Қардош халқлар маданияти уйғунлиги тимсоли
Давлатимиз Раҳбари Ш. Мирзиёев бугун Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги саммитида иштирок этадилар ва нутқ сўзлайдилар.
Гап шундаки, Ўзбекистон деярли узоқ йиллар ушбу ташкилотни эътиборсиз қолдириб келаётган ва баъзан кенг минтақаларда умумий тарихий, диний, тил ва маданият уйғунлиги асосида ташкил топган мазкур тузилмага қўшилмай келарди.
Муҳтарам Президентимиз Янги Ўзбекистонни дунё ҳамжамиятига очиқлик ва конструктив ташқи сиёсат асосида намоён этар эканлар, минтақавий ва халқаро тузилмалар доирасида кўп томонлама ҳамкорликни ҳам фаоллаштиришга жиддий эътибор қаратиб келмоқдалар.
2019 йилдан бошлаб Ўзбекистоннинг тузилмага қўшилиши унинг мавқе ва мақомини кескин оширди, ташкилот сифатидаги халқаро майдондаги ўрнини юксалтирди. Айниқса, ташкилотнинг маданий-гуманитар соҳадаги аҳамияти қардош ва биродар халқларимиз учун тобора ўсиб бораяпти.
Хива – туркий дунё маданият пойтахти
Бирта муҳим жиҳат бор. «Туркий дунёнинг маданий пойтахти» мақомини бериш амалиёти Туркий маданият халқаро ташкилотининг (ТУРКСОЙ) Доимий Кенгаши қарори асосида амалга ошириб келинади.
Ушбу мақом ташкилотга аъзо давлатларнинг бой тарихга, қадимий моддий ва маънавий меросга эга шаҳарларига навбат билан бир йил давомида берилади.
Шаҳарларга Маданий пойтахт мақомини бериш амалиёти 2012 йилдан буён амалга ошириб келинмоқда.
ТУРКСОЙ Доимий Кенгаши қарори асосида ўтган йиллар давомида қуйидаги шаҳарларга «Туркий дунёнинг Маданий пойтахти» мақоми берилган:
2012 йил – Астана (Қозоғистон)
2013 йил – Эскишехир (Туркия)
2014 йил – Қозон (Россия)
2015 йил – Марв (Туркманистон)
2016 йил – Шеки (Озарбайжон)
2017 йил – Туркистон (Қозоғистон)
2018 йил – Кастамону (Туркия)
2019 йил – Ўш (Қирғиз Республикаси)
2020 йил – Хива (Ўзбекистон)
Аммо пандемия сабабли ТУРКСОЙ ташаббуси билан Хиванинг «Туркий дунё маданият пойтахти» нуфузли мақоми жорий йилда ҳам узайтирилди, Хива шаҳрида бир қатор халқаро маданий тадбирлар ўтказилди.
2022 йилда эса Шуша шаҳрини Туркий дунё маданият пойтахти деб эълон қилиш ташаббуси илгари сурилган ва ҳозирда якуний қарор қабул қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Алишер Навоий – туркий халқлар ифтихори
Ўзбекистон Президенти аввалги саммитларда Туркий Кенгаш доирасида буюк мутаффакир бобокалонимиз, ўзининг бетакрор асарлари билан кенг минтақалар минтақаларининг умумий маънавий хазинасига айланган бой мерос қолдирган «Алишер Навоий» номидаги халқаро мукофотни таъсис этиш тўғрисидаги ташаббусни илгари сурдилар ва бу борада юртимиз манфаатларини нуфузли тузилмаларда жиддий илгари суриб келмоқда.
Қолаверса, ушбу халқаро мукофотни таъсис этиш масаласи 2020 йилнинг 19-20 февраль кунлари Юртбошимизнинг Туркия Республикасига қилган ташрифи давомида турк томонидан ҳам маъқулланган.
2020 йил 4 мартда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасида икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Қарорида ҳам ўз аксини топган.
Мазкур мукофотни таъсис этиш масаласи Туркий Кенгаш Котибияти орқали ташкилотга аъзо барча давлатлар билан келишилгани ва улар томонидан тўлиқ маъқуллангани эътиборга молик. Котибият томонидан ташкилот доирасида «Алишер Навоий» номидаги халқаро мукофотни таъсис этиш ва уни келгусида ўз эгалари топшириш масаласи бўйича тегишли ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Халқаро экспертларнинг баҳоларига кўра, бугун бўлажак саммит доирасида бу масала ҳам кўриб чиқилиши кутилмоқда. Албатта, бу каби нуфузли мукофотнинг улуғ аждодимиз, туркий тилнинг ривожи ва беқиёс тараққиёти учун мислсиз улкан ҳисса қўшган мутафаккир номи билан аталиши бизга катта мамнуният бағишлайди.
Юлдуз Имомова
ЖИДУ «Сиёсатшунослик» кафедраси докторанти
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter