Шокир Холиқовнинг «Месси» фильми икки мукофотга лойиқ кўрилди
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ўтказилган «48 Hour film race» фестивалида ёш режиссёр Шокир Холиқовнинг «Месси» қисқа метражли фильми бир вақтнинг ўзида икки мукофотга лойиқ кўрилди.
Фестиваль Марказий Осиё давлатлари ўртасида анъанавий тарзда ўтказилади. Жорий йил фестивалга 500дан ортиқ ариза қабул қилинган, 220дан ортиқ фильм топширилган.
Фестивалнинг бу йилги қоидаларига кўра, фильм танловга старт берилгандан сўнг 48 соат ичида суратга олинган бўлиши лозим. Асосий қаҳрамон югураётган одам бўлиши, кадрда «30» рақами акс этиши, сув предметидан фойдаланиш ва «Ҳа, осон» жумласи ишлатилиши лозим. Энг муҳими, қисқа метражли фильм 4 дақиқадан ошмаслиги керак.
Биринчи босқич учун саралаб олинган 48 та фильмнинг энг муносибларидан уч номинация бўйича ғолиблар аниқланди.
«Месси» қисқа метражли фильми «Энг яхши фильм» — Нью-Йорк киноакадемиясига ўқиш учун йўлланма ва «Энг яхши драма» дипломи, статуэтка билан тақдирланди.
«Месси» қисқа метражли фильми Афғонистондан бошқа давлатга қочаётган ака-ука ҳақида. Муртазо, яъни Месси бошқа давлатда тинч, осуда яшашни истайди. Охири мақсадига етади.
Ёш режиссёрнинг «Бизни тушунишмайди» ва «Чой» фильмлари ҳам бор. «Чой» қисқа метражли фильми кўплаб халқаро танловларда юксак ўринларни эгаллаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter