Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Раж Капур билан суратга тушишга андиша қилганман» ёки турк актёри бу сафар ҳам талатўпда

«Раж Капур билан суратга тушишга андиша қилганман» ёки турк актёри бу сафар ҳам талатўпда

Куни кеча  Тошкентда «Ипак йўли дурдонаси» XIV Тошкент халқаро кинофестивалининг тантанали   маросими бўлиб ўтди. 

Маросим аввалида кинофестиваль меҳмонлари Такеши Китано, Арманд Ассанте, Бурак Ўзчивит, Сергей Безруков, Нургул Яшилчай, Тимур Бекмамбетов, Таваккел Мусилим, Умеш Мехра каби кўплаб таниқли кино юлдузлар махсус «қизил йўлак»дан ўтишди. 

Тадбирда 500 га яқин киноижодкорлар, актёр ва актрисалар, режиссёр ва кинооператорлар, продюсер ва кинотанқидчилар, киношунос олимлар иштирок этди.

Очилиш маросимида таниқли эстрада юлдузлари иштирокида шоу-концерт ва театрлаштирилган чиқишлар тақдим этилди. Тадбирни ёритиш учун дунёнинг 40 давлатидан оммавий ахборот воситалари вакиллари ташриф буюрди. Демак бу фестивал бутун дунё эътиборида бўлди. Албатта бундай катта тадбирда ўзига хос истаймизми йўқми ютуқлари, ҳаяжонлари билан бирга камчиликлари бўлиши табиий ва томошабиннинг кўп бўлиши ҳам. Томошабиннинг асосий қисми эса мана шу ўзбек деган миллат. Биз мана шунда кенг миқёсли тадбирлар орқали ўз қадриятларимизни, маданиятимизни, урф-одатларимизни ҳам кўрсатамиз. Балки бизга эриш туюлган жиҳатлар бошқалар учун табиийдир, биз табиий деб ўйлаган, эътибор бермаган томонларимиз бошқаларга эриш туюлар...

Мен Раж Капурни кўрганман...

Гулчеҳра Умарова, журналист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими:

— Санъат соҳасида ишлаётганимга, бу соҳани ёритаётганимга, аралашиб юрганимга 40 йилдан ошди. Қанчадан-қанча машҳур одамларни кўрдим. Аммо бирортаси билан суратга тушиш хаёлимга келмаган. Тўғри, мухлислик бор гап. Аммо биз ўзбекмиз, ўз қадриятларимиз, ўз қарашларимиз бор. Айниқса аёл мухлисларнинг эркак кумири ортида югуриб юриши жуда уятли. Чунки бизда аёл эркакнинг ортидан югуриши керакмас, балки эркак аёлга илтифот кўрсатиши керак, эркак аёлнинг олдига борсин суратга тушайлик деб. Лекин ўша Туркиянинг машҳур актрисаси Нургул Яшилчайнинг ортидан эркакларимиз югургани йўқ, ёки аёллар Бурак Ўзчивитга қўпол бўлса ҳам айтай ёпишгандек ёпишгани йўқ. Ўтган йили ҳам худди шундай воқеа бўлганди. Қанчадан қанча аёлларнинг актёрни ўраб олиб суратга тушгани қораланганди. Ўша баҳслардан кейин фанатларимиз хулоса қилгандир, деб ўйлагандим, аммо афсус.

Мен Раж Капурни ҳам кўрганман, учрашганман, ўша пайтлари ҳам фотомухбирлар ёпирилиб суратга олишган, интервю олганман, лекин ёнма ён туриб суратга тушишга андишам йўл қўймаган. Ўша пайтлари нимагадир одамлар бунақа актёрларга ёпишиб кетмасди. Ҳар қандай вазиятдаям ўзлигимизни йўқотмаслигимиз керак деб ўйлайман. Ахир турклар билан маданиятимиз, динимиз, урф-одатларимиз бир хил. Уларнинг хаёлларидан ўтгандир: «бу ердаги аёлларнинг ака-укаси, турмуш ўртоғи йўқмикан», деган.

Отаси ва турмуш ўртоғидан ҳам уялишмади...

Моҳира Султонова, каштачилик мактаби «SUZANE SULTAN» МЧЖ  директори:

Кеча Тошкент фестивали доирасида ўтказилган турк киноижодкорлари билан бўлган воқеадан мен шуни англадимки, турк эркаклари ўта ҳамиятли ва ориятли эканлар! Ўз аёл миллатдошлари, гарчи у жуда машҳур актриса бўлсада, гарчи улар катта бир Халқаро анжуман саҳнасида турган бўлсаларда, аёл бўла туриб аёлликка, инсонликка ярашмаган кибр, тантиқлик учун кимсан Нургул Яшилчойга яхшигина сабоқ бера олишди! Ўзидан кетган миллатдошини намойишкорона жойига қўйиб қўйишди!

Мана шунинг учунам турк аёллари дунё бўйлаб мардикорчилик қилмас экан, турклардан дунё бўйлаб энг харидоргир фоҳишалар чиқмас экан. Турмуш ўртоғи, отаси, миллатдошлари ёнида туриб,уялмасдан Бураак,Бураак, деб саҳнага отилмас, бир эркак актёр билан расмга тушиш учун ёпишиб кетмас экан...

Мана шундай битта ақлли гап, битта кўз қири билан аёлларни йўлга соладиган, ҳам хонлиги, ҳам беклиги бўлган эркаклар кўпайиши керак бизнинг миллатда ҳам.

Актёрга раҳмим келди

Шохира Ҳамро, киношунос:

— Биринчи қатор, ўртада ўтиргандим, Бурак саҳнага чиққач, элчихонадагилару, 9 актёрнинг бўш ўриндиқларига фанатлар ёпирилди. Ёнимга келиб ўтирган аёл уни телефонига тасвирга оларкан, ўзига ўзи  «қучоқлаб ташласамда», «югуриб бориб, расмга тушсам, охранаси отвормасмикан» — деб алаҳсираётганини эшитиб, ким экан бу кучли фанат, деб қарасам, мен тенги бир хотин. Кўзлари бежо, менинг қараётганимни сезмадиям… унга анқайиб турсам, залдаги хотин халаж саҳнага, Бурак Ўзчивитга қараб югуриб кела бошлади. Биттаси бошқалардан олдинроқ унга етаман деб бир сакраганди, ўнг оёғимни устига тушди. Қочиб улгурмадим. Қарасам, Бурак оломоннинг орасида қолиб кетган, бирорта қўриқчи кўринмайди. Ўзимданам Буракка раҳмим келди, бирон нарса бўлса ташкилотчиларнинг боши балога қоладида. «Охрана», деб шу бақираман, ҳалигина бўш ўриндиқларни пойлаб юрганлар ерга кирдими, кўкка учдими, йўқ! Орқага қарасам ўзимизнинг  «иболи», «ҳаёли», «ийманиб турадиган» ўзбек қиз жувонлар актёрни таламон қилишаяпти, четдан қараганда бу жуда уятли ҳолат эди мен учун, буни ҳар сафар такрор-такрор гувоҳи бўлавериш эса унданда уятли. 

Мен суҳбатлашган ва айрим facebook саҳифаларида ҳамюртларимиз фикрларига ёзилган изоҳлар эса янада баҳсталаб.

Адиба Умирова: Одамлар кинофестивални томоша қилиб роҳатланиш ўрнига Бурак билан суратга тушган шинавандаларни кузатиб бутун кучи ва асабини шунга сарфлаётган вақтга ачинаман... Зўр жаҳон киноларини кўр, зўр драматурглар билан суҳбатлаш, актёрларнинг унутилмас роллари ҳақида сўра. Ўзбек киносини қандай кўтариш ҳақида ўйла. Оломон ҳамма жойда бор, оломон ҳаракатидан маъни тополмасанг хосларни кузат...

Шамшод Нур: Бу ахмоқликдан бошқа нарса эмас, очилиш маросимида бошқа актёрларнинг кўнглига келмасмикин ҳам демай фақат Буракнинг орқасидан югуришди. Танимасаям керак бошқа дунё юлдузларини, чунки турк сериалларидан бошқасини кўришмайди улар.

Акбар Умаров: Бизнинг миллатда худога шукр ориятли эркаклар кўп. Ва аёлларимиз орасидаям андишалилари бор. Гуруч курмаксиз бўлмайди. Артистга фанат бўмаслик учун ёшларни яхши ўқитиб, илм бериш, кимлигини ва нима учун инсон бўлиб туғилганини ўргатиб катта қилиш керак.

Хуршид Рахманов: Барчаси тарбияга боғлиқ, Абдулла Авлонийнинг «Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир» деган чуқур маъноли сўзлари нақадар ҳақиқат эканини яхши англаймиз. Бу билан бутун миллатни қоралашимиз нотўғри, тўғри камчилик қидирса барча миллатда топилади. Биринчи навбатда ўзини ҳурмат қиладиган, ўзининг  иззатини, обруйини биладиган инсонлар ҳам жуда кўплаб топилади бизни миллатда!

Барно Султонова тайёрлади

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг