Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қўқон «эстафета таёғи»ни Шамахи шаҳрига топширди

Қўқон «эстафета таёғи»ни Шамахи шаҳрига топширди

Шамахидаги 743 йилда қурилган ва яқинда реставрация қилинган жомеъ масжид.

Фото: ижтимоий тармоқ

Озарбайжоннинг Шамахи шаҳри 2023 йилда Туркий дунёнинг сайёҳлик пойтахти деб эълон қилинди. Бу ҳақдаги қарор Туркий давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлари туризм масалалари бўйича вазирларининг 7-йиғилишида қабул қилинди.

Қадимий Буюк ипак йўлида жойлашган Шамахи шаҳри асрлар давомида савдо-сотиқ, ҳунармандчилик ва маданият маркази бўлиб келган. Ўз даврида Ширвоншоҳлар давлати бош кенти бўлган шаҳарда кўплаб тарихий обидалар мавжуд. Пойтахт Бокудан 122 км ғарбда жойлашган Шамахи бугун ҳам тарихий қадр-қимматини йўқотмаган. 

Эслатиб ўтамиз, Туркий дунёнинг сайёҳлик пойтахти мақоми илк бор 2021 йилда Қўқон шаҳрига берилган эди. Эндиликда ушбу «эстафета таёғи» қардош Озарбайжонга топширилмоқда.

Шамахида ташкил қилинган Туркий давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар туризм масалалари бўйича вазирларининг 7-йиғилишида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов ҳам қатнашди.

Озарбайжон давлат ахборот агентлигига кўра, Ўзбекистон бош вазири ўринбосарини президент Илҳом Алиев қабул қилди.

Озарбайжон раҳбари И.Алиевга президент Ш.Мирзиёевнинг саломи етказилди. Фото: «Azertag.az»

А.Абдуҳакимов Озарбайжон етакчисига Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг саломини етказган. Ўз навбатида, президент И.Алиев ҳам Ўзбекистон раҳбарига самимий тилакларини етказишни сўраган.

Азиз Абдуҳакимов ушбу сафари давомида Озарбайжон маданият вазири Анар Каримов, Давлат туризм агентлиги раиси Фуад Нагиевлар билан ҳам учрашган. Музокараларда икки қардош мамлакат ўртасида маданият, туризм каби жабҳаларда алоқаларини янада ривожлантириш йўллари, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама этилган.

Умуман, туризм масалалари бўйича вазирларнинг 7-йиғилишида туркий давлатлар ўртасида сайёҳлик борасидаги алоқаларни жонлантириш, йирик шаҳарлараро тўғридан-тўғри қатновларни кўпайтиришга келишилган, бу борада йўл харитаси қабул қилинган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг