«Сенга ошиқман» сериали амалдаги қонунларга зид экани айтилди
«Миллий тикланиш» газетаси сайтида «Кўр-кўрона сериал фанатизми: у биз ва фарзандларимизни қай томон етакламоқда?» номли мақола эълон қилинди. Мақолада юртимиз телеканалларида намойиш этилаётган бир қатор сериаллар халқимиз маънавиятига салбий таъсир кўрсатаётгани танқид остига олинган.
Журналист Нигора Нишонбоева телеканалларнинг бирида намойиш этилаётган «Севги изтироби» сериали ҳақида «шоҳона ҳаёт ортида «оммавий маданият»нинг жирканч қиёфаси, тарбиясизликнинг юксак намунаси «мана мен», деб бўй кўрсатиб тургани сериалга муккасидан кетган томошабинни зиғирчаям қизиқтираётгани йўқ»лигини таъкидлаган. Муаллифнинг фикрича, эрлик аёлнинг собиқ севгилиси билан ишқ-муҳаббат кўйида юриши, оила аталмиш муқаддас қўрғонга хиёнат қилиш, «сендан угина, мендан бугина» қабилида иш тутишини ҳар қандай ҳолатда ҳам оқлаб бўлмайди. «Бир кун қарасанг, бир-биридан юз ўгирган, ҳаётнинг зарбаларига мардонавор туришликни келишиб олишган ошиқ-маъшуқлар эртасига яна аввалгидек «ўлдим-куйдим», «беш йил умрим ҳижронда ўтди, сенсиз яшолмайман, ўламан», дея дод-фарёд солиб, алалоқибат қайта топишиб олишга ҳам улгуради. Поччаси билан ишқий муносабатга киришган, ҳатто фарзанд орттириб, эри билан ҳеч нарса бўлмагандек яшаш, ота-онага нисбатан ҳурматсизлик, ака-укачилик, жигарчилик, қон-қариндошлик ришталарининг қадрсизланиши, очиқ кийиниш ва шунга ўхшаш кўплаб ахлоқсизлик ҳолатларини ҳеч қачон оқлаб бўлмайди. Меҳр-муҳаббат, ор-номус, ибо ва ҳаё каби муқаддас туйғу-тушунчаларни шунчалар арзон билиш, не кўйларга солиш ярамайди. Ахир дунё ва унинг мувозанатини сақлаб турган нарсалар шулар эмасми?», — деб ёзади журналист.
Нигора Нишонбоева, шунингдек, «Кинотеатр» телеканалида намойиш этилаётган «Сенга ошиқман» (Ишани) сериали амалдаги қонунчилигимизга зид эканини айтган.
«Эндигина Ишани балосидан қутулган эдик ҳамки, яна Ишани ва Ранвир ҳаётимизга (ҳа, ҳа, ҳаётимизга!) қайта кириб келди. «Ёшлар» телерадиоканали тасарруфидаги «Кинотеатр» телеканали масъул раҳбарлари учун халқ маънавиятининг аҳамияти йўқ, шекилли, ушбу сериал намойиши шу каналда қайта қўйилди. Уй бекаларининг бош мавзуси яна Ишанихоннинг оҳ-воҳларидан, ҳаёт тарзлари сериал икир-чикирларини муҳокама қилишдан иборат бўлиб қолди. Хўш, буни қандай тушуниш мумкин? Ахир сериал ғояси халқимиз менталитетига, миллий анъаналар ва оилавий қадриятларга зид бўлиб, унинг мазмуни ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсата бошлагани ҳақида қанча гапирилди-ку…
Мазкур сериал мазмуни Ўзбекистон Республикаси «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонуни 14-моддасининг 3-хатбошиси («қонунга хилоф равишда ижтимоий онгга ахборот воситасида руҳий таъсир кўрсатишга, уни чалғитишга йўл қўймаслик»), «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддаси, 5-хатбошиси («ёшлар орасида одоб-ахлоқни бузишга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатлар ман этилади») ҳамда «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонун 16-моддасининг 3-хатбошиси («…болаларга зарарли таъсир кўрсатувчи… фильмларни намойиш этиш тақиқланади») талабларига зид эмасми?»
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter