириш эмас, балки юксалтириш лозим. Тўғри, кинога тушаётган одамлар  оз эмас. Лекин  хурсанд бўлиш эмас, аксинча,  одамларни шундай киноларга мослаштириб қўяётганимиздан хафа бўлиш лозим.

Тоғай Муроднинг «Отамдан қолган далалар» ва «Ойдинда юрган одамлар» асарларининг муваффақияти нимада? Ёзувчи бу асарларни ёзиш учун деҳқонлар ҳаётини, уларнинг ўй-фикрларини, орзу-изтиробларини ўрганиш учун йилллаб улар орасида юрган.

Яқинда икки кун «Гематология ва қон қуйиш» илмий-тадқиқот марказида бўлдим. У ердаги  оғир хасталикка чалинган инсонларнинг, айниқса болаларнинг ҳолатини ҳис қилишим учун шу икки кун етарли бўлди. Масалан, мен у ерда тиббиёт бепул дегани билан бир марта бепул тиббий хизмат кўрсатилишини, битта ампула-дори нархи бир миллион сўмдан ортиқ эканлигини, уни уч киши бўлиб олишини ва бу йиллар давомида бемор тузалиб кетгунича ёки..... давом этадиган жараён эканлигини билиб олдим. Қаердандир излаб топилган ёки ўзлари излаб келган ҳомийлар болаларнинг умрини бир кунгина чўзиш учун дорига пул ташлаб кетаётган бир пайтда, ўша атрофда йиллаб боласини қаратиш учун қатнайдиган одамлардан баднафс ҳамюртларимиз ойига икки юз доллардан ижара ҳақи олаётганининг гувоҳи бўлдим. Буни мақола қилиб ёздим. Лекин бизнинг аудиториямиз телевидение ва кино олдида жуда тор. Бу бизнинг жамиятимиздаги ижтимоий муаммоларимиз. Энди бундай инсонларнинг, яқинларининг изтироб ва умидларига эътиборингизни қаратмоқчиман. Ўша ерда бир деталь мени жуда азобга солди. Кимёвий муолажадан кейин сочи олинган қизалоқ парик кийиб олган экан. Боласи худди шундай касал билан оғриган она қизчанинг кўнглини кўтариш учун «сочларинг бирам чиройли», деди, қизалоқнинг рангпар юзларига табассум югурди ва: «Албатта, чунки бу ўзимнинг сочларим-да», деди.

Бу воқеаларнинг кино саноатига нима алоқаси бор дейишингиз мумкин. Демоқчиманки, биз яшаётган олам аслида мана шу. Америка режиссёри Жош Буннинг Жон Грин асари асосида олинган «Юлдузлар айбдорми?» деган киносини албатта кўргансиз. Худди мана шундай саратонга чалинган ўсмир, ёшлар — Хэйзел ва Огастуснинг азобли ҳаёти, изтироблари ва яна орзу-умидлари ҳақидаги ҳикоя орқали инсон ва унинг ҳаёти қанчалар азиз эканлигини англаб етасиз.

«Юлдузлар айбдорми?» фильмидан кадр.

Яна бир Америка режиссёри Пол Хаггиснинг «Қочиш учун уч кун» фильмини олиб кўрайликда. Профессор Бреннаннинг хотини бошлиғини ўлдирганликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Профессор хотинини қутқартиш учун барча режаларни пухта ишлаб чиқади ва қутқаради ҳам. Кинони кўрган одам ҳақиқат тантана қилди, деб ўйлаши мумкин. Аммо унда  муҳаббат, оиланинг муқаддас экани тараннум қилинади. Нима учун бизда хотини ноҳақ қамалган эр уни қутқариш ҳақида ўйлаб йўл қидирмайди, осонгина воз кечади, бошқа оила қуриб кетади. Чунки хотиннинг қадрини кўрсатадиган, муҳаббатнинг кучини англатадиган ана шундай киноларимиз йўқ. Ана шундай инсон қалбига кириб борадиган миллий киноларни соғиндик.

«Қочиш учун уч кун» фильмидан кадр.

Американинг яна бир «Кўринмас томон» деган киноси бор. «Оскар» мукофотига эга бўлган бу фильм реал  воқеа асосида олинган. Эсладингизми, қора танли ўсмир болани бир оила боқиб олади. Сандра Баллок ижро этган бош қаҳрамон — аёл болага шунчалик меҳр берадики, ҳақиқий оиласини топган Майкл Орэ яхши спортчи бўлиб етишади.

«Кўринмас томон» фильмидан кадр.

Нимага, меҳрибонлик уйига ташлаб кетилган болалар ҳаёти ҳақида кино олиш мумкин эмас?  У ерда ҳал хил сабаблар билан бориб қолган болалар бор. Хизмат юзасидан шундай муассасага борганимда  болакайлардан бири менга: «Мана, бу менинг онам» деб сув парисининг суратини кўрсатган эди. Болакай тасаввурида онаси сув парисига айланиб қолган, у юролмайди, шунинг учун фарзандини кўришга келолмас экан... Болакай онасидан хафа бўлмади, балки оқлади. Бу мен сизга айтиб бераётган биргина деталь. Кинони мана шундай деталлар бойитади, инсон қалбининг қулфини очади. Агар одамлар орасида юрилса, бундай воқеалар ҳар қадамда учрайди. У ерда ҳам турфа тақдир эгалари бор. Уларнинг ота-оналарининг ҳам изтироблари, пушаймонлари бор. Сиз олган

кино ўзининг долзарблиги билан жамиятни оёққа турғазсин. Етишмовчилик ёки турли сабаблар туфайли камқон бўлиб қолаётган болаларнинг ҳаётига мазмун олиб кирсин. Боласини ташлаб кетмоқчи бўлган ота-оналар аҳдидан қайтсин. Хаста боласига қайси савобталаб бир кунлик дорисига бугун пул бераркан, дея эшикка термулиб ўтирган мусофирдан отнинг калласидек ижара пули олаётган кимса уялсин...

Шундай кино олингки, ўз номини ҳеч кимга айтгиси келмай орқаворатдан яхшилик қиладиган инсонлар сафи кўпайсин. Ана шунда сиз ўз мақсадингизга эришган бўласиз. Ўзингиз яшаётган олам ҳақида кино олинг, Мухлиса! Ўша кинонгиз қаҳрамонлари билан керак бўлса кунлаб, ойлаб яшанг, бирга нафас олинг, изтиробларига, қувончларига шерик бўлинг. Ана ўшанда «Scorpion» деган кинонинг улар ҳаёти олдида ҳеч нарсага арзимас эканлигини билиб оласиз. Кино соҳасига кириб келаётган ёш ижодкор сифатида Сиздан умидларимиз катта.

                                                         Ҳурмат билан Барно Султонова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг